Аксарият оилаларда фар­занд­лар улғайгани сайин ота-­оналар кўнглида тўйнинг ширин ташвишлари бошланади. Топган-тутганларини тўплаб... сир эмас, ўғил уйлантириш ёки қиз чиқариш деганда аввало тўй харажатлари, келин-куёв учун сепу сарполарни тушунадиганлар оз эмас. Ҳатто кундалик ҳаётий зарурият еб-ичишдан тийилса-да, тумонат одамнинг олдига тўкин дастурхон ёзиш учун қарз-қавола қилишдан тоймайдиганлар бор. Айримлар бу ташвишларга шунчалар кўмилиб кетадилар-ки, улар учун ўғлининг кимга уйланаётгани ёки қизининг кимга турмушга узатилаётгани иккинчи даражали бўлиб қолади.

1998 йили мамлакатимиз биринчи Президентининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағиш­ланган тадбирлар ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги Фармони чиққан эди. Шундан буён, мамлакатимизда бу Фармонни халқ ҳаётига татбиқ этиш учун изчил равишда тадбирлар белгилаб амалга оширилди, кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Буларнинг натижаси ўлароқ жуда кўп жойларда тўю маъракалар маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари вакиллари билан ҳамкорликда, бамаслаҳат ўтказилиши; урф-одатлар ва харажатлар меъёрида бўлиши анъанага айланиб бормоқда. Бироқ “шоли курмаксиз бўлмайди”. Шаҳару қишлоқларимиз ободлашиб, элнинг турмуш фаровонлиги ортиб боргани сайин “тўқликка шўхлик” қилувчилар кўпаймоқда, “ўрик ўрикни кўриб ранг олмоқда”. Улар тайёрлаб берган сепу сидирғалари, юмшоғу қаттиқ мебеллари, қуда томонга тортиқ қиладиган ки­йим-бош ва совғалари фарзанд­ларига бахтдан тахт яратади, деб биладилар. Лекин, афсуски, бир қарашда ҳамма нарсаси тўкис бўлган ёшларнинг оиласи ҳеч қанча фурсат ўтмай бузилиб кетиш ҳоллари учрамоқда. Чунки боласининг бўй-басти сал чўзилганидан бошлаб сеп йиғиш ташвишига тушиб кетган айрим ота-оналар қизи ёки ўғлини оилавий ҳаётга тайёрлашни ёддан чиқариб қўймоқдалар, бу ишга вақт ажратмаяптилар ёки аҳамият бермаяптилар. Ўзаро муносабатларда оддий чиройли муомалани ҳам эплай олмай рўзғорга совуқчилик туширган ёшларни кўрганда шундай хулосага келасан, киши.

Ҳамма нарсанинг меъёридан ортиғи зарар эканини ёшларга ҳозирлаб берилган шароитлар мисолида ҳам кўриш мумкин... Ота-онаси ўн йилларга етадиган уй жиҳозларию кийим-бош билан таъминлаб қўйган ёш келин-куёвларда бунга шукрона йўқлигини, ўткинчи қийинчилик-синовларга сабр етишмаслигини кўриб ҳайрон қоласан.

Никоҳни эълон қилиш, яъни тўй ўтказиш исломда ҳам бую­рилган, аммо кимўзарга тўй қилиш қораланади. Исроф бу нафақат тўю маъракаларда керагидан ортиқ харжланган маб­лағ, балки бу маблағни топиш учун қилинган меҳнат, сарфланган умр, соғу саломатликни ҳам исроф қилмоқдир.

Парвардигори олам марҳамат қилади: “Қариндошга, мис­кин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро, 26–27).

Юқорида айтиб ўтилган ҳаётий муаммолар ёшлар маънавий тарбияси, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишлари маҳалла фаоллари, отинойилар, хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллари – барчамизнинг муҳим ва долзарб вазифамиз эканини кўрсатади. Зеро, юрт тинчлик-хотиржамлиги, жамият тараққиётининг барқарорлиги, Ватанимиз равнақи оилалар мус­таҳкамлиги, хонадонлар ободлигидан бошланади.

Хосият ҚОСИМОВА, Сурхондарё вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси