Оила – жамиятнинг муҳим бўлаги. У ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи ва обод бўлиши лозим, аввало, шу кичик жамоадаги маънавий иқлим, унинг аъзолари қандай мақсадларда яшаётгани, нима ишлар билан машғуллигига боғлиқ.
Мустақиллик йилларининг илк давриданоқ оила мустаҳкамлиги, зурриётларнинг соғлом бўлиши йўлида давлатимиз кўплаб хайрли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Аммо афсуслар бўлсинки, шунча ғамхўрлик, яратилаётган имкониятларга қарамай, оилавий ажримлар учраб турибди. Бу ҳолат ҳар биримизни жиддий ўйлашга, чуқур мулоҳаза қилишга чорлайди.
Ҳозирги даврда фарзандларимизга ҳаётимизнинг бир муҳим воситасига айланиб улгурган уяли алоқа телефонлари, интернет тармоқларидан фойдаланиш маданиятини, тартиб-қоидаларини ўргатиш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Чунки бу воситалар айрим ҳолларда оила тинчлигининг бузилишига, ҳатто эр-хотинлар ўртасидаги ажримларга сабаб бўлмоқда.
Фикримни ўзим бевосита гувоҳ бўлган воқеалар билан далилламоқчиман. Икки ойлик келинчакни кўргани борган она қизига уяли телефон совға қилади. Бу техника воситасидан «унумли» фойдаланган келин онаси билан ҳар куни бир неча марта суҳбатлашиб, уйидаги барча ҳолатлардан уни хабардор қилиб туради. Бир куни қайнона беихтиёр келиннинг онаси билан суҳбатлашаётганини эшитиб қолади. Келиннинг бу хонадондагиларга нисбатан айтаётган ҳақоратомуз сўзларидан қаттиқ ранжийди. Жанжал чиқади, воқеадан ҳамма огоҳ бўлади. Натижада қурилганига икки ой бўлган бир ёш оила парокандаликка юз тутди.
Яна бир воқеага эътибор қаратмоқчимиз. Эридан аразлаб келиб, ўз ота уйида ўтирган келин вақтни “бекор ўтказмай”, икки йиллик турмуши, оилавий сирлар, эр-хотин муносабатлари тўғрисида турли хил ҳодисаларни тармоқдошлари эътиборига ҳавола этган. Интернетдаги бу ёзувларни ўқиган куёвнинг яқин ўртоғи дўстига барча маълумотларни кўрсатган. Натижа шу бўлдики, иккала тарафнинг ёши улуғлари, маҳалла фаоллари, отинойилар ҳаракатлари сабаб тикланиш арафасида турган ёш оила бузилиб кетди. Чунки куёв оила сирларини кўчага олиб чиқадиган хотин билан яшамаслигини айтди.
Яна бир ачинарли воқеа: эрини телефон орқали тез-тез SMS-хабар жўнатишидан шубҳаланган аёл яширинча телефондаги ёзувларни ўқийди. Унда эри собиқ синфдош қизга дил изҳорлари ёзганини кўриб, жаҳл устида эрининг синфдоши олдига боради, гап-сўз кўпаяди, сир ошкор бўлади. Оқибатда иккита оила пароканда бўлди...
Интернет дунёсига кирган одам умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Ижтимоий тармоқларда вақтни беҳуда сарфлаш, фойдасиз суҳбатлар қуриш исрофдан бошқа нарса эмас. Вақтни исроф қилиш эса гуноҳдир. Қуръони каримнинг Аъроф сураси 31-оятида «У исроф қилувчиларни севма», деб огоҳлантирилган. Шунингдек, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: «Беҳуда ишларни тарк этиш киши хулқининг гўзаллигидандир», дейилган.
Жамиятимиздаги ҳар бир оилада тарбияланаётган фарзандлар юксак маънавиятли, салоҳиятли, жисмонан бақувват, соғлом фикрли бўлиши учун ҳаммамиз масъул эканимизни сира унутмайлик.
 

Ҳилолахон КОМИЛОВА,
Фарғона вилоят бош имом-хатибининг
 хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси