...Тун ярмида уйғониб кетдим. Очиқ айвон­да, шундоққина ерга жой тўшаб ётибмиз. Тепамдаги осмон уй томидан салгина баланддек гўё. Юлдузлар гилос гулларидек ғуж-ғуж, тўкилай деб турибди. Уларнинг ҳаммаси таниш, минг йиллик қадрдонларимдек. Бироқ оний ҳайратим бир зумда сўниб, сокин, дилбар тун аро даҳшат бостириб кела бошлайди. Кеча... “Йўқ, тўхта! Бу ҳақда ўйлама! Бунга ишонма! Аслида...”
Бош тарафимиздаги кекса дарахт шохидан битта беҳи “тап” этиб ерга тушди. Ҳозир августнинг охири, ҳали беҳи пишмаган, қурт еган бўлса керак. Тонг отса, онам уни авайлаб олади, тандир токчасига қўяди-да, “ошга солинглар, увол бўлмасин”, деб тайинлайди. Уни албатта онам олади, чунки эсимни таниганимдан бери ота ҳовлимда биринчи бўлиб тонгни волидам қаршилайди. Биз улғайдик, ҳаммамиз уйли-жойлимиз, қўш-қўш келинлар тушди – барибир онам биринчи туради. Кейин ҳаммани сизлаб, “болажоним”лаб уйғотади. Мен ҳар замон бир борганим учун эркалик қилиб, уйғонсам ҳам ётавераман. Гарчи қирқни қоралаяпман...
Онам боис бу масканда ҳеч нарса ўзгар­маган, шу остонани ҳатлаб ўтсак бас – ҳаммамиз болага айланамиз. Ҳа, ҳеч нарса ўзгармаган, ҳозир тонг отгандан кейин куннинг қандай ўтишини ёддан биламан. “Қизларингни уйғотмай тур, йўл юришган, пича дам олишсин”, “Вой, нега пойгакка ўтириб олдинг, ке, тўшакка ўт, болам”, “Ма, камзулимни кийиб ол, ҳаво салқин”, “Кўзларинг сал қизариптими, кўп ёзасан-да, а?..” Бунақа ғамхўрликларнинг адоғи йўқ. Йиллар онамга шафқат қилмади, бир-бир жигарларидан, сўнг дадамдан айрилди. Лекин дийдаси қотмади, аксинча, дарддан илма-тешик кўксидаги ҳар бир жароҳат булоқ кўзига айланиб, меҳр қайнаб чиқаверди. Биз, олтита фарзанд бир умр шу булоқдан қониб-қониб баҳраманд бўлдик. Ҳаргиз кўнгил ташналигини билмадик...
Ана, юлдузлар битта-битта сўна бошлади. Ҳозир онажоним уйғонади. Беозорлик билан аста бош кўтариб, ҳаммамизнинг юзимизга бир-бир боқиб чиқади. Таҳорат олиб, намоз ўқийди. Сўнг Яратгандан ҳар биримизга омонлик, тинчлигу бахти бекамлик сўрайди...
– Ҳой, туринглар, ҳали замон одамлар кела бошлайди.
Аммамнинг сўзлари шууримда мома­қалдироқдек акс-садо берди. Бояги даҳшат тасаввурим ойнасини чил-чил қилиб, тўғри юрагимга бостириб кирди. Аммам йиғи аралаш деди:
– Қандоқ оналаринг бор эди-я!
Етмиш икки томиримга ваҳм сизди. Ҳа, ростдан ҳам... кеча... онамни бериб қўйдик!!!
– Тур, Гулчер, тонг отяпти.
Бу – опам. Унинг шикаста юзига қарай­ман. “Наҳотки онамсиз ҳам тонглар отаверса?” дегим келади. Лекин сўзлар бўғзимда қолиб, қароқдаги жолалар шошилади...
Тонг ёришди. Қуёш ҳар кунгидек зиё таратди. Кеча йиғи-сиғидан зир титраган ҳовлимиз бирмунча сокин тортиб, одатдаги ҳаёт манзаралари тиклана бошлади. Одам кўп, ҳамма нима биландир овора. Ариқ лабига тиралиб қолган беҳини ҳеч ким олмабди...
– Ая, бошингиз оғримаяптими?
– Йўқ, – дейман ёнимга пилдираб келган қизимнинг сочини силаб.
– Кўп сиқилманг, касал бўп қоласиз.
– Она қизим, – дейман кечаги мудҳиш кундан сўнг биринчи бор хиёл жилмайиб. Ва осма кўприкда бораётган одамдек ана шу икки сўзга маҳкам ёпишиб оламан.
Ҳа, ҳаёт давом этади. Эртага ҳам тонг отади...
 
Гулчеҳра АСРОНОВА,
Фарғона шаҳри