Аллоҳ таолонинг инсонга берган неъматлари беҳисоб ва беқиёсдир. Бироқ улар ичида энг улуғи, шубҳасиз, оналик бахтидир. Одам боласининг табиати жуда ғалати. Мол-мулк, тўкинлик,  иззат-ҳурмат, ёру дўст... Вақт ўтиши билан буларнинг баридан тўяди, безий бошлайди. Аммо ҳеч қачон она фарзанднинг, фарзанд эса онасининг меҳрига тўймайди. Бу энг арзон, энг кўп учрайдиган, бироқ ҳеч қандай муқобили бўлмаган бебаҳо неъматдир. 
Дунёда турли инсонлар бор. Айримларининг кўзга илгудек сарвати йўқ. Бироқ фарзандлари сабаб бағрилари бутун. Ёҳуд аксинча, беҳисоб бойликка, мол-мулкка эгалар... фарзандсизлик туфайли  топганлари татимайди. 
Шулар ҳақида мулоҳаза қилар эканман, беихтиёр шууримда Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг ҳолатлари гавдаланди…
Ойша бинти Абу Бакр (розияллоҳу анҳо)! Улар бутун дунё аёлларига берилмаган бир қанча фазилат ва мақомга эга бўлганлар. Икки дунё Сарвари билан йиллар давомида гўзал ҳаёт кечирганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг, ота-она, қариндошларининг эъзози, дугоналарининг ҳавас билан муносабатда бўлишига қарамай, қалблари тўрида асраган армони бор эди. Бутун уммат “онам”, деб ҳурматлаши, “мўминларнинг онаси”, дея таърифланишларига қарамай, “фалончининг онаси”, деган гапни эшитишни орзу қилдилар. 
Уларнинг фарзандсизликлари Аллоҳ таолонинг илоҳий бир ҳикмати эди. Аллоҳ айнан Ойша (розияллоҳу анҳо) тимсолида оналик бахти насиб этмаган барча муслималарга қандай яшаш дарсини берган бўлса, не ажаб?!
Ойша (розияллоҳу анҳо) тақдири илоҳийга бўйинсунган ҳолда, оналик лаззатини ҳис қилиш орзусида яшадилар. 
Охири, кун келиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мендан бошқа ҳамма аёлларингизнинг куняси бор”, дедилар. Шунда завжаи мутоҳҳараларининг ҳолатини теран англаган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен ўғлинг Абдуллоҳ исми билан кунялан”, деб рухсат бердилар (Имом Аҳмад ривояти).
Шу билан Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг қалб истаклари бироз бўлса-да қаноатланди: Ойша (розияллоҳу анҳо) то умрининг охиригача “Умму Абдуллоҳ” деб чақирилди…
Англашиладики, она бўлмоқ – бахт. Бахт бўлганда ҳам улкан, мислсиз. Унинг қувончлари, фарзанднинг кўзидаги меҳр сабаб аёл зоти қайта-қайта ҳомиладорлик заҳматларини уддасига олади. Икки йўлнинг ўртасида туриб ўз жонини ўйламай боласини дунёга келтиради. Алал оқибат, бу фидойилиги эвазига чексиз ажру мукофотга эришади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Ҳомиладор, туғадиган, эмизувчи, болаларига меҳрибон аёллар агар эрларига ёмон (муносабатда) бўлмасалар ва намозни адо қилсалар, албатта, жаннатга кирадилар» (Имом Ҳоким, Имом Табароний ривояти).
Аллоҳ барча аёлларга мана шу бахтни насиб этсин! 
 
Зебуннисо НАЖМИДДИНОВА, 
Тошкент ислом институти талабаси