“Пиёда юришни, боғларда сайр қилишни, одамлар билан ширин суҳбат қуришни жуда-жуда соғиндим...” – тўқсон ёшни қоралаб қолган тошкентлик пиру бадавлат онахон Зубайдахон ая Мухторованинг кундалик дафтаридаги бу самимий сатрлар менга чорловдек туюлди. Суҳбатларини, дуоларини олгим келди.  Хонадонларига кириб боргунча “Безовта қилиб қўймасмиканман?” деган андишада эдим. 
Озода, шинам хонада онахон нурли юзларида табассум билан кутиб олганларида, қалбимга хотиржамлик тўлди. Лекин бафуржа гаплашолмадик. Сабаби, гарчи онахоннинг бир ўғиллари оиласи билан шу ҳовлида, қолган бештаси уй-жой қилиб чиқиб кетишган бўлса-да, дарвозадан кириб келаётганларнинг кети узилмасди. Уларнинг ҳаммаси фарзандлар, келинлар, невараю эваралар экан. Аввало онахоннинг олдиларига салом билан кириб, ҳол-аҳвол сўрашиб дуоларини олишади, қандайдир яхши хабар айтиб, ҳазил-мутойиба билан кўнгилларини кўтариб чиқиб кетишади. Бағрибутунлик, хотиржамлик, бир-бирларига ишончу оқибатнинг амалини ҳавас билан кузатиб ўтирибман-у, йўл-йўлакай ўйлаб келган саволларимга жавоб олиш мавриди келишини кутаман. Буни сезган катта келин Насибахон: “Мен сизга ойимнинг шеърий машқларини олиб борган эдим. Агар хоҳласангиз, ҳаёт йўллари ёзилган хотиралари ҳам бор” деб, қалин дафтарни менга берди. 
Зубайдахон Мухторованинг синовларга тўла умр дафтаридан лавҳаларни ўқийман... 
“Илк болалик хотираларим 1930 йилларнинг қаҳатчилиги билан боғлиқ. Отамни чойхонада газета ўқиб бериб, совет тузумига қарши тарғибот қилди, деган туҳмат билан қамаб, сургун қилиб юборишганди. Бир куни онам билан тоғам уйимиздаги намат – охирги бисотимизни бозорга олиб кетишди. Уни сотиб, энди пулини санаб турганларида, киссавур қўлларидан юлиб олиб қочиб кетибди. Онам­нинг ўша пайтдаги ҳолатларини тас­вирлаб беролмайман...    
1941–45 йилларда кўрган азоб-уқубат, хорлик-хўрлик, қимматчилик, очарчиликларни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Маҳалламиздан фронтга кетган йигитларнинг бирортаси қайтмади. Етим  болалар, тул қолган аёллар, бағри ярим оналар... Ҳаёт чархпалаги айлана­вераркан.  Ўшанда 14-15 ёшларда эдим. Бўёқчиликни ўрганиб олдим. Уйда кечалари ҳаммамиз ипак ўраш, чивитлаш ва бўяш билан шуғулланардик. Ҳайит байрами келиб қолди. Отам менга кўйлак олиб бермоқ­чи бўлдилар. У пайтда бозор Чуқурсойда эди. Қиш, ерлар музлама, отамнинг оёғидаги калиш эски бўлгани учун ҳар қадам­да сирғанарди. Йўл-йўлакай савдо бўляпти, бир пайт калиш сотаётган кишини кўриб қолдик. Отам калишни кийиб кўрдилар. Лекин нархига келиша олмай, қайтариб бердилар. Билиб турибман, менга кўйлак олиш учун пулни асраяптилар. Дадам эски калишларини ки­йиб сирғаниб борарканлар: “Жон дадажон, менга кўйлак керакмас, сиз шу калишни олинг”, деб йиғлаб туриб олдим. Дадам: “Йўқ, опанг билан сенга ҳайитга янги кўйлак олиб бераман, деганман”, деб сўзларидан қайтмадилар. Мен бозоргаям кирмай орқамга қайтиб кетдим. Отам умрларининг охиригача: “Менинг қизим шундай меҳрибон”, деб ўша воқеани эслаб ўтдилар. 
 
Арпа экиб буғдой кутма,
Экканингни ўрасан.
Бу дунёда яхшилик қил,
Ажрин албат кўрасан,
Кўкка эмас, ерга боққин,
Шунга ҳам шукр қилдик. 
 
