Сиз чиройлисиз, ахлоқингиз-да гўзал, тавозуингиз тўлин ойдан ҳам баланд, меҳрингиз билан ёмғирдан-да ёқимлисиз. Билинг, олтин-кумуш, олмослар зийнат эмас, балки Аллоҳдан ўзгаси билмайдиган махфий садақалар, хатоларни ювгувчи хайрли амаллар, шунингдек, нафс истагию шайтон васваса қилган пайтида Аллоҳ­дан ҳаё қилмоқлигингиз зеб-зийнатларингиздир.

Бекорчиликка таслим бўлманг. Чунки бу сизга ғам-андуҳ, васваса, дилхиралик ва шак-шуб­ҳаларни кўпайтиради.

Кўринишингизга, уйингиз, ҳовли-жойларингиз покизалигига, тартибига эътиборли бўлинг. Атрофингиздагиларга чиройли хулқли, табассумли ва қалби кенг бўлинг.

Қайнонангиз – она, ёши улуғлиги, тажрибаси кўплиги учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик қилманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари кўп.

Рўзғорнинг бор-йўғига чидамли, сабр-қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтарманг. Пайғамбарнинг (алай­ҳиссалом) завжаи мутаҳҳаралари Ойша онамизнинг (розияллоҳу анҳо) гапларини эсланг: "Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонидагилар Мадинага келгандан то у зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони ейишмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам, ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди".

Ота-онангизга гап ташиб борманг, уйнинг сирлари кўчага чиқмасин. Акс ҳолда, қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибат йўқолади, турмушингизга совуқлик тушиб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз.

Ҳузайфадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Чақимчи жаннатга кирмайди", деганлар.

Тежамкор бўлинг, ҳар бир ишни қайнона билан маслаҳатлашинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила харажатини, қаттиқ-қуруқни сиздан яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.

Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзламанг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ёмон сўзлар билан дилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Одамларнинг юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!" деганлар.

Уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, қайнонангиздан, қайнотангиздан, эрингиздан ижозат сўранг.

Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки бирор ишни бажаролмаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Бу билан обрўйингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.

Бир саҳоба Пайғамбардан (алайҳиссалом): "Эй, Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?" деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос", деган эканлар.

Қайнона кўз ўнгида эрингиз­га эркаланиб суйкалманг. Ўғ­лининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, "Болам иккита бўлди", деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади. Бунинг "сабабчиси" бўлган, ўғлини "оғдириб олган" келинини ёқтирмай қолиши мумкин.

Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлинг, уларнинг кўнглини овланг. Қайнонага ёқишга интилсангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдон бўлиб қолган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, ёлғизланиб қоласиз. Пайғамбар (алайҳиссалом): "Одам фарзанди учун намоз, муросасозлик ва хушхулқликдан афзал иш йўқдир", деганлар.

Қайғуга сабаб бўладиган ишлардан, хусусан, ҳаром қилинган нарсаларга қараш, ортиқча пардоз-андоз, бегоналар билан хилватда қолиш, лаънат, ҳақорат, ғийбат, эрнинг яхшиликларига шукр қилмаслик каби гуноҳлардан сақланинг.

Эримнинг уйида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги панду насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Аллоҳ таоло тушган хонадонингиздаги барчанинг кўзига юлдузингизни иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ўстириб камолатга етказсин.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент шаҳар «Носирхон» жоме масжиди имом-хатиби