Ҳадислар динимизни ўрганишимиздаги асосий таянч манбалардан биридир. Унга оғишмай амал қилган киши етук мусулмон бўлади.

Мужтаҳид уламолар ва мазҳаббоши имомларнинг ҳадис ҳақидаги фикрларини ўрганиб, уларнинг ҳадисларга эътимод ва рағбатлари қай даражада эканини билиб олиш мумкин. Қу­йида ана шундай фикрлардан айримларини эътибори­нгизга ҳавола этамиз.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) (ҳижрий 80–150 йиллар):

"Ораларида ҳадис билан шуғулланадиганлар бўлган муддатгача инсонлар омонликдадир. Илмни ҳадисдан ташқарида излай бошлаган вақтларида эса, адашадилар".

"Аллоҳнинг дини ҳақидаги бирор масалада ўз раъйингиз билан ҳукм чиқаришдан сақланинг, суннатга эргашинг. Суннатдан узоқлашган одам адашади".

Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) (ҳижрий 150–204 йиллар):

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадис ривоят қила туриб, ўша ҳадисга терс ҳукм чиқарсам, мен қайси осмон остида омон қоламан, мени қайси ер кўтаради?!"

Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) (ҳижрий 95–179 йиллар):

"Суннатлар Нуҳнинг кемасига ўхшайди. Ким бу кемага чиқса, нажот топади, чиқмаганлар эса, ғарқ бўлади".

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ) (ҳижрий 164–241 йиллар):

"Ким Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини рад қилса, ҳалокати жуда яқиндир".

Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ) бир куни: "Инсонлар ҳеч қачон ҳозиргидек ҳадисга муҳтож бўлмаган", дедилар. Суҳбатдошларидан бири: "Нима учун?" деб сўради. У киши: "Жуда кўп бидъатлар чиқди. Ким ҳадисни билмаса, бидъатга дучор бўлади", деб жавоб бердилар.