Баҳонаю сабаб деганларидек, вилоятларнинг бирида марказдан олисроқда бўлган туманга йўлим тушди-ю, шу ерда ўзини бир йиғилишда йўл-йўлакай  кўриб танишган бўлсам-да, хат ва телефон орқали кўнглимга яқин бўлиб қолган шифокор аёлни кўриб кетгим келди. Телефонда боғланиб танишимнинг яшаш жойи марказдан анчагина узоқда эканини эшитгач, шаштим қайтди, хайрлашдим. Лекин сал ўтмай унинг ўзи яна телефон қилди-да, шу қадар самимият ва очиқ кўнгиллилик билан уйига таклиф қилди-ки, рад этолмадим.

Юзи қуёшдай чарақлаб остонада кутиб олган мезбон орқасидан кириб борарканман, кенг ҳовлини кўриб дилим яйраб кетди: кеч куз бўлса-да, ернинг бир томонида ошкўклар яшнаб ётибди; унга туташ эгатларда кўкпиёз, саримсоқ, турп, шолғом; яна бир томонда барглари қарқара исмалоқ...

Дастурхондаги неъматлар ҳам, назаримда, шу ҳовлида етишган: туршак, ёнғоқ, узум... Яхши ниятлар билан дуойи фотиҳа ўқилиб, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин мезбон дас­турхон ўртасига қўйилган нонни синдираркан, хижолат бўлиб:

– Нонимизнинг бир оз суви қочибди, – деди.

– Мунча яхши, – дедим мен. – Шифокорларнинг тавсияси билан биз иложи борича суви қочган нон ейишга ҳаракат қиламиз.

Мезбон менинг келишимдан яқин қўшнилари, ҳамфикрларини ҳам хабардор қилган экан, сал ўтмай даврамиз кенгайиб кетди. Улар билан илк бора танишган бўлсам-да, суҳбатимиз худди олдиндан тайёргарлик кўриб, шу лаҳзаларни кутиб турган каби қизиб кетди. Сабаби, уларнинг ҳаммаси мен хизмат қиладиган “Мовароуннаҳр” нашриётида нашрга тайёрланадиган “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасини мунтазам ўқиб боришаркан. Бу нашрларда эълон қилинган мақолаларнинг қай бири оила даврасида, қай бири аёлларнинг йиғинида тилга олингани, муҳокама қилинганини; қай бир мақолани эса фарзандларига, келин ёки бошқаларга ибрат қилиб кўрсатганларини гапиришди. Муҳими, аёллар бу мақолаларда ёритилган  ижобий  ибратли томонларни, шунингдек,  жиддий ўйлаб кўришга лойиқ жиҳатларни ҳам ўз ҳаётлари билан солиштириб хулоса чиқарардилар.

– Яқинда бир даврада фаррош аёлнинг меҳнатини эътироф этиб ёзилган мақола тилга олинди, – деб гап бошлади муаллима аёл. – Уни ўқиганлар таассуротларини гапиришди. Савоб олиш учун амалнинг катта-кичиклиги эмас, чин дилдан Аллоҳ розилигини тилаб, одамларга яхшилик қилиш ниятида бажарилиши муҳим эканини тўлиб-тошиб муҳокама қилишди, бу чиройли мулоқотга юқорида тилга олинган мақола сабаб бўлди.

Йиғилганларнинг бир-бирини диққат билан тинглаши, ўз фикрини шошилмай айтиши, иккиланиш ёки савол аломати бўлганда ёши каттароқларга “Сиз гапиринг”, дегандай қарашлари жуда чиройли эди. Суҳбатдан англадимки, касби ўқитувчи, шифокор, тикувчи, тадбиркор, боғча тарбиячиси бўлган турли ёшдаги бу аёлларни бугунги ҳаётимиздаги ютуқларни яна ҳам кўпайтириш, камчилик ва хатоларни имкон етганича биргаликда тузатиб, йўқотиб бориш нияти қалбан яқинлаштирган.    

– Ирим қилиш нотўғрилиги, уларнинг зарари ҳақида кўп ёзил­япти, лекин орамизда ирим-сиримга ишонадиганлар оз эмас, – деди даврадагилардан бири. – Кечагина қўшнимнинг яқин қариндоши вафот этиб, жанозага бориб келгандан кейин эри ҳовлисидаги мева қилиб турган дарахтнинг катта шохини кесиб ташлади, бизда шундай ирим қилишади. Ёки оилавий келишмовчилигига атрофидагиларни иссиқ-совуқ қилишда айблаб жанжал чиқарадиганлар учраб туради.

Англадимки, бу мавзуни илмий жиҳатдан асослаб, ҳаётий мисоллар асосида ёритиш доимо эътиборда бўлиши керак.

Бир пайт мезбон катта лаганда таом кўтариб кираркан, хижолат бўлгандек гапирди:

– Меҳмон келгандаям шунақа бўларканми, қаранг, бугун келиним исмалоқ манти тайёрлаётганди...

– Ҳай-ҳай... – хурсандчилигимни яширмадим мен. – Исмалоқ манти тансиқ таом-ку!  

Ўша куни фарзандлар тарбияси, ўғил-қизларни оилавий ҳаётга сабр-тоқатли қилиб тайёрлаш, хонадонлару маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга яратилган имкониятлар ҳамда бунинг самаралари, қишлоқ аҳолисининг, айниқса, аёллар ва болаларнинг соғлигини сақлаш учун яратилган шароитлару кимлар ундан ўринли-унумли фойдаланаётгани, кимлар эса бепарволикдан сиҳат-саломатлигини бой бераётгани... ҳақида узоқ суҳбатлашдик. Муҳими, ўртага ташланган мавзуларга ҳеч ким бефарқ эмасди. Аёлларга хос мавзу ҳам ўз-ўзидан келиб чиқди: меҳмонлардан бири маҳаллий матодан шундай бир кийим кийибдики, у ўзимизнинг миллий чопон билан замонавий устки кийим бичимининг уйғунлигида тикилган, жуда чиройли эди. Шундай либос устаси чевар тадбиркор ҳам мана шу маҳаллада яшаркан.

Эрталабки ширчойли нонуштадан сўнг мезбонлар катта кўчагача кузатиб қўйишди. Ўша учрашув – ҳаётсевар, жонкуяр, оилапарвар, илму маърифатга ошно аёллар ҳамон кўз олдимда. Якунланаётган қадрдон йилимизда ҳаётимнинг мазмунли, чиройли саҳифаси бўлиб қолди. Чунки ўша куни у қутлуғ хонадонда қалбим меҳмон бўлди.

Муҳтарама УЛУҒОВА