Кейинги пайтларда турмушга узатилаётган қизларимизнинг никоҳ куни оқ либос кийиши деярли урфга кириб бўлди. Лекин катта ёшлилар: “Қизларимиз миллий матолардан тўй либослари тиктирсалар, қандай яхши бўларди!” деган орзусифат гапларни ҳам кўп айтишади. Беихтиёр савол туғилади: келинлар – ўзимизнинг қизларимиз, набираларимиз, уларни миллий атлас, адрас, шоҳилардан келин либослари тиктириб, никоҳ кечаларида асл ўзбекона кийимларда бўлишлари кимларга, нималарга боғлиқ?
 
Менимча, бу, аввало, қизнинг оиладаги урф-одатлар, олган тарбиясига, айниқса, онаси ва бўлажак куёвга боғлиқ. Агар қизлар ёшлигидан ўзбекона либосларнинг миллий анъаналар ҳамда табиий иқлим шароити билан боғлиқ равишда ўзига хос ва мослигини англаб, уларни фахрланиб кийсалар, тўй куни ҳам бу одатларини тарк этмайдилар. Тўй оқшоми учун келинга муносиб либос танлашда куёвнинг ҳам фикри, ўрни бўлиши керак, деб ўйлайман. Ахир тўй олдидан бўлажак келин билан куёв ўзлари нимани ёқтириш-ёқтирмасликлари ҳақида фикрлашадилар-ку. Шунда йигит келиннинг очиқ-сочиқ ки­йиниши яхши эмаслигини айтиши мумкин. Ақлли қизлар кўр-кўрона орзу-ҳаваслардан бўлажак умр йўлдошининг асосли истак-талабини устун қўядилар. 
Бироқ... “Момоларимиз кийган либослар қандай кўркам, чиройли бўлган”, десангиз, ҳатто айрим катта ёшли аёллар ҳам қош чимиришади. Ҳолбуки, миллий матолардан уста чеварлар қадимий бичимлар асосида тикаётган кийимларга дунё аёлларининг ҳаваси келаётганини телеэкранларда кўриб турибмиз.  Келин кийимлари ҳақида гап кетганда, бир аёл шундай гапириб берди: 
– Бундан қирқ йиллар олдин турмушга чиққанман. Тўйга ўша пайтдаги урфга кўра елкаси кенг ўйилиб, тиззамга етиб-етмайдиган оқ кўйлак кийгандим. Тўйдан расмлар эсдалик бўлиб қолган. Невараларим уларни ҳар сафар кўрганда: “Бувижон, ўша пайтда келинлар шунақа кўйлак кийганми?”, деб мени хижолатга қўйишади. 
“Ҳаё имондандир”, дейдилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳи алайҳи ва саллам) ҳадисларидан бирида. Кийимлардаги ибосизлик аста-секин қалбларнинг андиша пардаларини ҳам кўтариб ташлайди. Бу ҳолат ёмон оқибатларга олиб келади.  Яна бир гап: тўйга ҳар хил одам келади, суқ, назар дегани бор нарсалар, гулдек келин-куёвни, айниқса, ҳамманинг эътиборида бўладиган келинни ана шулардан сақлаш учун ҳам кийимларига эътибор бериш керак. 
Қизлар орасида телевизорда, интернетда кўрган ҳар хил хорижий модаларга кўр-кўрона эргашиш кучли. Афсуски, айримлар ғарбдан кириб келаётган либосларга, соч турмакларига тақлидни маданиятлилик деб тушунадилар. Кейинги пайтларда тўй оқшомида ҳамманинг ўртасида келин-куёвнинг, ҳаттоки уларнинг олдида қайнона-қайноталар ҳам вальсга тушишни ўзини жуда замонавий ҳисоб­лаган айрим кишилар урф­га киритмоқчи бўлишяпти.  
Давраларда юқоридаги мулоҳазаларни айтсангиз, “Ҳа энди, тўй ёшларнинг ҳаётида бир марта бўлади. Шунинг учун келин-куёвнинг кўнглига қараш керак”, дейдиганлар кўп. Афсуски, масала хотимаси улар ўйлагандек бир кунлик тўй билан тугаб кетмайди. Келинлар очиқ-сочиқ, тор-танқис либосларида янги хонадонга – кексалару ёшларнинг олдига кириб борадилар. Бу ҳолатни андишали, ор-номусли қария­ларга нисбатан ҳурматсизлик деса бўлади. Момоларимиз айтишларича, китобларда ўқиганларимизга кўра, илгари келинлар ҳатто қайнотасининг олдида овқатланишга, гапиришга ҳам уялган. Келин-куёв катталарнинг олдида бир-бирига ҳазил-ҳузул ёки меҳрибончилик қилишмаган – бундан тортинишган. 
Тўйдан кейин кийиладиган кўйлаклар ҳам узунроқ, тўкис­роқ тикилгани маъқул. Чунки ҳамма келин ҳовли супуради, таъзим билан чой узатади. Баъзан шундай вазиятлар бўладики, кўпчилик кириб-чиқаётган ҳовлини эгилиб супураётган ёки дастурхон атрофидагиларга таъзим билан чой узатаётган келин ўзининг очиқ-сочиқ кийимига бепарво, аммо унинг ҳолатидан ёши катталар хижолатга тушади. Ёшлар ўзи табиатан чиройли, ранглари тиниқ. Аммо  ясама қошлар, ясама киприклар улаш, юзни ҳаддан ортиқ турли бўёқлар билан бўяб пардоз қилиш, қош­ларни ўзгартириш, яъни Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартиришга уриниш хайрли эмас. 
Биз, оналар, қизларимиз ва набираларимизга ҳар бир хатти-ҳаракатнинг маънавий, ахлоқий жиҳатларга қай даражада тўғри келиши билан бирга, унинг жисмоний ҳолатга таъсирини айтишни ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳозирги кунда шифокорлар балоғат ёшидаги қизлар орасида оилавий ҳаётга жисмонан тайёр эмаслик, айниқса, тос суяклари, оналикни таъминлайдиган аъзолари етарли ривожланмаслик ҳолатлари кўп учраётганини ташвиш билан гапиришмоқда. Бунинг асосий сабаби қизларнинг тору танқис шим кийишлари экан. 
Яна бир нарсани эътироф қилгим келади: ҳозирги қайноналарнинг аксарияти келинни тушунишга, эҳтиётлашга ҳаракат қилишади, оиласининг мустаҳкам бўлишига ёрдам беришади. Аммо либосдан бошланган андишасизлик баъзи келинларнинг муомала-муносабатлари, ўзини тутишига ҳам соя ташлаяпти. Азалдан келинчаклар эрта тонгда уйқудан турганлар, катталарнинг олдида ухлаб қолиш жуда уят саналган. Ҳомиладорлик пайтларида жуда зарур бўлмаса, кўча-кўйда юришмаган. Энди қайнона-келину эр-хотин келишмовчиликларини муҳокама қиладиган бўлсак, баъзан ёшгина келиннинг эрига, қайнона-қайнотасига бор овозда, ўйлаб-ўйламай гапириши, уларнинг олдидан тарс-турс қадамлар билан ўтишини кўрсангиз... Бу – тўқликка шўхлик, ширин ҳаётнинг қадрига етмаслик, ҳаёсизлик эканини улар тушунмайдилар ҳам. Шунинг учун ҳам оилада, маҳаллада, мактабларда тарбиянинг бу жиҳатига жиддий эътибор кўрсатиш учун тадбирлар белгилаб, амалга оширяпмиз. 
 
Дилбар РАҲМАТОВА,
Қашқадарё  вилояти
Китоб тумани