Алоуддин КОСОНИЙ

 

“БАДОЕУС САНОЕ...”ДАН

 

Аёл бачадонидан келадиган одатий суюқлик ҳайз, аёл кўзи ёригач келгани эса, нифос деб аталади. Ҳайз қорамтир ёки тўқ қизил рангда бўлиши мумкин. Тўққиз ёшдан олдин ва ҳайз тўхтайдиган ёшга етгач, келгани ҳайз эмас, бир касаллик сабабли бўлиб, истиҳоза дейилади. Истиҳоза келса, ювиб, таҳорат қилиб, намозини ўқийверади, рамазон ойида бўлса, рўзасини тутаверади. Ҳайзли аёлга то ҳайз муддати тугаб, туққан аёлга эса нифоси тугаб покланмагунича намоз ўқиш дуруст эмас. Ҳайзли ёки нифосли аёл рўза тутмаслиги ва эри билан қўшилмаслиги керак. Ғусл қилиб покланганидан кейин унга намоз, рўза ва жинсий муомала ҳалол бўлади.

 

Мазҳабимиз уламолари наздида ҳайз ранги қорамтир ёки кўкимтир бўлса ҳам, суюқлик бачадондан келдими, аёл ҳайз кўрган ҳисобланади. Ҳайз муддатининг энг ками уч, энг кўпи ўн кеча-кундуздир. Жаноби Расулуллоҳ сўзлари ва мазҳабимиз уламоларининг далиллари асосида мана шу муддат белгиланган. Қиз болада биринчи марта ҳайз келса, илк ҳайз муддат ўн кун деб, беш-олти кундан кейин тўхтаса ҳам, ўн кунгача ҳайз келиб қолиши мумкин, деб кутилади. Ўн кундан кейин ҳам келса, ҳайз эмас, истиҳоза ҳисоб қилинади. Икки-уч марта бир хил саноқда келадиган бўлса, айтайлик, беш кунда тўхтаса, унинг одати беш кун экан ёки уч кунда тўхтаса, одати уч кун экан, деб белгилаб олиб, шу муддатдан кейин қон тўхташи билан ғусл қилиб, ўн кунни кутмасдан ибодат қилаверади. Аммо беш кунлик одати бўлса-ю, шу муддат тўлганидан кейин ҳам ҳайз тўхтамаса, беш кун ўтганидан кейин ҳам ўн кунгача яна ҳайз деб, одатидан ташқари кунларда ҳам ибодат қилмай туради. Энди қон тўхтамай, ўн биринчи кунга ўтса, демак, беш кундан кейингиси касаллик, деб шу беш кундан кейинги қолдирган намозларини қайта ўқийди. Аммо, ҳайз кўриш одатини беш кун бўлиб, агар етти, саккиз кунда тўхтайдими, тўққиз ё ўн кунда тўхтайдими, ҳаммаси ҳайз ҳисобланади. Менинг одатим беш кун эди, қолган беш куни – бу касаллик қони, дейилмайди. Аммо қон оқиши ўн бир кунга ҳам ўтиб кетаверадиган бўлса, демак, одатдагидан ташқариси касаллик қони экани аниқ бўлиб, тўрт ёки беш кунги одатидан бу ёғида қолдирган намозларини қайта ўқийди.

Икки ҳайз ўртаси туҳр, яъни поклик вақти – камида ўн беш кун, кўпига чегара йўқ. Одатда, биров ҳар ўн беш кунда, биров икки ойда ҳайз кўриши мумкин ва шу унинг одатига айланиб қолади. Одатга айланмас экан, ё одатга айланганидан сўнг ҳам бир аёл тоза бўлганидан кейин ҳали ўн беш кун бўлмай, яна қон келса, бу ҳайз эмас, балки касаллик қони ҳисобланади. Бу ҳолда у таҳоратини олиб, намозини ўқийверади. Демак, ҳайзнинг ками уч кун, кўпи ўн кун, икки ҳайз оралиқ муддатининг ками ўн беш кун.

Нифоснинг энг камига чегара йўқ. Чунки бола туғилгач, нифос, эҳтимол, бир соатда тўхтар, қанчада тўхтаса ҳам, аёл нифосдан покланган бўлади ва ғусл қилиб, ибодатида давом этади, пок хотинга нима лозим бўлса, у аёлга ҳам шу лозим бўлади. Нифоснинг энг кўпи қирқ кундир. Шу боис халқ орасида бу муддатни “чилла” дейиш урфга айланган. Масалан, уч фарзанд кўриб, учовида ҳам қирқ кун бўлмасдан, ўн кунда тўхтайдими, ўн беш кундами ва шу уч мартада ҳам бир хил муддат такрор бўлса, демак, у аёлнинг нифоси шу миқдорда экани белгиланиб, ўшандан кейин ювиниб намозини бошлайверади. Аммо уч марта туғмагунича у қирқ кунгача нифос келишини кутади. Ўртада бир кун‑ярим кун келмай қолса ҳам, у нифосда турган ҳисобланади. Демак, уч бола кўргунича ҳам бир хил одат жорий бўлмаса, тўртинчи фарзанд кўрганида яна қирқ кунни кутади ё учтада бир хиллик кузатилиб, одати жорий бўлса, шу одатидан кейин қон, мисол учун, беш кунда ёки ўн беш кунда тўхтаб қолса, демак, тозаман, деб ғусл қилиб, ибодатини қилаверади.

Агар эгизак фарзанд кўрса, нифос қачондан бошланади? Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф наздида, нифос биринчи фарзанд туғилишидан бошланади. Баъзан икки эгизак ўртасида туғилиш оралиғи соатлаб ёки кунлаб давом этиши мумкин. Ана шунда қирқ кунлик нифос вақти биринчи боладан ҳисобланади. Имом Муҳаммад эса, эгиз туққан аёлнинг нифоси иккинчи боладан бошланади, дейди. Биринчи боладан деган ҳукмга фатво берилган. Ҳайз ва нифос кўрганида намоз ўқиш, рўза тутиш, Қуръонни ушлаш, ўқиш, масжидга кириш ва Байтуллоҳни тавоф қилиш дуруст эмас. Шу айтилган икки ҳолатдан бошқа вақтда аёл кишидан келган қон истиҳоза бўлиб, у касаллик ҳисобланади. У намоздан ҳам, рўзадан ҳам тўсмайди. Агар у давомли келиб турадиган бўлса, ҳар намоз вақтига алоҳида таҳорат олиб, намозини ўқийверади.