Аллоҳ таоло нарсаларни йўқдан яратди. У нарсаларни улар бўлмасидан, азалда билувчидир. Нарсаларнинг ҳолатини тайин этиб, ҳукм қилувчи Удир. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч нарса Аллоҳнинг хоҳишидан, илмидан, қазойи қадаридан, Лавҳул Маҳфузга битганидан ташқари бўлмайди. Аммо Лав­ҳул Маҳфузга баён этиб битгандир. Ҳукм этиб битган эмасдир.

Қазо, қадар, хоҳиш ҳам Аллоҳнинг азалий, инсон тасаввурига сиғмайдиган сифатларидандир.

Аллоҳ йўқнинг йўқлик ҳолатида қандайлигини ва уни яратса, қандай бўлишини билади. Аллоҳ мавжуднинг вужудлик ҳолатида қандайлигини ва унинг йўқлиги қандай бўлишини билади. Аллоҳ таоло, билиши ўзгармай ва билиши янги бўлмай, турганни турган ҳолида қандайлигини, агар у ўтирса, ўтирган ҳолида қандай бўлишини билади. Ўзгариш ва ҳолатдаги ҳар хиллик махлуқларда юз беради.

Аллоҳ махлуқларни куфрдан ва имондан холи яратди. Сўнгра уларга расуллари орқали хитоб қилди, имон ва тоатга буюрди, куфр ва гуноҳдан қайтарди. Сўнг кофир бўлган ўз феъли, инкори, ўжарлиги билан ва Аллоҳ таолонинг унга мадади бўлмаганидан кофир бўлади. Мўмин бўлган ўз феъли, иқрори, тасдиғи, Аллоҳ таолонинг унга тавфиқи ва мадади билан мўмин бўлади.

Аллоҳ таоло Одам зурриётини унинг пуштидан зарралардек қилиб чиқариб, уларни ақлли қилди ва уларга хитоб этиб, уларни имонга буюрди, куфрдан қайтарди. Улар Аллоҳнинг рубубия­тига иқрор бўлдилар. Бу уларнинг имонидир. Улар ана шу сифатда туғиладилар.

Сўнг кофир бўлган фитрий имонини куфрга алмаштиради ва ўзгартиради. Мўмин бўлган имонда собит қолиб, унда давом этади. Аллоҳ ҳеч бир махлуқини куфрга ва имонга мажбур этмади, ва уларни мўмин қилиб ҳам, кофир қилиб ҳам яратмади, уларни куфр ва имонга қобилиятли шахслар қилиб яратди. Имон ва куфр бандаларнинг феълларидир. Аллоҳ таоло куфр келтирган кимсани кофир ҳолида қандайлигини билади. Агар у сўнг имон келтирса, имонли ҳолида қандай мўминлигини билади ва яхши кўради.

Бандаларнинг ҳамма ҳаракат ва туриш феъллари ҳақиқатда уларнинг касбидир. Уларнинг яратувчиси Аллоҳ таолодир. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми ва қазойи қадари билан содир бўлади. Тоатларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг амри, муҳаббати, розилиги, илми ва қазойи қадари билан рўй беради. Гуноҳларнинг ҳаммаси эса Аллоҳнинг илми, қазойи қадари ва хоҳиши билан воқе бўлади, Аллоҳнинг амри, розилиги ва муҳаббати билан бўлмайди.

Ҳамма пайғамбарлар (алай­ҳимуссалом), катта ва кичик гуноҳлардан ва куфрдан асралгандирлар. Гоҳо уларнинг баъзиларидан янглишишлар содир бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг ҳабиби, хос бандаси, расули, пайғамбари, танлаганидир. Бутга сиғинмаганлар, Аллоҳга асло ширк келтирмаганлар, кичик ва катта гуноҳни ҳеч қилмаганлар.

Пайғамбарлардан (алайҳумуссалом), кейин одамларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб Форуқ, сўнгра Усмон ибн Аффон Зуннурайн, сўнгра Али ибн Абу Толибдирлар. Уларнинг ҳаммасидан Аллоҳ рози бўлсин. Улар ҳақ билан бўлиб, ҳақда ўтганлар. Уларнинг барчаларини дўст тутамиз.

 

"Ал-Фиқҳ ал-Акбар" асаридан