Марғилон шаҳрида бўлиб ўтган давра суҳбати иштирокчилари ҳамиша долзарб бўлган мавзу – тежамкорлик моҳияти, аҳамияти ва айни борадаги муаммою вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
 
Ҳилолахон Комилова, Фарғона вилоят бош отинойиси: Аллоҳ таоло бандаларга берилган ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби борлиги ҳақида огоҳлантиради. Икки дунё саодатини истасак, умримизнинг ҳар куни ғаниматлигини англаб, ўзимиз, жамият, оила ва фарзандларимизга наф келтиришга интилишимиз керак.
Аёлнинг тежамкорлиги оила моддий­ аҳволи­нинг яхшиланиши, мустаҳ­кам­ла­ниши­га сабаб бўлади. Чунки хонадон ички ҳаётини аввало хотин киши бошқаради. Эрнинг ишлаб топиб келганларини қадрлаб, бор нарсани ўрнида ва меъёрида ишлатиш рўзғорга барака киритади, эркак кўнглини кўтаради, оиласи, ўз ишига муҳаббатини оширади. Бор нарсани чиройли қилиб кўрсата билиш, саранжом-саришталик ҳам тежамкорлик билан боғлиқ. 
Бизга берилган энг бебаҳо неъмат – умримиз. Афсуски, кундалик турмушда ғанимат вақтни манфаатсиз ишларга сарфлаш ҳолатларига кўп дуч келамиз. Тўй-томошалар, ўтиришу гап-гаштаклар, охири кўринмайдиган сериаллар ва уларнинг муҳокамасида соатлар оқар сувдек ўтиб кетади. Бунинг натижасида аёл, она, жамият аъзоси сифатида бажаришимиз зарур бўлган вазифалар унутилмоқда. Назаримда, аёл учун оналикдан улуғроқ саодат, масъулият йўқ. Фарзандларга чиройли тарбия бериш – бурчимиз. Лекин афсуски, айрим аёллар кундан-кунга улғайиб бораётган, дунё ва ҳаёт ҳақида саволлари беҳисоб бўлган болалари билан гаплашишга ҳам вақт топмайдилар. Бизга берилган энг ширин неъмат тарбияси, камолоти учун етарли вақт ажратсак, ўзининг ва бизнинг икки дунёмизни обод қиладиган, жамиятни тараққиёт ва эзгуликка етаклайдиган инсонлар улғайишига ҳисса қўшган бўламиз. 
 
Мастурахон Султонова, Марғилон шаҳар “Маърифатли аёллар” кенгаши раиси муовини: Халқимизда олма тагига олма тушади, деган мақол бор. Хонадон эгалари тежамкор бўлишса, у ерда улғайган болаларда ҳам шу кўникма шаклланади. Қайнонам: “Янгини эски асрайди”, деб бизга ишлатилмайдигандай кўринган нарсаниям ювиб, тахлаб олиб қўярдилар. Вақти келиб ўша нарса асқотарди. “Овқатни фақат бир коса ортиқча қилинглар, кимдир келиб қолиши мумкин. Лекин бундан кўпи исроф бўлади”, дердилар.
Эл ичида тўй-маросимларда бўлганда, ҳар хил ҳолатни кузатамиз. Ота-онасини қурби етмайдиган кийим-кечак, буюмларни олиб беришга, данғиллама тўй ўтказишга мажбур этишади. Натижада айрим оилалар қарздор бўлиб қолишяпти. Бундай хонадонларда тўйдан ке­йин катталар қарзни узиш ташвишида бўлади, янги келинга яхши муо­мала қилишга кайфияти йўқ... Бунинг акси бўлган намунали тўйлар ҳам кам эмас. Яқинда маҳалламизда бир тўй олдидан қуда томонларнинг вакиллари йиғилишиб, маслаҳатлашиб олишди. Куёв томон келинга мебель қилмасликни тайинлади, рўзғор учун керакли буюмларни ўзи тайёрлаб қўйишини айтди. Тўй жуда чиройли, мазмунли, ихчам ўтди.
 