 ...1953 йили, тўртинчи фарзандим туғилиши арафасида мактабгача тарбия билим юртида сиртқи бўлим очилганини эшитиб, ўқишга кирдим.  1954 йилдан бошлаб қирқ йил боғчада ишладим. Дастлаб икки гуруҳдан иборат 29-боғчада иш бошлаган бўлсам, кейин яна иккита боғчанинг ташкил этилишига бош бўлдим.
Мен ишлаган боғчаларнинг эшиги амалиёт ўташ учун келадиган талабаларга ҳамиша очиқ эди. Чунки ишлаб турган тарбиячилар билан талабалар бир-биридан билим ва тажриба ўрганишарди. Шундан бўлса керак, боғчамиз туман ва шаҳардаги энг намунали мактаб­гача тарбия ўчоқларидан бири саналарди. Болаларни мактабга тайёр­лаш бўйича тажрибаларимиз республикага ёйилган. 
Болалар – беғубор, алдамайди, зеҳни ўткир. Уларнинг шу хусусиятларини камол топтириб, ёшлигидан тўғри гапиришга, ижодкорликка, ҳалол ишлашга ўргатиш керак. Шундай ота-оналар борки, боласи билан боғлиқ ҳамма нарсага қизиқади. Аммо фарзандидан: “Бугун нимани ўргандинг? Нима ёдингда қолди?” деб сўрайдиганлар нисбатан кам бўлади. Шундай ота-она­лар бош­қа ўғил-қизларнинг ютуғини кўрганда, ўз боласидан нолийди, тергайди, уришади. Ўзларининг эътиборсизлиги, бола тарбиясида тўғри йўл тутмагани шундай мева берганини тан олгилари келмайди. Боланинг камчилиги, хатосини дарров юзига айтмасдан, кейин мавриди келганда, оғир ботмайдиган, тушунадиган қилиб гапириш, тўғри йўлни ўргатиш керак. 
Одамларни миллатидан қатъи назар, юраклари соф, ниятлари холис, меҳнатсевар бўлганликлари учун қадрладим. Боғчада ўзбеклар, руслар, тожиклар, татарлар, уйғурлар, қозоқлар, греклар... дан иборат жамоага раҳбарлик қилдим. Одамнинг ёмони йўқ, фақат  уларнинг табиатини тушунишга ҳаракат қилиш керак, холос. Мен уларни кимлигини ажратмасдан ҳурмат қилдим, ҳурмат топдим. 1993 йили мени ҳурмат-эъзоз билан пенсияга узатишди.
 
Зубайдахон, қадрдонлар қадрин бил,
Ҳаётимиз омонатдир –  буни бил,
Қадрдонлар, омон бўлинг, бор бўлинг.     
 
Сабр таги олтин, деганлари шу бўлса керак. Худога шукр, болаларим, келинларим, набираю эвараларимдан, қуда­ларимдан мингдан-минг розиман, ҳурматимни жойига қўйишади. Жону жигарларим гапимни икки қилишмайди, пиру бадавлатман. Болаларимнинг оиласи тинчлиги, аҳиллиги – энг катта бойлигим.
...1994 йили умра сафарига бориш насиб этди. Тошкент–Жидда йўналишидаги самолётда беш соат учдик,  барчамиз ҳаяжондамиз. Самолётда эмас, шукроналар қанотида учиб бораётгандекман. Ота-онам етмаган, улар тасаввур ҳам қилолмаган кунлар насиб этганидан, юртимиз мус­тақил бўлиб, аждодлар орзулаган замонда бағри бутунлик билан яшаётганимдан кўзларимга қувонч ёшлари тўлади. Дуолар қилиб, яхши ниятлар ижобатини Аллоҳдан сўраб боряпмиз. Йўлбош­чимиз “Лаббайка”ни бошлади, ҳаммамиз қўшилдик, ўша дамларда қалбимизга тўлган роҳат, шукронани сўз билан ифодалаб беролмайман...” 
Умрлари узун бўлсин. Кексалик фазилати, фароғати, саодатини тоат-ибодатдан топиб, меҳру муҳаббат, ширинсўзлик-ла катта сулолага бош бўлиб ўтирган Зубайдахон ая Мухторова билан яқиндан танишгач, юртимизда 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб аталиши моҳиятини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Кексаларнинг борлиги бахтимиз, уларнинг замонлар синовларидан ёруғ юз билан чиққан тақдирлари – ибрат. Боболару момолар, ота-оналарни эъзозлаш билан ўз қадримизни юксалтирамиз, авлодларнинг бир-бирига эъзоз­ли бўлишига замин яратамиз. Ўтаётган қадрдон 2015 йил бу бабаҳо қадриятнинг умрига умрлар қўшди, иншоаллоҳ. 
                                                                                                     
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида 
хизмат кўрсатган маданият ходими