Хизмат юзасидан маҳаллаларда бўлганимда, жиддий аҳамиятга эга бўлмаган икир-чикирларнинг кетидан қувиш, енгил-елпи қарашлар оқибатида баъзи ёш оилаларнинг бузилиш ҳолатлари юзага келаётганлигини кузатаман. Кейинги пайт­ларда келин ва қайин сингиллар ўрта­си­даги келишмовчиликлар ҳам оилавий низоларга айланиб кетмоқда. Шунинг­дек, хонадонларига келин келиши билан ёш қайноналарнинг бутун рўзғор юмушларини келини зиммасига юклаб қўйиб, қайноналик мақомини баланд қўйишлари натижасида ачинарли ҳолатлар рўй бермоқда.
 
Ана шундай воқеаларни кўриб, ўзимнинг келинлик пайтим эсимга тушади. Мен келин бўлган хонадонда турмуш ўртоғимнинг тўрт нафар опа-синглиси ва битта укаси билан аҳил-иноқ яшадик. Вақти билан уларнинг уйли-жойли бўлишида қайнона ва қайнотамга кўмаклашдик. Қайнонамнинг самимий муносабати, меҳрибонлиги туфайли бир ғайратимга ўн ғайрат қўшилиб, елиб-югуриб давлат ишларини ҳам, рўзғор юмушларини ҳам уддалашга ўргандим. Қайнонам, қайин сингил ва эгачиларим барчамиз оилада баравар меҳнат қилардик. Бу ишни келин қилсин, бу келиннинг вазифаси, деган сўзлар бўлмасди. Қайнонамнинг оқилалигига ҳануз тан бераман. Қўни-қўшнилар билан келинлар ҳақида гап борса, доим мени бошқаларга намуна қилиб кўрсатиб, менда бўлган фазилатларга қўшиб-чатиб мақтар экан. Буни қўшнилардан эшитиб қолсам, хурсанд бўлиб, рўзғор юмушларини янада яхшироқ бажаришга, яна ҳам хушфеълроқ бўлишга интилардим.
Биз келинлик пайтимизда уяли телефон қаёқда эди. Бугун у ҳар бир келинчакнинг қўлида десам, хато бўлмайди. Шу боис ҳам ёш келинларимиз билмаганларини қайноналаридан сўраб ўрганиш, дакки ёки танбеҳ эшитганлари сабабини ўйлаб кўриш ўрнига, дарров ўз оналари билан телефонлашишади. Гап етказишлар, оиладаги вақтинчалик етишмовчиликлару келишмовчиликлар ҳақида ҳар бир оиланинг ўзигагина тегишли бўлган сир-асрорлар қудаларга ҳам етиб бориб, оиланинг обрўсига путур етади. Муносабатларга совуқчилик оралайди.
Баъзи қайноналар: “Келин қиз бўлармиди”, деган фикрда топганларини турмушга узатган қизларига илинишади. Оналар қизларига ҳали уни, ҳали буни ташийверишлари туфайли баъзи қайноналарнинг келинига “Онанг бешик тўйида музлаткич олиб келмаган”, “Суннат тўйида той тузаб, мебел совға қилмади”, деган тамалари сабабли оилалар бузилиб, болалар етим қолаётганини очиқ тан олишимиз керак. 
Қизини боқиб, узатиб тинчидим деганда, энди икки ҳисса чиқимга тушиб турган ота-онанинг қолган фарзандлари-чи?! Ота-онасининг заҳмат чекиб топаётгани қолган жигарларининг ўқиши, саломатлиги учун эмас, балки биргина ўзининг ҳою ҳаваслари учун сарфланаётганини билиб турган қизлар янада кўпроқ талаб қилишаётганига гувоҳмиз. Улар ота-онаси келтирган нарсалар орқали оилада обрў топаман деб ўйлайдилар, чинакам обрўга меҳнатсеварлик, чиройли хулқ билан эришиш мумкинлигини тушунмайдилар. Бунинг учун қизлар турмушга чиқмаслариданоқ оилавий ҳаётга нафақат жисмонан, балки маънан тайёр бўлишлари керак. 
Туганмас орзу-ҳаваслари йўлидаги талаблари, келинга нисбатан ҳаддан зиёд фармонбардорликлари туфайли айрим қайноналар келинлари олдида она деган мақомга эга бўла олмаяптилар. 
Келин бўлиб тушган хонадонининг "об-ҳавоси"га кўникишни истамайдиган, борига шукр қилиб, йўғига сабр қилиб: "Бу энди менинг чинакам оилам" деган қарорга кела олмайдиган келинлар эса: "Келин қиз бўлмайди" деган тушунчанинг сабабкорлари бўлиб қолаверадилар. 
 
Саодат ХЎЖАҚУЛОВА,
Сирдарё вилояти Гулистон тумани