Оила – насллар давомийлигини таъминловчи бешик, келажак авлодлар учун тарбия масканидир. Унинг бахту саодати, камоли ва фаровонлиги эр-хотиннинг бир-бирига бўлган  муносабатига, ўзаро аҳиллигига боғлиқ.  Шу боис мамлакатимизда,  аввало,  оилаларни мустаҳкамлаш орқали, баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда уларнинг порлоқ келажагини таъминлаш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, оилада шаклланган соғлом муҳит фаровон турмуш,  осуда ҳаёт тарзимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Афсуски, жамиятимизда ҳамон  оилавий муаммо­лар учраб турибди. Мазкур ҳолат ҳар биримизни жиддий ўйлашга, чуқур мулоҳаза қилишга чорлайди. Бу борада мутахассислар билдирган фикрларни сиз азизларга ҳам ҳавола этишни лозим топдик.

 
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли (Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби):
 
– Аллоҳ таоло инсон зотини нафсий рағбат билан яратган. Ушбу табиий нафс рағбатини ҳалол-пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).
Тинчлик-хотиржамлик ва бахту саодат оиладаги ҳар бир шахс масъулиятининг тўлиқ бажарилиши билан боғлиқдир. Бундай масъулиятни эса эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши мумкин. 
 
Айрим келин-куёвлар ўртасидаги арзимас нарсалар юзасидан беҳуда талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир ахтариш ва енгил ҳаёт кечиришни исташ ҳолатлари оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаётган омиллардандир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Хотинининг бирор ёмон хулқидан норози бўлган эр унга ғазабини сочмасдан, унинг яхши фазилатлари борлигини ҳам унутмаслиги лозим. 
 
Шунингдек, фарзандим бош­қалардан кам бўлмасин, деб никоҳ тўйларида турли дабдабабоз­лик, исрофга йўл қўйиш ҳам динимиз қайтарган амаллардан ҳисобланади. Айниқса, фарзандининг бахтини келин олиб келадиган мебелу сарполари билан ўлчаш хато бўлади. Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима (розияллоҳу анҳо)га бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз (сеп) қилиб бердилар” (Имом Насоий ривояти).
 
Ёш оиланинг сепи, мебели ва мол-дунёсини эмас, бахту саодатининг ташвишини қилиш керак. Афсуски, ҳозирда баъзи йигитлар орасида келиннинг ота-онаси томонидан келадиган турли совғаларга кўз тикиш ҳолатлари урфга айланиб бормоқда. Айрим ёшларнинг суҳбатига қулоқ тутсангиз: “Қайнотам машина олиб берди ёки даромадли ишга жойлаб қўйди”, дея фахр билан сўзлаётганига гувоҳ бўласиз.
 
Аслида динимизда аёлни уй-жой билан таъминлаш, турмуш учун зарур бўлган буюмлар, асбоб-анжомларни ҳозирлаб бериш ҳамда унинг соғлиғи ва бошқа эҳтиёжлари ҳақида қайғуриш эрнинг зиммасига вожиб қилинган. 
 
Мунира АБУБАКИРОВА (Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси):
 
– Ҳар бир келин-куёв муқаддас никоҳ риштаси билан боғланаркан, бахтли бўлишни, саодатли оила қуришни орзу қилади. Баъзи ёшлар тўла-тўкис ҳаётни бахт деб ўйлашади-ю, аммо унга ўзлари ҳам муносиб ҳисса қўшишлари кераклигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ҳамма нарсага бирданига, машаққат чекмасдан эришишни истаётган бундай ёшлар оилага енгил-елпи қарайди. Авваллари ёш оила рўзғорга керакли нарсаларни тўйдан кейин аста-секин ўзларининг меҳнатлари эвазига олишган. 
 
Афсуски, бугун баъзи ота-­оналар келин-куёвнинг мебелию сарполаридан тортиб, қизи келин бўлиб тушаётган хонадоннинг уйини жиҳозлаб беришни ҳам ўз зиммасига олаяпти. Бу эса хатодир. Чунки “Ота-онам сенга ўтказиб қўйган”, деган ўйда ҳаволанган келин куёвболани менсимай қўйиши мумкин. 
 
Шукуржон МУҲСИМОВ (Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” маҳалласи фаоли):
 
– Баъзида оиланинг муқаддас эканини унутиб қўяётгандекмиз. Кўп йиллик кузатувларга таяниб айтиш мумкинки, айрим оилаларнинг барбод бўлишига тенг-тенги билан, деган удум бузилиши сабаб бўлмоқда. Бунда келин-куёвнинг бадавлат оиладан бўлиши барча нарсадан устун қўйилмоқда. Тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтмаслик натижасида куёв ёки келиндаги бирор хасталикнинг кейин ошкор бўлиши ҳам ажримларни содир қилмоқда. Ёшлардаги сабрсизлик, борига қаноат қилмаслик ёмон оқибатларга олиб келмоқда. Арзимас сабаблар билан ота уйига кетиб қолаётган келинларимизнинг оналари “Ўша уйнинг бекаси бўлдингми, иссиғига ҳам, совуғига ҳам чида”, дейиш ўрнига: “Кичкина қорнимга сиққан, катта ҳовлимга сиғмайсанми”, дейди. Турмушнинг синовли кунлари ҳақида фарзандига уқтириш оналарнинг вазифаси эмасми, ахир.  
 
Даврон НУРМУҲАММАД ёзиб олди.