Бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак олдиларида Имоми Аъзамдан бироз шикоят қилди. Шунда Ибн Муборак ҳазратлари айтдилар: “Хайф сенга, қирқ беш йил беш вақт намозни бир таҳорат билан ўқиган ва менга барча фиқҳ илмини ўргатган азиз зотдан шикоят қиласанми?!”

Ҳазрат Имоми Аъзам ўттиз йил кун ора рўзадор эканлар. Кўчадан ўтиб кетаётганларида бир киши ёнидагига: “Шу одам Абу Ҳанифа, кечаси билан ухламасдан тоат қилиб чиқадилар”, деди. Бу гапни эшитган Имоми Аъзам шогирди Абу Юсуфга айтдилар: “Субҳоналлоҳ, Аллоҳ таоло каминани шундоқ дейилишга муносиб кўрибди ва буни атрофга ёйибди. Бундан буён кечалари намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ёлвораман ва муножот қиламан. Зеро, Қуръони мажидда қилмаган иши учун мақталишни хуш кўрадиганлар ёмонланади: “...қилмаган (яхши) ишлари учун мақталишни севадиганлар азобдан халос бўладилар деб асло ҳисобламанг! (Оли Имрон, 188), оятини ўқиб қирқ йил хуфтоннинг таҳорати билан бомдод намозини ҳам ўқийдилар.

Имом Абу Юсуф айтганлар: “Устодим Имоми Аъзам бир кеча ва кундузда бир бор Қуръонни хатм қилар эдилар. Рамазон ва ҳайит кунларида икки мартадан хатми Қуръон қилар эдилар”.

У зот илм ўргатишда кўп сабрли, ғазабдан узоқ эдилар. Имом Мисъар айтган: “Ишроқ намозини ўқигач, то пешин намозини ўқигунча дарс ва фатво берардилар. Сўнгра хуфтонгача яна дарс бериш билан банд бўлардилар. Шогирдлари кетганидан сўнг покизалик ва таҳорат билан масжидга чиқиб, бомдодгача намоз ўқир эдилар. Сўнг уйларига кириб, кийимларини алмаштириб, бомдод намозига чиқар эдилар. Эртасига яна ўтган кундагидек қилардилар”.

Агар бирор масала ҳал бўлавермаса, Имоми Аъзам шогирдларига: “Бу менинг қилган гуноҳимдандир”, дер эканлар. Сўнгра истиғфор айтиб, янги таҳорат билан икки ракат намоз ўқиганларидан сўнг ўша масаланинг ечими топилар экан.

 

ҲАЗРАТ АЛИ ДУОЛАРИНИНГ БАРАКОТИ

 

Ривоят қилишларича, Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳақига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам чиқдилар ва бу зотнинг мазҳаблари оламга машҳур, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди. Барча улуғ уламолар ва буюк мужтаҳидлар у зотнинг мазҳабидаги усул ва фуруъ масалаларига амал қилишдилар. Унинг ҳартомонлама шаклланиши ва ривожланишига ҳисса қўшдилар.

Фақиҳ ва муҳаққиқ олим Ибн Обидин “Дуррул мухтор” ҳошияси “Раддул мухтор”да ёзишларича, Самарқандда бир мозор бор. У ерда тўрт юз нафар Муҳаммад исмли ҳанафий мазҳабининг улуғ уламолари ётишибди. Уларнинг ҳар қайсиси фатво беришга лаёқатли, бир қанча асарлар битган ва кўплаб шогирд етиштирган зотлар бўлишган. Уларнинг издошлари ҳам улуғ илм эгалари бўлиб, кўпгина мусулмон халқларга илму ирфон ўргатишган.

Энди ушбу сатрлар муаллифи ожизона арз қиладики, жаноб Ибн Обидин зикр қилган уламолар мозори Самарқандда ҳозир ҳам (1914 йиллар ҳақида гап кетмоқда – таҳр.) бор, у “Чокири хибра” мозори дейилади. Аламул ҳудо (ҳидоят нишони) Шайх Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг қабри шарифлари шу мозорда.

Имом Шофиъий бундай деганлар: “Ҳар ким фиқҳ илмини билишни истаса, Имоми Аъзамнинг шогирдларига шогирд бўлсин. Мен ҳам Имом Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларини мутолаа қилиб, фақиҳ бўлдим”.

Уламолар айтишган: “Фиқҳни ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд экди, Имом Алқама суғорди, Иброҳим Нахаъий ўрди, Имом Ҳаммод янчди, Имом Абу Ҳанифа ун қилдирди, Имом Абу Юсуф қориб хамир қилди ва Имом Муҳаммад нон қилиб пиширди”.

Буларнинг бари ҳазрат Алининг (каррамаллоҳу важҳаҳу) ўша дуолари баракоти ва кароматлари сабабидандир.

 

Васлий Самарқандийнинг “Имоми Аъзам ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан.