* * *

Бир куни бир одам Имоми Аъзамнинг ҳузурига кириб, бирнималар деди. Ҳазрат Имоми Аъзам унинг гапларини эшитиб бўлгач, бундай деган эканлар: “Бу каби бефойда сўзларни қўй. Одамларга ёқмайдиган кишининг сўзидан қочиш керак. Ким биз ҳақимизда ёмон гапирса, Тангри уни кечирсин, ким биз ҳақимизда яхши сўзласа, Аллоҳ таоло уни раҳматига олсин. Аллоҳ таоло розилиги учун фиқҳни ўрганинглар ва одамларнинг гап-сўзини қўйинглар”.

* * *

Бир киши Имоми Аъзамдан сўради: “Алқама яхшироқми ёки Асвадми? (Яъни қай бири афзал?)” Имоми Аъзам бундай жавоб бердилар: “Мен икковларини дуо ва истиғфор ила ёд қилиб, таъзимларини бажо келтираман, бирларини бирларидан афзал дейишга ҳаққим ва ҳаддим йўқ”.

* * *

Ибн Муборак бундай деган: “Имоми Аъзамнинг бирор душмандан шикоят қилганини ҳам, бировни ёмонлаганини ҳам эшитмаганман”. Бакр ибн Маъруф айтади: “Ҳазрат Муҳаммаднинг уммати ичра Абу Ҳанифадан гўзал сифатлироқ ва яхши сийратлироқ одамни кўрмадим”.

* * *

Имоми Аъзам ҳазратлари шогирдлари ва бошқа одамларга жуда кўп икром ва эҳсон қиладиган, раҳмдил ва кичикфеъл эдилар. Бинобарин, уйлана олмайдиганларни уйлантирар, шунга муносиб нафақа ҳам берар эдилар. Яна керакли нарсалар юбориб, мурувват қилиб турардилар. Бир куни бир суҳбатдошларининг кийими кир бўлгани ва эскириб кетганига кўзлари тушди. Бошқалар чиқиб кетган вақтда ундан яна бир оз ўтиришини сўрадилар. Сўнгра унга: “Жойнамознинг тагида пул бор, олиб ўзингизга кийим ҳарид қилинг”, дедилар. Ўша шогирдлари пулни олиб кетиб санаган эди, минг танга чиқди.

* * *

Имом Абу Юсуф айтибдилар: “Устозим ҳеч кимнинг сўровини қайтарган эмаслар, балки барчанинг ҳожатини раво қилардилар”.

* * *

Ўғиллари Ҳаммод Фотиҳа сурасини хатм қилди. Улуғ имом домлага минг танга юбориб, яна узр айтдилар: «Узр, тақсир, арзирли нарса юборолмадик. Сиз “Озгина таълим бердим-ку”, деб илмни хор тутманг. Бизда бу минг тангадан кўпроғи бўлганида, Қуръони мажиднинг таъзими учун юборар эдик».

* * *

Имоми Аъзам Имом Вакиъга бундай деган эканлар: “Қирқ йилдан бери тўрт минг тангадан ошиқ пулни қўлимда тутмайман. Тўрт минг тангадан ошиғини чиқараман (тарқатаман). Шу тўрт минг танга ҳам олимлар нафақасининг сармояси учундир, йўқса бир танга ҳам сақламас эдим”.

* * *

Ўзлари ва бола-чақалари учун кийим-кечакми, мевами ёки бошқа нарсами олмоқчи бўлсалар, олдин катта уламоларга олиб, сўнгра ўзларига олар эдилар. Имом Абу Юсуф айтади: “Бирор киши устозга берган нарсалари ва қилган эҳсонлари учун миннатдорлик билдирса, устоз хафа бўлиб, бундай дер эканлар: “Бу нарсалар Аллоҳ таолонинг сенга берган ризқидир, Унга шукр қил, менга эмас”.

* * *

Имоми Аъзам устозлари имом Ҳаммоднинг саховат ва эҳсонларини кўп эслардилар. Ҳазрат Имоми Аъзам ўн йил имом Абу Юсуфнинг харажатлари ва нафақаларини бериб турган эканлар.

* * *

Имом Шақиқ айтади: “Абу Ҳанифа билан йўлдош бўлиб сафарга чиқдим. Бир одам Абу Ҳанифани кўриб, бошқа йўлга қочди. Абу Ҳанифа уни кўриб, қаттиқ чақирди ва ундан: “Нега қочяпсиз?” деб сўради. У киши: “Сизнинг бир неча танга пулингиз менинг гарданимда турибди. Кўп замонлар ўтди, қашшоқ бўлиб қайтаролмадим. Шундан уяламан”, деб жавоб берди. Абу Ҳанифа: “Ундай бўлса, ҳаммасидан кечдим. Энди хотиржам бўлинг, мендан уялиб қочманг!”

* * *

Ушбу сатрлар муаллифи айтади: йўлбошчимиз Имоми Аъзам ҳазратларининг ҳамма одамларга, хусусан, шогирдларига эҳсон ва саховатлари таҳсинга сазовор ва барчамизга ўрнакдир. Қани энди устозлик даъвосини қилгувчи ҳар бир мударрис Имоми Аъзамнинг бу гўзал одатларини ўзига дастуриламал билиб, шогирдларга марҳамат назари билан қараса, уларга саховат кўрсата олмаган тақдирда ҳам, ҳеч қурса улардан бирон нима тама қилмаса, шунда балки шогирдлар ҳам илмли, ҳам ҳиммат ва мурувватли бўлармиди...

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг “Имоми Аъзамнинг ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан тайёрланди.