Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан ҳар бирларини фақат яхшилик билан ёдга оламиз.

Махсига масҳ тортиш суннат билан собитдир. Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш суннатдир. Солиҳ ва солиҳ бўлмаган мўминларнинг ортида намоз ўқиш жоиздир. Биз, мўминга гуноҳлар зарар қилмайди ва у дўзахга кирмайди, дунёдан мўмин ҳолда кетса, агар у фосиқ бўлса, дўзахда абадий қолади, демаймиз. Биз, муржиалар каби, албатта, яхши ишларимиз мақбул ва ёмон ишларимиз мағфур, демаймиз.

Аллоҳ таоло дунёдан имон билан ўтганнинг яхшиликларини, шартларига биноан ва бузувчи айблардан холи қилиб, куфр ва диндан қайтиш билан йўққа чиқармаган бўлса, зое қилмайди, балки қабул қилади ва унга ажр беради; ширк ва куфрдан бошқа гуноҳ қилиб, тавба қилмай, имон билан ўтган киши Аллоҳнинг хоҳишида: агар истаса, уни дўзах билан азоблайди ва хоҳласа, уни афв қилади. Дўзах билан абадий азобламайди, деймиз.

Пайғамбарларнинг мўъжизалари, авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Аммо хабарларда келтирилган Аллоҳнинг душманлари – Иблис, Фиръавн, Дажжол кабиларда бўлган ва бўладиган одатдан ташқари ишларни каромат деб атамаймиз. Буларни биз уларнинг ҳожатларини чиқариш деб атаймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг дунёда ғурурда, охиратда азобда қолиши учун ҳожатларини раво қилади. Улар бу билан мағрурланиб, куфру туғёнда ҳаддан ошиб кетадилар.

Аллоҳ таоло махлуқларни яратмасдан илгари ҳам яратувчи ва уларга ризқ бермасдан олдин ҳам ризқ берувчи зотдир. Аллоҳ таоло охиратда кўринади, Уни мўминлар жаннатда ўз кўзлари билан, ўхшашсиз, тасаввурсиз, ўртада масофасиз кўрадилар.

 

"Ал-Фиқҳ ал-акбар" китобидан