Биз Зангиота тумани Ғишткўприк маҳал­ласида яшаймиз. Маҳалламизнинг тепа қисмида, бир чақирим ҳам юрмасдан кенг адирлар бошланади. Мактабдан қайтгач, синг­лимни олиб адирга чиқаман. Дўлана терамиз. Кенгликларда ястанган четанзор, гўзал табиат манзараларини кўриб завқланамиз.

Ойим бизга: “Ўзбексизлар, ўзбек тилида ҳам ўқиш-ёзишни аъло даражада билишларинг керак”, деб қишнинг узун тунларида ўзбекча бадиий китобларни ўқитар ва ҳар куни кимгадир ўзбекча хат ёздирар эдилар (опам иккаламиз болалигимиздан рус тилига ихтисослашган боғча ва мактабга борганимиз учун ўзбек тилида ўқиш ва ёзишни унча яхши билмасдик). Ҳар куни ёзаверганимиздан хат ёзмаган бирорта қариндошимиз қолмади. Ўзимиз суйган нарсаларга ҳам хат ёздик. Опам қишлоғимизни кесиб ўтувчи катта ариққа хат ёзса, мен адирдаги дўланани соғиниб хат ёзардим. Мана улардан бири:

“Салом, Дўлана! Қишнинг совуқ, аёзли кунлари бошланди. Кузда ҳар куни ёнингга боришга ошиқар эдик. Қип-қизил меваларинг ботаётган қуёш нурларида ялтирарди, кўйлакларимиз ичига меваларингни жойлаб, уларни қуёшдан ҳам қизғанар эдик. Охирги марта борганимда меваларинг туршак бўла бошлаган экан. Лекин қуёш нурлари уларни маза қилиб ялашарди...

Энди бўлса… Ташқарида қор учқун­ламоқда. Яланғоч таналаринг совуқдан дир-дираётгандир. Мен совуқдан қўрқмайман, сен ҳам қўрқмагин. Баҳоргача сени соғиниб қоламан...”

Исмоил ЗОЙИРОВ