Имоми Аъзам ёшлик вақтларида бир оз савдо билан машғул бўлар эдилар. Кунларнинг бирида Имом Шаъбий бозор ичида у ёш ўғлонни кўриб, ўзларига хос фаросат ва зийрак нигоҳ билан бу ўсмирда фазилат ва камолот файзи, илм ва жамол нурини кўрдилар. “Бу кимнинг ўғли?” деб сўрадилар. Бозордагилар: “Собитнинг ўғли, исми Нўъмон”, деб жавоб бердилар. Имом Шаъбий ҳазратлари унга қараб дедилар: “Эй Нўъмон ибн Собит, сиз уламолар билан суҳбат этишингиз, илм таҳсил қилишингиз ва дарс ўқишингиз лозимдир. Менинг фик­римча, оз фурсатда улуғ олим ва буюк ориф бўлиб етишасиз”.

Имом Шаъбийнинг бу сўзлари Имоми Аъзам кўнгилларига қаттиқ таъсир қилди. Бозор ва савдогарлик ишларини йиғиштириб, холис кўнгил билан илм йўлига қадам қўйдилар. Туну кун илм олиш учун саъй-ҳаракат қилдилар. Калом илмини ўқиб, замонасининг машҳури бўлдилар.

Басра шаҳрига бориб, Басра аҳли билан калом илмида кўп мунозаралар қилардилар. Басрада ўша пайтларда олимларнинг йигирмадан кўпроқ гуруҳи бор эди.

Улуғ имомнинг қалбига ушбу гаплар илҳом бўлиб, хаёлларидан кетмай қолди: “Саҳоба ва тобеинлар калом илмида тенгсиз эдилар. Аммо бошқаларни бу илмдан қаттиқ қайтаришарди. У зотлар одамларга ҳамиша шариат ҳукмлари ва фиқҳий масалаларни ўргатишни хоҳлашарди. Ҳар доим улар Қуръон оятлари ва ҳадислардан чиқадиган масалаларни ўқитиш билан банд эдилар. Ажабо, мен эса калом ва жадал (баҳслашиш) илми билан машғулман. Бу яхши эмас”.

Сўнгра Имом Ҳаммод ибн Сулаймоннинг халқасига яқин келиб, қатъият билан дарс эшита бошладилар.

Бу аснода бир аёл келиб, Имоми Аъзамдан сўради: “Бир эр хотинини суннатга мувофиқ талоқ қилишни хоҳлайди. Бунинг учун нима дейиши керак?” Имоми Аъзам жавоб бермасдан: “Бу саволингни Ҳаммоддан сўрасанг, жавобини билиб оласан”, дедилар. У аёл Имом Ҳаммоддан саволига жавоб олди.

Шу воқеадан ке­йин, Имоми Аъзам Имом Ҳаммоднинг дарсларига кириб ўтирдилар. Имом Ҳам­мод ҳазратлари нима деса, Имоми Аъзам жону дил ила ёдлаб олардилар.

Имом Ҳаммод дарсларда Имоми Аъзамни ўн йил рўпараларига ўтирғизди. Охири, улуғ имом жамоанинг қориси (дарсни ўқиб берувчи) бўлдилар. Гоҳо Имоми Аъзамнинг нафслари алоҳида дарс ва таълим беришга, диний масалалар юзасидан келадиган саволларга жавоб беришга ундарди. Шу ишни мақсад қилиб турганларида, бир қариндошларининг вафоти хабари келди. Марҳумнинг Имоми Аъзамдан ўзга меросхўри йўқ эди. Ночор сафар қилишларига тўғри келди. Бир шерикларини ўрниларига қўйиб, устозлари Имом Ҳаммоднинг дарсларига икки ой қатнашмадилар. Борган ерларида одамлар олтмиш масалада савол сўрадилар. У масалаларни устозлари Имом Ҳаммоддан эшитмаган эдилар. Шундай бўлса-да саволларнинг ҳаммасига жавоб бердилар.

Икки ойдан кейин келиб, ўша олтмиш савол-жавобни устозларига бирма-бир айтиб бердилар. Устозлари қирқ жавобни тўғри дедилар, аммо йигирма жавобни тўғри топмадилар. Шундан сўнг Имоми Аъзам: “Энди ўлгунча устозимдан ажрамайман, ўзим дарс  тузмайман”, деб аҳд қилдилар.

Ҳазрат Имоми Аъзам бундай деганлар: “Ҳамма илмларда бир оз нуқсон топилади. Аммо фиқҳ илмини қанча мулоҳаза қилсам ҳам, ўшанча лаззат билан ҳаловат топиб, унда ҳеч бир айб кўрмадим. Зеро, дунё ва охират саодати­га фиқҳ илмини ўрганиш, билиш ва унга амал қилиш билан етишилар экан. Шунинг учун фақат фиқҳ билан шуғулландим”.

Қуръонни ёд олган, тажвид илмида моҳир эдилар. Имом Абу Юсуф: “Тафсир билан ҳадис илмида устозим Имоми Аъзамдан билимли кишини кўрмадим”, деганлар.

 

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг “Имоми Аъзамнинг ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан тайёрланди.