Баҳорнинг салқин кунларидан бири эди. Изғирин шамол узоқ йўл босиб чарчагандек деразамиз олдида уф тортар, уйини тополмаган иккита мусича бўғот тагидан жой излашарди. Олти ёшли Абдулмўмин бу қушларни кузатиб турган экан, дадасига хархаша қилди.

– Дадажон, ана шу қушларнинг ини йўқ экан, уйимизга олиб кирайлик.

Шунда отаси:

– Ўғлим, қушлар насибасини учиб бориб топиб келади, улар учиш учун яратилган, – деди. Абдулмўмин йиғлай бошлади:

– Улар совқотиб қолишади, нон берайлик.

– Бирорта жой топишар, ўғлим, ҳаво салқин, уйга кир, дамингни ол.

Лекин бола уйга киришниям, дам олишниям хоҳламас, қушларга ҳамдардлиги кўзларидан кўриниб турарди. Мажбур бўлган дадаси болохонада ётган эски тунчироқ қопқоғини ин қилиб ясади-да, бўғот яқинига осиб берди. Чуғурлашаётган қушлар бир зумда янги уйчага йиғилиб, мажлис бошлаб юборишди. Абдулмўмин буларни кўриб, ўзида йўқ севиниб кетди. Инга нон увоқларини сепишган эди, “пир” этиб учган қушлар яна кечки овқатга йиғилишди.

Абдулмўмин энди хотиржам бўлди шекилли, уйга кириб кетди, тезда ухлаб қолди.

Дадаси ўғлининг дилида раҳм-шафқат туйғулари борлигидан мамнун ҳолда унинг бошини силади.

 

Машкура СУЛТОНХЎЖА қизи