Аёл – нозик хилқат. Шундай бўлишига қарамасдан вазифалари бисёр, тиним билмайдиган мавжудот.

У юрт, ватан тараққиётига ҳисса қўшадиган зурриётларни дунёга келтириб, келажак эгаларини камол топтиради.

Аёл фақатгина она эмас, балки у ота-онасининг дунё ва охират саодати сабабчиси, турмуш ўртоғининг икки дунёси учун пардадир. Бир ҳадиси шарифда: "Аёллар эркакларнинг (тўлдирувчи) парчасидир", дейилган.

 

Бугунги кун аёллари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Агар Аллоҳ таолодан бошқага сажда қилиш мумкин бўлганида эди, аёлларни эрларига сажда қилишга буюрар эдим", дея улуғлаган турмуш ўртоқларига қандай муносабатдалар, уларни арзимас дунё матоҳлари сабабли ранжитиб, қийнаб қўймаяптиларми?!

Шу ўринда айтиш зарур, эрлар ҳам ўз аёлларини асраб-авайлаб, ҳурмат қилишлари керак. Зеро, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Сизларнинг яхшиларингиз аҳлингизга яхши муносабатда бўлганингиздир", дея таъкидлаганлар. Аёллар кўча-кўйда эрларининг айбларини ошкор этиб эмас аксинча, уларнинг ҳақига дуо қилиб гапиришларининг оқибати хайрлидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсизлар…" (Бақара, 187), дея марҳамат қилганидек, бир-бирларини айбларини беркитувчи, яхшиликка чорловчи бўлмоқлари лозим.

Асмо бинти Язид ал-Ансориядан ривоят қилинади: "Ўзимга тенгдош қизлар билан ўтирган эдим, олдимдан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтдилар. Ул зот бизга салом бердилар ва: "Валинеъматларга ношукрликдан эҳтиёт бўлинглар!" дедилар. Мен уларнинг ичида у зотдан сўрашга энг журъатлиси эдим. "Ё Расулуллоҳ! Валинеъматларга ношукурлик нима?" деб сўрадим. "Бирингиз ота-онасининг бағрида эрсиз ўтириши узаяди. Сўнг Аллоҳ уни эр ила ризқлантиради. Фарзанд ила ризқлантиради. Бас, жаҳл қилиб, куфрони неъмат қилиб қўяди. Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим, дейди", деб айтдилар". Бу ҳадисдан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларга ҳурматларини ҳамда аёл киши оилада бир оз қи­йинчиликка дуч келганда жаҳл устида Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиб қўймаслиги лозимлигини билишимиз мумкин.

Аёлларнинг ҳар томонлама эътиборли, итоатли бўлишлари оила мустаҳкамлигининг асосларидандир.

Қўни-қўшни, дугоналар билан соатлаб бекорчи суҳбатлашишдан кўра, бир-бирларини эзгу амалларга чақиришлари, шукрни кўпайтиришлари юрт тинчлиги, оила фаровонлиги гаровидир!

 

Гулобод ҚУРБОНОВА,

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти мударрисаси