Зубайдахон Аҳмедова, “Янги боғ” маҳалла хотин-қизлар қўмитасининг жамоатчилик асосидаги раиси: Тежамкорлик ҳақидаги фикрларимизни кўпинча момоларимиз ва бувиларимиз ҳаёти билан боғлаб гапирамиз. Бугунги фаровонлик даврида ёшларга тежамкорликни замонга мослаб, унинг аҳамияти, туб илдизлари, фазилат ва оқибатларини тушунтиришимиз керак. Кундалик ҳаётни кузатсак, айрим исрофгарчиликлар оддий ҳолат бўлиб қолгандай. Айтайлик, кўпчилик хонадонларда сув тежалмайди. Шундай мамлакатлар борки, ичимлик сувини узоқ жойлардан  олиб келишади, аҳоли уни сотиб олиб ишлатади. Биз жаннатмонанд юртда яшаймиз, бунинг шукри ҳар бир неъматнинг қадрига  етиш билан бўлади.
Қизлар – бўлғуси оила бекалари, улар турмушга чиқишидан олдин тежамкорликка ўргансин. Чунки ёш келинларнинг айрим муаммолари ҳам айни масала билан боғлиқ бўлмоқда. Яқинда қиз узатган бир оила бизга: “Уч ойнинг ичида келишмовчилик чиқди. Қайнонаси қизимизнинг ишларини ёқтирмай, чиқиштирмаяпти”, деган маънода мурожаат қилди. Хонадонга кириб борганимизда, бизни саксон ёшдан ошган катта қайнона ҳам кутиб олди. Икки томон вакиллари билан гаплашганимизда маълум бўлдики, тушунмовчилик келиб чиқишига оддий супурги сабаб экан. Яъни, қайнона келинга ташқарини, кўча ва ҳовлиларни катта супургида, уйни эса  янги “ойим” супургида супуриш кераклигини айтганда, келинга малол келган. Уйига: ”Ҳамма ишимга аралашиш­япти, оддий супургиниям қизғанишяпти”, деб гап етказган. Ота-она ҳам сабабини яхши суриштирмай, қудаларини жуда зиқна одамлар экан, деб ўйлашган. Лекин асл ҳолатдан хабар топгач қизнинг отаси: “Бизни кечиринглар. Қизимиз ёшлик қилибди”, деб узр сўради. Хонадоннинг ободлиги кекса онахоннинг тежамкорлиги, тадбиркорлигидан эканини ҳаммамиз тушундик.
 
Олияхон Қосимова, Галатой МФЙ раисининг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси: Яқинда ёши улуғ онахон гапириб бердилар: “Шаҳримиздаги кўп қаватли уйлардан бирида яшайдиганлар ҳар хил чиқиндиларини уй олдига чиқариб қўйишаркан, мол-қўй боқадиганлар  нон ва пўчоқларни ажратиб олиб кетишаркан. Шу ҳақда эшитиб қолдим-у, ўша жойда уч кун ўтириб, чиқиндиларга аралаштириб ташланган нонларни ажратдим. Ярим қопдан ҳам кўп оппоқ, чиройли нонлар чиқди. Кейин ўша уйдаги келинларни йиғиб: “Мана шуларни майдалаб қирқиб, қотириб қўйсангиз, кунингизга асқотади. Уволнинг олдини олган бўласиз. Қотган нондан неча хил таом тайёрлаш мумкин. Шунча нонни исроф қилиш кўрнамаклик. Сизлар нонга зорликни, очликни билмайсизлар, билманг­лар, илоҳим”, деб дуо қилдим. Гапларимнинг таъсири бўлдимикин, деб шундан кейин ҳам кузатувни давом эттиряпман. Шукр, ўша жойда нон исрофи анча камайди”.
 
Замирахон Дадахонова, “Янги боғ” МФЙ раисининг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси: Кекса отахон, онахонлар маслаҳати эътиборда бўлган уйларда тежамкорликка катта аҳамият берилади. Бувиларимиз тўққиз-ўн ёшга етган қизлари қўлига нина-ип бериб кашта, дўппи, қийиқ, тўн тикишга ўргатишган. Бундан мақсад фақат пул топиш бўлмаган. Инсон ҳунар эгаллаб, унинг мевасидан баҳраманд бўлгани сайин вақтдан унумли фойдаланишга интилади, меҳнати эвазига келган нарсаларни қадрлайди, бошқаларнинг топганларига шерик бўлмасликка интилади – ғурури, орияти шаклланади. Шаҳримиз аёлу қизларига юртимизда ва чет элларда ҳам машҳур бўлган Марғилон дўпписини тикиш аввалдан анъана бўлиб келган. Бу шундай гўзал санъатки, рўзғорга қут-барака киритиш билан бирга, соҳибини ижодкорликка ўргатади, сабру тоқатини мустаҳкамлайди.
 
Олияхон Қосимова: Ҳозирги ёшларимиз чиройли рўзғор тутиши учун шароитлар жуда кўп. Кирини машина ювиб турибди, газ ёки электр печкада нон пишириш мумкин. Лекин бу имкониятлар яхшиликка хизмат қилсин. Айрим хонадонларда кўчадан тайёр овқатларни сотиб олиб келиб ейиш ҳам одат бўляпти. Ўзинг қозон қайнатсанг, барака киради. Ҳамма бир дастурхон атрофида тўпланади, қўшнига ҳам берилади. Шифокорлар соғликка зарарли эканини таъкидлаб турган кўча таомлари ҳам ёшларни кўр-кўрона ўзига жалб қилаётган  оммавий маданиятнинг бир кўринишига ўхшайди, назаримда.
 
Озодахон Тошматова, Марғилон шаҳар отинойиси: «Исроф қилманглар! Албатта, У (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди», деб огоҳлантиради. Бир билимдон она уйида қўлини ювиб “Бисмилло” деб пиширган овқат бошқа-ю, кўчада ҳар хил шароитда тайёрланган нарсалар бошқа. Кейинги пайтларда  тўй-маросимларга бозорда сотиладиган пишириқлардан дастурхон қилиб борадиган аёллар сафи ҳам кенгайиб боряпти. Кўчадан олинган егуликларнинг ҳаммаси ҳам сифатли бўлавермайди. Эътибор берсангиз, уларнинг кўпи ейилмасдан чиқитга чиқади.
 
Ҳилолахон Комилова: Барча соҳада, жумладан, исрофга барҳам бериш борасида ҳам отинойилар билан фаол аёллар ҳамкорликда олиб бораётган ишларининг натижаси йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Айтайлик, ҳозир никоҳ тўйларидан кейин бўладиган “меҳмончақирди”, “куёвчақирди” ўрнига икки оила аъзолари ихчам танишув дастурхонига йиғилиши урф бўлмоқда. Аза маросимларида  аёллар белини бойлаб, кўк кийим кийиб бир неча кунлаб саф тортиб туришларига барҳам бердик; марҳумнинг “пайшанба”, “йигирма”, “қирқ”и ўтказилмайдиган бўлди. Рамазон ойларида неъматларни тежаш  ва ўрнига ишлатиш мақсадида ифторлик қилишни режалаштирган оилалар билан маслаҳатлашдик, улар эҳсонини эҳтиёжманд оилаларга ёрдам сифатида бердилар. 18 миллион сўмлик хайрия маблағларига ногиронлар учун энг керакли нарсалар ҳадя қилинди. Марғилон шаҳрининг отинойилари бир неча етим йигит-қизларнинг никоҳ тўйларини ўтказишга бош бўлиш, ҳомийлик қилиш ташаббусини бошлаб бердилар. Мана шундай хайрли янгиликларни вилоятимизнинг барча ҳудудларига кенг ёйишга масъулмиз. 
 
Суҳбатни
Муҳтарама УЛУҒОВА 
ёзиб олди.