Набирам оғриб, касалхонага тушиб қолди. Кўргани бордим. Ҳамшира қўшни каравотда ётган болакайни додлатиб укол қилиб, чиқиб кетди. Бола бечора бор аламини кекирдагидан олиб, хонани бошига кўтарди. Она шўрлик овутай деб оғзига бир нималар тутди, қўлига бир нималар берди. Бола жаҳл билан қўлига илинган нарсани отиб урди. Нима қилишини билмай қолган она “вой, мана буни қарагин, вой бў-ў-ў...” дея бир нимани унга кўрсатди. Бола бирдан жимиб қолди. Қарасам, она унга бир китобчани кўз-кўз қилаётган экан. Болакай китобча билан овунди, қолди. Бўлмаса ҳали ҳарфниям танимайди. Эътибор қилсам, бундай чиройли китоблар хонада анчагина экан. Беихтиёр биттасини олиб варақладим. Варақладиму дастхатга кўзим тушди: “Дори – даво, китоб – малҳам. Шифокорлардан миннатдор бўлиб, Давроннинг адаси”. Эътибор қилсам, китоб келтиришни Давроннинг адаси бошлаб берган-у, бошқалар давом эттириб, хонада кутубхона пайдо бўлган. Кейинги боришимда мен ҳам китоб кўтариб бордим...

 

Қайсар бола

 

Қайсар бола ош еб ўти­рар­ди. Ойиси устухон­ларни ҳамиша лаганнинг ўртасига уйиб, ке­йин устига ош сузарди. Устухон охирида ейилар, унгача ошни иссиқ тутиб турар эди. Катта аканинг олдидан устухон чиқиб қолди. Одоб билан уни дадасининг олдига сурди.

– Суякни мен кемираман, – деди қайсар бола суякка кўзи тушиб.

– Сен тозалай олмайсан, ўзим сенга пичоқда олиб бераман,– деди дадаси.

– Йўқ, ўзим.

– Қўлингни кесиб оласан.

– Кесмайман, – деб тихирлик қилди қайсар бола.

– Берақолинг, дадаси, ошни заҳар қилмасин, – деди ойиси.

– Ма, ол, ҳе қайсар, – деб дадаси унга суякни берди, аммо пичоқни бермади.

Қайсар бола дастурхонга фотиҳа ўқилганида ҳам устухонни зўр бериб ғажиб ўтирарди. Унга пичоқни беришмагани алам қиларди. Охири ғажишдан зерикиб, устухонни дуч келган томонга қараб отди. Қайсарлиги тутиб, қўл-бетини ювмай, ухлаб ҳам қолди.

Кечаси сичқон инидан чиқди. Уй ичида искаланиб юриб, қайсар боланинг қўли ҳидини олди. Ялади, юлқади. Бироқ нафси қонмагач, тишини ботирди. Қайсар  бола дод деб жон аччиғида бармоғини оғзига олиб борди. Сичқон касалланган эди. Қайсар бола сариққа чалинди. Касаллик акаларига ҳам юқди.

Пайғамбаримиз : “Ким қўлидаги овқат юқи би­лан, уни ювмасдан ухлаб қолса-ю, унга бирон мусибат етса, ўзидан бошқани маломат қилмасин!” деганларида қанчалар ҳақ эканлар.

 

Эркин МАЛИК