Оила аъзоларининг саломатлиги, айниқса, фарзандларнинг соғлом ўсиши хонадонда осойишталик, мўътадил кайфият ҳукм суришининг асосларидан. Болани дунёга келган лаҳзалариданоқ тўғри парваришлаш, соғлигини асраш онанинг муҳим вазифаси.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти неонатология (чақалоқлар) бўлими доценти Дилфуза Турдиева билан мухбиримиз шу мавзуда суҳбатлашди.

– Дилфузахон, кейинги йилларда оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига муносабатида қандай ўзгаришлар бор?

– Шифокорларнинг, атрофдагиларнинг маслаҳатини кўр-кўрона қабул қилмай, фарзандига тавсия этилаётган дори-дармонлар, тиббий муолажаларнинг моҳиятини англаб қўллашга интиладиган оналар сони ортиб боряпти, бундан жуда хурсандмиз. Айрим тиббий масалаларда тиббиёт ходимларидан қолишмайдиган оналар учрайди. Улар ҳар бир дорини қўллаш бўйича ёзилган тавсияномаларни синчиклаб ўқиб чиқадилар.

Яна бир ижобий ҳолат: болаларини кимёвий дорилар воситасида эмас, имкони борича табиий усуллар билан даволашга, касалликларнинг олдини олишга жиддий эътибор берадиган ота-оналар кўпаймоқда. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: айрим касалликлар ўткир ҳолатда кечаётганда, нохуш оқибатларнинг олдини олиш учун кимёвий дорилардан фойдаланиш тўғри бўлади.

– Чақалоқларни касалликлардан асрашнинг энг тўғри йўли она сути билан боқиш. Статистик маълумотларга қараганда, бундан ўн йиллар муқаддам икки ёшгача бўлган болаларини кўкрак сути билан озиқлантирадиган оналар эллик фоиз атрофида эди...

– Гўдакни табиий усулда боқиш биринчи навбатда она сути билан озиқлантиришдан бошланади. Она сути таркибидаги таурин, натрофил деган моддалар бола миясининг яхши ривожланиши учун жуда зарур.

Бундан ўттиз йиллар олдин боласига сунъий овқат берадиганлар кўпайиб кетганди, табиийки, она сутининг аҳамиятини билмаслик оқибатида шундай бўлган.

1992 йили Халқаро болалар жамғармаси ЮНИСЕФ гўдакларни она сути билан боқиш ҳақида бутун дунёда кенг тарғибот ишларини бошлади. Хал­қаро Соғлиқни сақлаш ташкилоти "Бехатар оналик" дастурини ишлаб чиқди. Бу дастурда кўзда тутилган ҳомиладорлик табиий жараён эканлигини эътиборга олиб, бу даврни иложи борича дори-дармонларсиз ўтказиш; ҳомиладор аёлни моддий, маънавий, руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш; чақалоқни дунёга келган лаҳзаларидаёқ она бағрига қўйиб, оғиз сутидан баҳраманд этиш ва унга дўкондан янги сотиб олинган мато ва кийимларни эмас, у туғилган хонадонда улғайган болаларнинг кийимларини кийдириш каби одатлар халқимиз учун янгилик эмас. Шу боисдан республикамиздаги аёллар маслаҳатхоналари ва туғуруқхоналарда "Бехатар оналик" дастурини жорий этиш қийин бўлмади.

Чунки она сутидан тўлиқ баҳраманд бўлиб ўсган болалар сунъий овқатлар билан боқилган ака-опаларига қараганда ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан бақувват, яхши ривожланганини ҳаёт кўрсатди. Ҳозирги кунда биз, тиббиёт ходимлари, янги туғилган болажонларнинг тўқсон саккиз фоизи она сути билан озиқлантирилишига эришиш учун ҳаракат қиляпмиз.

– Нима учун юз фоиз эмас?

– Чунки гиёҳвандлар, СПИД касалига йўлиққан ва унинг вирусини ташувчилар боласини эмизиши мумкин эмас.

– Гўдакларни нотўғри овқатлантириш ҳоллари ҳалиям учрайдими?

– Афсуски, учрайди. Билиб-билмай дори ичириш, тез катта бўлади деган хаёлда умуман мумкин бўлмаган овқатларни едириш оқибатида баъзан мурғаккина жон хавфда қолади. Яқинда уч ойлик чақалоқни ҳолдан тойган аҳволда олиб келишди. Боланинг ичи тинмай кетарди. Маълум бўлишича, унга ўн томчи ўрнига бир қошиқчадан дори ичиришган. Ёш она шифокор тавсиясини ҳам яхши уқиб олмаган, дори қутидаги ёзувни ҳам ўқимаган. Бола бир неча кун азоб чекди.

Ҳали чилласиям чиқмаган бир чақалоқ ҳаётини эса сақлаб қололмадик. Чунки унга майда-майда тўғралган думба ёғи едиришган экан. Ёғ унинг ичакларида туриб қолиб, синг­маган. Баъзилар: "Момоларимиз ёш бола қувватли, илиги тўқ бўлиши учун думба ёғи едиришган-ку", дейишади. Тўғри, едиришган, чилласи чиққан гўдакка димлаб пиширилган ёғни бир неча қават докага ўраб сўрдиришган.

Шу ўринда яна бир илмий асосланган фикрни айтиб ўтмоқчиман: тўққиз ой мобайнида она жисмидан озиқланган гўдак бирданига онадан ажраб кетолмайди, туғилгандан кейин бу ўзаро боғлиқлик аёлнинг кўкрак сути орқали давом этади. Яратганнинг мўъжизасини қаранг, боланинг ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган ошқозон-ичак тизимига фақат ўз онасининг сутигина таркиб жиҳатидан тўғри келаркан. Кунлар ўтгани сайин она сути боланинг эҳтиёжларига қараб тўлақонли бўлиб бораркан. Демоқчиманки, фарзанд соғ­лом ўсиши учун она сутидан ҳам яхшироқ, фойдалироқ озуқа бўлмайди.

– Лекин кейинги пайтларда сути йўқлигидан боласини сунъий овқатлар билан боқаётган ёш аёлларниям кўряпмиз.

– Аслида, болага бўлган меҳр-муҳаббат ҳар қандай онанинг кўксини илоҳий неъматга тўлдиради. Сути йўқлигидан ёки камлигидан бизгаям шикоят қилиб, ёрдам сўраб келишади. Лекин уларнинг аксарияти ҳафсаласизликдан шундай деб ўйлашади. Боласини эмиздириб, вазнини ўлчаганимизда, она сути етарли эканлиги маълум бўлади.

Агар ёш она ўзининг соғлигига эътибор берса, меъёрида овқатланиб, вақтида дам олса, албатта, боласининг ҳам жисмоний, ҳам маънавий камолотига асос бўладиган она сути билан боқа олади. Лекин бунинг учун ёш онага атрофдагиларнинг эътибори, ғамхўрлиги, қўл­лаб-қувватлаши жуда ҳам зарур. Зеро, ҳар бир гўдак оиланинг, нас­лнинг муносиб давомчиси, хал­қнинг келажаги бўлиб улғайиши ҳаммамизнинг орзуимиздир.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди.