Баъзи ҳадисларни ровий: “Расулуллоҳ Раббиларидан ривоят қилиб, дедилар”, деб нақл қилади ёки Пайғамбар “Аллоҳ таоло деди”, “Аллоҳ таоло дейди”, деб бошлайдилар. Бундай ҳадислар “қудсий”, “раббоний” ёки “илоҳий ҳадислар” деб аталади.

Мисол: Абу Зарр Ғифорий Расулуллоҳдан , Расулуллоҳ Раббиларидан (азза ва жалла) ривоят қилади: “Эй бандаларим, Мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизлар ўртангизда ҳам ҳаром қилдим. Шунинг учун бир-бирингизга зулм қилмангиз” (Имом Муслим ривояти).

Ўқувчида “Ҳадиси қудсий ҳам, Қуръон ҳам Аллоҳ таолонинг сўзи бўлса, унда иккаласининг фарқи нима?” деган савол туғилиши мумкин. Олимлар Қуръон ва ҳадиси қудсийнинг қуйидаги учта асосий фарқини келтирадилар:

Қуръоннинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳдан, ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳдан, лафзи Расулуллоҳдан .

Қуръон тиловати билан ибодат қилинади, ҳадиси қудсийни тиловат қилиб ибодат қилинмайди.

Қуръон оятларининг ҳаммаси мутавотир тарзда келган, ҳадиси қудсий ундай эмас.

Аллома Кирмоний “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган шарҳида қуйидаги фарқларни келтиради: “Қуръон мўъжиз (ожиз қолдирувчи) ва Жаброил воситасида туширилган. Ҳадиси қудсий эса мўъжиз эмас ва воситасиз тушган”.

Бир қанча олим ҳадиси қудсийларни алоҳида китобда жамлашган. Муҳаммад Маданийнинг “Итҳофотус сания”, Имом Нававийнинг “Ал-аҳодисул қудсийя”, Ибн Булбон Мақдисийнинг “Ал-мақосидус сания”, Ибн Дайбаъ Шайбонийнинг “Ал-аҳодисул қудсия”, Мунновийнинг “Ал-итҳофотус сания” китоблари ана шундай асарлар сирасига киради.