Умар (розияллоҳу анҳу) Куфа аҳлига дин илмлари ва Ислом фиқҳини ўргатиш учун машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъудни (розияллоҳу анҳу) юборади. У зотдан таълим олган Кўфа аҳолиси орасидан кўплаб олимлар етишиб чиқади. Улардан бири мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг устози фақиҳ Ҳаммод ибн Абу Сулаймондир. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан ўн саккиз йил таълим олганлар. Мазҳаббошимиз устозидан сўнг унинг шогирдларига таълим-тарбия берганлар. Шунингдек, у зот бир неча саҳобаларни кўрган ва улардан ҳадислар тинглаб, ривоят қилганлар.

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай ҳикоя қиладилар: "Мен ҳижрий 80-йил Куфа шаҳрида туғилдим (милодий 699 йил). Отам Собит Зута ўғли билан 16 ёшимда ҳожилар карвонига қўшилиб ҳаж ибодатига жўнадик. Биз Маккаи мукаррамага бордик. Масжидул Ҳарамга кирганимизда бир киши одамларга ваъз қилаётган эди. Отамдан: "Бу ким?" дея сўрадим. Отам: "Бу киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Ҳорис бўлади", дедилар. У кишининг атрофига ўтириб олганлар жимгина ҳадис тингларди. Шунда биз ҳам даврага қўшилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларини эшита бошладик. У киши: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким динда фақиҳ бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча ишларини ўнглайди, ўйламаган жойидан унга ризқ ато этади", деганларини эшитганман», деди. Кейин биз ҳаж мавсуми тугагач, уйимизга қайтдик. Лекин, ўша нуроний саҳоба айтган ҳадис ҳануз қулоғимга жаранг­лаб эшитилиб туради" (Муснад, 32-ҳадис). Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Унайс (розияллоҳу анҳу) ҳижрий тўқсон тўртинчи йили Куфага келдилар. Ўшанда мен ўн тўрт ёшда эдим. Саҳоба билан кўришдик, у зот Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ҳадисларини айтди: "Бир нарсани ҳаддан ортиқ севишинг, кўзингни кўр ва қулоғинг­ни кар қилиб қўяди (яъни, севган кишингнинг айбини кўрмайсан, кўрганлар сўзлашса, эшитгинг келмайди)".

Одатда, бирон саҳобани кўрган кишини тобеий, дейилади. Агар саҳоба билан суҳбат қилган ёки ҳадис эшитиб ривоят этган бўлса, уни "тобеин аъёнидан", яъни тобеинларнинг улуғроғидан, де­йилади. Аҳли сунна вал жамоадаги тўртала мазҳаб йўлбошчиларидан фақат Имоми Аъзамгина (раҳматуллоҳи алайҳ) шу мақомга мушарраф бўлганлар.

 

Абдурашид ЭСОНҚУЛОВ,

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани "Белибойли ота" жоме масжиди имом-хатиби