Рамазон ойи кириши билан балоғатга етган қиз ва аёллар тоза кунларида Аллоҳ розилиги учун рўза тутишади. Бироқ узрлилар – сафардагилар, оғир беморлар, ҳайз ва нифосли аёллар узрлари сабаб тута олмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир кундан қазосини тутиб беришади. Рамазон ойида касал бўлиб қолиб, рўза тутса касали кучайиши ёки тузалиши орқага сурилиш хавфи борлигини ишончли табиблар тасдиқлаган одам ҳам кейин тутиб беради. Уламоларимиз худди шу тоифага ҳомиладор ва эмизикли аёлларни ҳам қўшишган. Сурункали беморлар, рўза тутолмайдиган даражадаги қари кишилар фидя беришлари лозим. Рамазон ойида сафарга чиққан одам агар қийналмаса, рўзани сафарда тутса ҳам бўлаверади.

Рўзасини қасддан бузган киши, бир кун қазо, олтмиш кун жазо (каффорат) сифатида кетма-кет рўза тутади. Олтмиш кун кетма-кет рўза тутолмаган кишилар олтмиш фақирни тўйдиришади ёхуд ҳар фақирга икки кило буғдой ёки унинг қиймати миқдоридаги пул беришади.

Рамазон ойида рўза тутган қизлар, аёллардан ҳайз келса, рўзаларини очишади. Ҳайз келиши тугаб, ғусл олингач, рўза тутишда давом этишади. Ойбоши ҳоллари ушбу ойда тўхтаса, дарҳол рўза тутишда давом этишади. Ҳайз келиши тонг отгандан олдин тўхтаса, ўша куни ният қилиб тутилади. Тонг отганидан кейин ҳайз келса, ўша куни еб-ичади. Бу ҳайз саҳарликка турилган куннинг пешин ё аср вақтида, ҳатто шомга (ифторга) бир-икки соат қолган пайтда юз берса ҳам, рўзани очиш лозим бўлади.

Қуйидаги ҳолларда рўза бузилмайди:

– рўза эканини унутиб еб-ичиш;

– кўзга сурма суриш;

– хижомат, яъни қон олдириш;

– томоққа тутун, чанг, пашша, қулоққа сув кириши;

– оғизга келган балғам, тупукни ютиш;

– тишлар орасидаги саҳарликдан қолган нўхатдан кичик нарсани ютиш;

Рўзани бузувчи нарсалар:

– ейиш, ичиш;

– жимо қилиш;

– оғиз тўлиб қусиш, қусганни меъдага қайтариш;

– ўз хоҳиши билан тутунни ютиш;

– тишлар орасидаги нўхатдан катта нарсани ютиш.

Бундай ҳолларда бузилган рўзанинг қазоси тутиб берилади.

Саҳарликка туриб, еб-ичиш суннатдир. Зеро, Расули акрам : “Саҳарликка турингиз, саҳарликда барака бор” (Имом Бухорий), дея марҳамат қилганлар. Ифторликка шошилиш, оғизни ўз вақтида очиш ҳам суннат амаллардандир. Сарвари коинот бундай дейдилар: “Уч нарса анбиё ахлоқидандир: ифторга шошилиш, саҳарликни охирги вақтигача чўзиш, намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш” (Ибн Ҳиббон).

Рамазон ҳайитининг биринчи куни, Қурбон ҳайитининг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи кунлари, жума кунлари нафл (ихтиёрий) рўза тутиш ҳаромдир.

Рўза савобини фисқу фасод гаплар ва ғийбат қилиш билан йўққа чиқариш мумкин. Ғийбат қилиш, айниқса, аёлларимиз ўртасида кўп учрайди. Тил ўрганиб қолган, тийилиши ҳам қийин. Аммо жону танни поклаш мавсумида неъматдан маҳрум қолиш энг катта йўқотиш бўлади. Минг машаққат билан тутилган рўза фақат машаққатлигича қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, азиз аёллар, рўза тутиш билан ўзимизни ҳам тутайлик!