Ислом оламинингилк муаллимлари етишиб чиққан нубувват мактаби аълочилари орасида Ойша бинти Абу Бакр (розияллоҳу анҳо)нинг исмини алоҳида зикр этиш лозим. У киши ривоят қилган ҳадислар сони 2210 тадир. Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилганҳадисларда бошқалардан фарқли ўлароқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уй ичи тасарруфотлари ва аёлларга хос масалаларда берган кўрсатмалари кўпроқ учрайди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳадисларни нақл қилишда жуда эътиборли эди. Тарихий манбаларда у кишининг баъзи ровий саҳобалар хато эшитган ёки таъвилини тушунмай нотўғри талқин қилинган ҳадисларни тузатганлари келтирилган.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ровийнинг ривояти тўғри бўлиш шартларидан ташқари, ҳофизлар (юз мингдан зиёд ҳадис ёд олган киши)нинг ўзига хос масъулиятларни ҳис этиши лозимлигини таъкидлаганлар: жумладан, ҳадис айтаётганда тез ва тушунарсиз гапирмаслик, шошмай, дона-дона қилиб, эшитувчига қулай тарзда сўзлаш. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) баъзан ҳадисларини текшириб олиш учун эшиклари олдига келиб, баланд овозда ҳадис айтар ва: “Эй ҳужра соҳибаси (яъни, эй Ойша), айтаётганларимдан бирор нарсани нотўғри ҳисоблайсизми?” деб сўрар эди. Ойша (розияллоҳу анҳо) уни инкор қилмас, лекин “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизлардек шошиб гапирмас эдилар”, дер эди. Ёки: “Агар у зот (алайҳиссалом) гапирганларида биров сўзларни санаб турса, албатта, саноғига ета олар эди”, деб секин гапиришга ундар эди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳадис матнини ёдлашни осон қиладиган, шубҳа ва чалкашликлардан ҳимоя қилиб, набавий суннатни адо этишда ёрдам берувчи тўғри ривоят усулини баён қилиб берган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг тез-тез айтишига сабаб, у зотнинг ўта кўп ҳадис ёдлагани, тез вақт ичида иложи борича кўп ҳадисни Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг назаридан ўтказиб олишга ҳаракат қилганидир.

Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадис ривоятидаги яна бир диққатга сазовор жиҳат, суннат ҳукмини баён этишни яхши билувчи кишига ҳавола қилишидир. Шурайҳ ибн Ҳонеъ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг олдига бориб маҳсига масх тортиш ҳақида сўрадим. У: “Сен Али ибн Абу Толибдан сўрагин. У Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда бирга бўларди”, деди».

Ойша (розияллоҳу анҳо)бундай қилишининг боиси ўша ҳукмни билмагани учун эмас, балки унга ўзи гувоҳ бўлган кишининг жавоби яхшироқ бўлишини билдириш учун эди.

Ойша(розияллоҳу анҳо)гоҳида бирор саҳобанинг тушунмай қолиши оқибатида Қуръони карим маъносига зид келиб қолди, деб ўйлаган ҳадисларни ҳам тўғри тушунтирарди. Масалан, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган маййитнинг яқинлари йиғисидан азобланиши ҳақидаги ҳадис Қуръон оятларига зоҳиран мухолиф келиб қолганини тўғрилаб: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундоқ демаганлар. Аллоҳ мўмин бандани биродарининг йиғиси сабаб азобламайди. Балки у зот (алайҳиссалом): “Албатта, Аллоҳ биродарининг йиғиси сабаб кофирнинг азобини зиёда қилади”, деганлар. Бу борада сизларга Қуръон кифоядир деб, «Ҳеч бир (юк) кўтарувчи (гуноҳкор шахс) ўзга жоннинг юкини (гуноҳини) кўтармас» (Исро, 15) оятини ўқиди.

