Мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий асослар ва имконият­лар фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишига кенг йўллар очди. Тадбиркор – жамият эҳтиёжларини тез илғаб ўз фаолиятини шу талабларни қондиришга йўналтирадиган шахс. Мустақиллик йилларида бу соҳада хотин-қизлар фаоллиги ҳам ошди.
Ўзим кўрган ва эшитганларимни мулоҳаза қиламан: тадбиркорлик ҳамманинг турмушини безайдиган фазилат. Айниқса, аёл тадбиркор ва уддабурон бўлса, бунинг хосияти кўп. Инсон оилада улғайиб, тарбия олади, ота-она унинг жисмоний, маънавий-руҳий жиҳатдан етук шахс бўлиб шакл­ланишига замин яратади. “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Ўрик ўрикни кўриб ранг олади”, дей­дилар. Момоларимиз, оналаримизнинг тадбиркорлик борасидаги ибратлари ҳам мактаб. Уни қизларимизга етказишда биз мисоли кўприк бўлишимиз керак.
Тадбиркорлик билан тежамкорлик ўзаро боғлиқ, бир-бирини тўлдиради. Тадбиркор аввало тежамкор бўлади.  Назаримда, болалар бу борадаги илк сабоқни ҳам оилада олиши керак.  Раҳматли онам кундалик ҳаётда тўғрам нонлар бўлса, дастурхонга бутун нон олиб келмасдилар. Ёшлигимизда ноннинг увол бўлганини кўрмаганмиз. Қотган нонлардан бир неча хил овқатлар тайёрлардик. Қайнонам ҳам режали аёл эдилар, ҳамма нарсадан эҳтиёткорлик билан, иложи борича кўпроқ фойдаланиш йўлларини топардилар. “Оила бошлиғи рўзғор учун ботмонлаб топиб келганда ҳам, аёл уни нинанинг тешигидан ўтказган каби ҳар томонлама режалаб харжлаши керак”, дердилар. Фарзанд­ларим туғилганда, ёстиқжилд­нинг ичидан эрим кичкиналик пайтида кийган кийимчаларни олиб берганлар. Дадаси кийган кўйлак-иштончаларда ўғилларим ҳам катта бўлишди. Ке­йинчалик буни мен ҳам одат қилдим. Қайнонамнинг сабрига қойил қолардим, биз ташлаб юборишни мўлжаллаб турган эски кийимларнинг бутун жойларини кесиб олиб, майда-чуйда лахтакларниям бир-бирига улаб ажойиб кўрпачалар тикиб берардилар. Кир ювадиган бўлсак, олдиндан огоҳлантирардилар: “Сувнинг керагини иситинглар, ортиқчаси исроф”. Ҳар бир иши ибратга лойиқ бўлган қайнонамни маҳаллада ҳамма ҳурмат қиларди.
Бир қўшнимиз попоп тикардилар, лекин бозордан ип сотиб олмасдилар. Ўзларининг хонадонида, атроф таниш-билишлари орасида кимдир тўқилган эски кийимини ташлаб юбормоқчи бўлса, ҳалиги нарсанинг ипини сўкиб олиб ишлатардилар. “Чумолининг белини боғлашга етадиган ипнинг ҳам ҳисоб-китоби бор”, деб, биз ёшларни тежамкорликка, тадбиркорликка ўргатардилар.
Ҳамма нарса тўкин-сочин бўлган ҳозирги кунда айрим ёшлар бу фикрларни қабул қилишлари, тушунишлари қийин кечади. Лекин келинлар, ёш оналар орасида эпли, “Бирим икки бўлсин”, дейдиган чаққонлари оз эмас. Уларнинг рўзғори, болаларининг юриш-туришини кўриб ҳавас қиласан. Бугунги кунда қишлоқдаги ҳар бир хонадоннинг ўзига етарли томорқаси бор, уни мевазор боққа айлантиришган. Баҳордан кеч кузгача меваю сабзавотлар мўл бўлади. Ростини айтсам, илгари дарахтнинг тагига кўрпадек тўкилган меваларни мол-қўйга ем қилиб берган пайтларимиз кўп бўлган. Ҳозир эса уй бекалари шу неъматларнинг соғлик учун кони фойда эканини яхши тушунишгани учун уларни қишга асраш усулларини билишади. Авваллари икки-уч маҳалланинг кийимини битта чевар тиккан бўлса, ҳозир кўпгина оиланинг чевари ўзидан чиққан.
Менимча, тадбиркорлик фақат бойлик орттириш, пул топиш манбаи эмас, балки оиланинг, жамиятнинг ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳам восита. Туманимиздаги қайси хонадонга кирманг, қишин-ёзин гулларни кўрасиз. Аёлларимиз, қизларимиз ҳовлида, шунингдек, тувакларда гул ўстиришга ҳам миришкор. Яна бир яхши ташаббус: одамлар ўз томорқаларида иссиқхоналар ташкил этишиб, лимондан тортиб помидору бод­рингларгача тўрт фаслда ҳам етиштирадиган бўлиб қолишди. Деярли ҳамма оиланинг соғин сигири бор, сут-қатиқ, қаймоғу творог тайёрлаб, ўз эҳтиёжидан ортиғини бозорга чиқариб сотганлар ҳам рўзғор хазинасини бойитади, ҳам эл-юрт тўкинчилигига ҳисса қўшади. Бу ишлар моддий манфаат келтирибгина қолмай, болаларнинг меҳнатсевар, ота-онасига ёрдамчи бўлиб ўсишида, деҳқончилигу боғдорчилик, чорвачилик ишларига кўзи пишиб боришида аҳамияти катта.
Бундай ҳаётий мисолларни яна келтириш мумкин-у... аммо айни масалада жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган ҳолатлар ҳам оз эмас. Оддий мисол: илгари тўй-маърака бўладиган хонадонда қўни-қўшни хотин-қизлар ҳашар қилиб дастурхонга қўйиладиган пишириқларни тайёр­лардик. Кам-кўстини аёллар уйидан тайёрлаб борган сомса, патир, қатлама каби таомлар тўлдирарди. Бундай пайтда ҳар ким ўзининг пазандалик маҳоратини кўрсатади. Уйда тайёрланган егуликлар сифатли, ишончли бўлади.  Кейинги пайтларда маросимларга бозордан пишириқлар сотиб олиб борадиганлар сафи кенгайиб боряпти. Бу ҳолат аёлларнинг ўта бандлигидан эмас, чунки эътибор қилсангиз, рўзғорнинг камини эплилиги билан тўлдиришга хоҳиш ва ҳаракати бўлмаганлар соатлаб экранга термилиб, турли сериалларни томоша қиладилар. Тайёргина нарсани йўл-йўлакай сотиб олиб маросимга борган аёлнинг қизлари ҳам шунга одатланишади. Яна ачинарли томони – бозорда сотиш учун тайёрланган егуликнинг сифати ҳар доим ҳам кўнгилдагидек бўлавермайди, уларнинг кўпчилиги чиқитга чиқади. Демак, ҳам соғликка, ҳам ҳамёнга зарар...
Халқимизда: “Эпли хотин бир кафт унни нон қилади, эпсиз хотин бир қоп унни чанг қилади”, деган мақол бор. Зеро, удли-шудли, тадбиркор аёл ўз оиласини фаровон қилиш билан бирга, эл-юрт ҳаёти тўкин-сочин бўлишига, жамият тараққиётига ҳам ҳисса қўшади.
 
Анорхон АБДУЛЛАЕВА,
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани