Донишманд халқимиз “Аёл бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан дунёни тебратади”, дея бежиз айтмаган. Чунки аёл маънавияти келажак тараққиётини ҳал қилувчи ёшларни вояга етказиш ва уларни комил инсон даражасига кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Тарихдан маълумки, деярли барча буюк алломаларимиз, улуғ уламоларимизнинг, бобокалонларимизнинг оналари покиза, ўқимишли, етук билим эгалари, маърифатли аёллар бўлишган. Ибн Синонинг онаси Ситорабону, Баҳоуддин Нақшбанд волидаси Биби Орифа, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий онаси Ойшабиби, Мунавварқори Абдурашидхонов онаси Хосиятхон отин, Абдурауф Фитрат онаси Бибижон, Исҳоқхон Ибрат онаси Ҳурибиби аядан биринчи тарбияни, илк илм, сабоқ сирларини ўрганиб, жаҳон илм-фани, маданиятига улкан ҳисса қўшдилар. 
 
* * * *
 
Шарқда аёлни улуғламаган, унинг шаънига бирор оғиз мадҳия, мақтов битмаган алломаю шоирни, фузалою, мутафаккирни топиш қийин. Жумладан,  Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари аёл ҳақида бундай ёзади:
 
Аёл — Аллоҳ нури, оддий жононмас...