Имон иқрор ва тасдиқдир. Еру осмон аҳлининг имони озаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам. Мўминлар имонда ва тавҳидда тенг­дирлар, амалларда эса улар бир-бирларидан ортиқдирлар.

Ислом таслим бўлмоқ ва Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунмоқдир. Имон ва Ислом сўзларида луғавий жиҳатидан фарқ бўлса-да, имонсиз Ислом бўлмаганидек, Исломсиз имон ҳам бўлмайди. Уларнинг иккаласи бел билан қориндек. Дин имон, Ислом ва аҳкомларнинг ҳаммасининг номидир.

Биз Аллоҳ таолони, Китобида зотини васф қилганидек, ҳамма сифатлари билан ҳақиқий таниймиз. Ҳеч ким Аллоҳга, У лойиқ бўлган ҳақиқий ибодатни адо этолмайди. Аммо Унинг амри билан, У буюрганидай Унга ибодат қилади. Мўминларнинг барчалари Аллоҳни танишда, ишонишда, Унга суянишда, Уни севишда, Ундан рози бўлишда, Ундан қўрқишда, Ундан умидвор бўлишда ва имонда бир-бирлари билан тенгдирлар. Аммо улар бир-бирларидан амалда фарқ қиладилар.

Аллоҳ бандаларига фазлу карам қилувчи ва адолатли зотдир. У фазл айлаб, бандага, у лойиқ бўлганидан бир неча баробар зиёда савоб беради. У адл айлаб, бандага гуноҳи учун азоб беради ва фазл айлаб, унинг гуноҳини афв қилади.

Пайғамбарларнинг (алай­ҳимуссалом) шафоатлари ҳақдир ва Пайғамбаримизнинг, (алайҳиссалом) гуноҳкор мўмин бандаларни ва азобу уқубатга лойиқ бўлганларни, гуноҳи кабира қилганларни шафоат қилишлари ҳақдир.

Қиёмат куни тарозида амалларнинг тортилиши ҳақдир, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаннатда ҳовузлари борлиги ҳақдир, қиёмат куни хусуматчилар ўрталарида бир-бирларидан яхши амалларни олиб, қасос олишлари ҳақдир. Агар уларнинг яхши амаллари бўлмаса, мазлумларнинг ёмон амаллари золимларга ортилиши ҳақ ва жоиздир.

Жаннат ва дўзах ҳозир яратиб қўйилгандир, улар абадий йўқ бўлмайди. Ҳурлар ҳам абадий ўлмайдилар. Аллоҳнинг иқоби ва ажри йўқ бўлмайди, улар абадийдир. Аллоҳ истаган бандасини фазл айлаб, ҳидоятга солади. Истаган бандасини адл айлаб, излол этади. Аллоҳ таоло­нинг излоли хизлонидир. Хизлоннинг тафсири – Ўзи рози бўладиган амалларга бандани мойил қилмаслигидир. Бу Аллоҳнинг адлидир. Шунинг­дек, мойил қилинмаганни гуноҳ учун жазолаш ҳам адолатдир. Биз, шайтон мўмин банданинг имонини зўрлаб, қаҳр қилиб тортиб олади, демаймиз. Балки биз, банда олдин имонини тарк этади, ана шу вақтда шайтон ундан имонини тортиб олади, деймиз.

 

"Фиқҳул Акбар"дан