Заркаший: “Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг бу ҳадиси Қуръонга хилоф эмас. Суннати Набавий ҳам худди шундоқ. Кўпгина ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўликлар жамоасига йиғлаганлари собит. Бу нарса (яъни, овоз чиқармай йиғлаш) маййитларнинг азобига сабаб бўлмайди”, деган.

Даминий: «Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг “Сизларга Қуръон етади”, деган сўзлари у кишининг суннатни қўйиб, Қуръоннинг якка ўзи билан кифояланган, дегани эмас. У киши мана шунга ўхшаш ровийнинг хатоси билан англашилмай қолган ҳолатларда Қуръон кифоя қилишини айтганлар, холос. Бу ҳадис ровийнинг хатоси сабаб тушунарсиз бўлиб қолган. У ҳадисни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлари каби комил ривоят қилмаган. Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоятдаги ана шу камчилик сабаб ушбу маслаҳатни берган», дейди.

Баъзи саҳобалар ҳадиси шарифни эшитиб, унинг маъносини англамаганлари сабаб нотўғри таъвил қилган бўлишлари мумкин. Бундай ҳолатлар Ойша (розияллоҳу анҳо)нинг назаридан четда қолмаган. Масалан, Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу) ўлимияқинлашганида янги кийим-бош келтиришларини сўрайди ва:«Мен Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Албатта, маййит ўзи вафот этган ҳолидаги либоси билан қайта тирилади”, деганларини эшитганман», деди. Бу гап Ойша(розияллоҳу анҳо)га хабар қилинганида, нотўғри эканлигини айтиб: “Аллоҳ Абу Саъидга раҳм қилсин! Албатта Набиюллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (юқоридаги сўзлари билан) кишининг ўлимидан олдин қилган амалини назарда тутган эдилар. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонлар Қиёмат куни яланғоч, ялангоёқ, хатна қилинмаган ҳолда тириладилар”, деганлар», деб тўғрилади. Ойша(розияллоҳу анҳо) Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисининг ботиний маъносини муқояса қилган ҳолда тўғри таъвил қилишлари ҳам улуғ илм соҳибаси эканидандир.

Ойша(розияллоҳу анҳо)нинг юқоридаги хизматлари фақатгина ҳадис фанига хос бўлиб, фиқҳ, тафсир, Қуръон илми, тиббиёт ва бошқа фанларда кўрсатган хизматлари ҳам беқиёс.

Ойша(розияллоҳу анҳо) суннатни ўрганишда мукаммал қомусий олима эди. Абу Салама ибн Абдурраҳмон “Таҳзиб” китобида у кишини мақтаб “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини билишда Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ҳам олимроқ бирор кишини кўрмадим”, деган эди. Уламолар у кишининг юксак илм даражасига етишишида қуйидаги омилларни келтирганлар:

– кучли хотира ва заковат;

– Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг у кишига таълим беришга эътиборли бўлганлари;

– оятларнинг нозил бўлишига кўп гувоҳ бўлгани;

– муомала одобига қаттиқ риоя қилишлари;

– ҳадисларни ўта пухта эшитиб олишлари;

– кўп савол беришлари;

– ҳадис айтилган ҳолатлардан хабардорлиги;

– ўзини буткул илмга бағишлагани.

Ойша (розияллоҳу анҳо) мукассирлар – яъни энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар орасида тўртинчи ўринни эгаллаган. Ҳадис китобларида ривояти кўп келгани жиҳатидан иккинчи ўринда турадилар. У кишининг ҳадислари китобларда такрори билан 3370 марта келган. “Сиҳоҳи ситта”да эса ҳаммаси бўлиб, 2081 та ҳадиси, Икки Шайхнинг китобларида 297 ҳадиси келган. “Саҳиҳайн”да зикр этилган ушбу ҳадисларнинг барчаси шаръий аҳкомлар тўғрисидадир.

 

Зебуннисо НАЖМИДДИНОВА

тайёрлади.