Аллоҳ таоло барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратди:«Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик»(Тин, 4).

Ислом таълимоти жисмни пок тутиш, тоза ва хушбўй бўлишга тарғиб қилади. Шу билан бирга, гўзалликни деб белгиланган чегарадан чиқмаслик ҳам алоҳида таъкидланади.

Аёлларнинг пардозга мойиллиги сир эмас. Момоларимиз бу борада табиий воситалардан фойдаланишган. Шунинг учун 70–80 ёшда ҳам гўзалликларини йўқотишмаган.

Аммо кейинги вақтда нафақат ёшлар, балки катта ёшли аёллар орасида ҳам кўз, қош ва лабларни сунъий бўяш, танага расм солдириш русумга кириб бормоқда. Бу жараёнлар оғриқли бўлса-да, айримларсохта гўзаллик учун ҳамма нарсага тайёр эканлигини намойиш қилмоқда.

Ояти каримада айтилади:«Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман,уларни адаштираман, уларни ҳою ҳавасга чўктираман. Уларга буюраман – ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар. Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”»(Нисо, 118119).

“Татуаж” – пермамент пардоз, яъни қош, кўз, лабларни узоқ вақтгача кетмайдиган қилиб бўяш. Бунда санаб ўтилган аъзолар терисига игна ёрдамида юборилган махсус бўёқ пигментларнинг узоқ вақт ушланиб туришини таъминлайди. Пермамент пардоз муолажаси оғриқли бўлиб, бир-икки соатга чўзилади. Татуаж қош тўкилишига, илдизининг йўқолишига сабаб бўлади. Қовоқ татуажи эса кўриш қобилиятига, қовоқ териларининг сезувчанлигига салбий таъсир этади. Лаблар татуажи оғиз атрофида шишлар пайдо қилиб, лабнинг хунуклашишига олиб келади.

Бу жараёнларда тери игна билан кўп марта тешилгани сабаб инфекцияларга йўл очилади. Тери тешикларига турли кимёвий бўёқлар киритилиши натижасида эса аллергик касалликлар келиб чиқади.

“Татуировка” игна билан асаб томирларига зарар етказиб, танага сурат солдиришдир. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, татуировка қилдирган одамларда 20 хилдан ортиқ хасталикка чалиниш хавфи юқори бўлар экан. Татуировка бўёғи таркибида саратонни юзага келтирадиган омиллар, симоб сульфиди, хром, кадмий, қўрғошин, титан, алюминий, кобальт каби вужуд учун зарарли моддалар мавжуд. Татуировка асбоблари билан гепатит “В”, “С” ҳамда “ОИВ”инфекциясини юқтириб олиш эҳтимоли катта. Татуировкаси борларнинг гепатит С касаллигига чалиниш хавфи бошқаларга қарагандатўққиз баробар юқори бўлади. Татуировка сабаб танада пайдо бўладиган баъзи бактериялар сил ва моховни чақиради, иммун тизимини сустлаштиради.

Бу хусусда қуйидаги ҳадиси шариф етарлича огоҳлантириш бўла олади: “Ҳусн учун, игна билан аломатлар чизувчи ва чиздирувчи, қош терувчи, тиш орасини кенгайтирувчи аёлларга (яъни, Аллоҳ таоло яратган аъзоларни ўзгартирувчи аёлларга) Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин!”(Имом Бухорий ривояти).