“Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир” (Маориж, 19). Умримдан ўтган ҳар бир кунда ушбу ояти кариманинг тасдиғини кўраман. Чунки ўзимни қанчалик мажбурламай, бетоқатлик қилавераман, шошилавераман. Айниқса, йўлларда...
Тонгда ишга отланарканман, олдинга югураётган соат милларига боқиб, ҳайдовчи тезликни бир оз оширсайди, дейман. Гоҳида истагимни ҳайдовчига ошкор этаман, гоҳида эса йўқ. Ишдан уйга қайтишда яна шу аҳвол. Боғчага, болаларимни олишга кечикиб қолмай, деб югураман. Хуллас, масофаларни доимо тоқатсиз босиб ўтаман.
Ортимга боқиб, бутун умрим бетоқатликда ўтганини кўрдим. Яна қанча вақт шу зайлда яшайман, билмадим. Бир воқеа бўлди-ю, хатоларимни англадим...
Болалар ва уй юмушлари билан бўлиб яна ишга кеч қолгандек эдим. Шошиб йўлга чиқдим. Ҳадеганда машина тўхтатолмай, тоқатсизлана бошладим. Шу дам кўнглимга хотиржамлик индирувчи ҳикмат инди: “Тақдир қилинган соатдагина буюрилган жойда бўла оламан!”
Сокинлашдим. Шунда... қуруқликда қолган балиқ сувга тушганда қанчалар роҳатланса, шу ҳолга тушдим. Тўрт томонга чопқиллашдан толиққан жисмимга ҳаловатнинг ёқимли суви югурди, назаримда.
Машинада кетарканман, бугун кашф этган ҳикматим янада мустаҳкамланди. Ёнимдаги аёл ҳам жуда бесабр экан. Ҳайдовчи билан тинмай тортишар, уни тезроқ юришга ундарди. Ўзини босолмаётган бу аёл қиёфасида ўзимнинг ҳар кунги ҳолимни кўраётгандек эдим.
Масофаларни босиб ўтарканман, тилим мени шошқалоқлик ботқоғидан ҳаловатнинг осуда қучоғига тортиб оладиган иборани такрорлади: “Мен тақдиримдан розиман!”
Аслида, мўмин учун эъти­қоднинг асосий шарти бўлган тақдири азалга ишониш ҳаётни ҳаловатда ўтказишнинг энг тўғри чорасидир. Жуда кичик воқеа кўринишида тилга олинган мавзу бироз оқсаётгани боис бугун аксариятимизнинг хотиржамлигимиз йўқ:
– пешонамизга битилгани, албатта бизники бўлишини тушуна олмаганимиз учун ризқ излашда ҳаддан ошамиз;
– қанчалик истамайлик, тақдир қилинмаган нарса бизники бўлмаслигини англай олмаганимиз учун орзуларимизнинг кетидан югурамиз;
– бошимизга мусибат тушган илк онда яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканини унутиб, айбдор излаймиз, аламимизни оламиз...
Шу йўлларда олган ибрат дарсим ҳаётимни енгиллаштирди, десам муболаға бўлмайди. Содир бўлаётган воқеаларнинг ҳар бирига бу буюк ва марҳаматли Зотнинг менга амри, тақдир қилгани, деб қарашни ўргандим. Хотиржамлик, осудалик ва ҳузур ичида яшай бошладим... Шошилмаяпман, дея олмайман. Бироқ тақдир сўзи бир зумда ёдимга тушиб сокинлашаман. Истакларим амалга ошмаган дамларда ҳам кўнглимнинг гўзал таскини бор: “Мени мусулмон қилиб яратган Раббимнинг буюргани бошим устига!” Дардларим, ғамларим, аламларим ҳам кичкиналашиб, у қадар елкамга оғирлик қилмаяпти, алҳамдулиллоҳ! Зеро, дард билан синаб, имонимни гўзаллаштираётган, хайрли оқибатлар берадиган Жаноби Ҳақ мени ёлғиз ташлаб қўймайди!
 Шу тарзда яшаш менга қанчалик хуш ёққанини сўз билан ифодалай олмайман. Сиз ҳам бир уриниб кўринг, елкангиздаги залворли ҳаёт юки енгиллашади. Хуллас, мен тақдиримдан розиман! Сиз-чи?!
 

Нигора МИРЗАЕВА