Язид ибн Ҳорун айтади: “Имоми Аъзамдек ҳалим кишини кўрмаганман”.

Имоми Аъзам беҳуда гаплардан тийилишга катта аҳамият берар, ниҳоятда тақволи зот эдилар. Бир одам буюк имом олдиларига бориб, оғзига келган гап билан ҳақорат қилди. Барча хунук сўзларни тап тортмасдан айтаверди. Имоми Аъзам айтдилар: “Аллоҳ таоло сизни кечирсин, менинг нималигимни Ўзи билади”.

Абдураззоқ айтади: “Имоми Аъзамдек мулойим кишини кўрмадим”.

Имоми Аъзам бундай деган: “Менга ёмонлик қилган кишига асло ёмонлик қилмадим, ҳаргиз бирор кишига лаънат айтмадим. Бирор мусулмон ҳақига зулм ва фириб қилмадим”.

Имоми Аъзамнинг бир қўшнилари бор эди. Кўпинча маст бўлиб, улуғ имом шаънига нолойиқ шеър ўқиб, нағма қиларди. Бир кеча товуши чиқмади. Имоми Аъзам: “Нега қўшнимиз жим?” деб сўради. Бир киши: “Уни миршаб олиб бориб, қамаб қўйибди”, деди. Сўнгра Имоми Аъзам  амирнинг олдига бориб илтимос қилди: “Бизнинг бир бечора косиб қўшнимиз қамалибди. Илтимос, уни қўйиб юборишларини буюрсангиз”.

Амир Имоми Аъзам ҳурмати икки кечадан буён ҳибсга олинганларнинг ҳаммасини озод қилди. Имоми Аъзам қайтаётганларида ортларидан ўша қўшнилари келиб: “Аллоҳ таоло сизни мукофотласин. Ҳар қанча одобсизлик қилган бўлсам, тавба қилдим”, деб узр айтди. Сўнгра Имоми Аъзамнинг мажлисларидан ажралмади, охири яхши фақиҳ бўлиб етишди.

Валид ибн Қосим ва Исом бундай дейиш­ган: “Ҳеч бир устоз шогирдларига Имоми Аъзамдек меҳрибон ва ғамхўр бўлган эмас. Шогирдларидан бири баландроқ жойдан йиқилиб, вой-дод, деб қичқирган эди, масжиддагилар эшитишди. Ҳазрат Имоми Аъзам дарҳол ўрниларидан туриб, ялангоёқ югуриб, олдига борди ва йиғлаб: “Агар мумкин бўлса эди, унинг озорини мен олардим”, деди. Шогирд тузалгунча эртаю кеч олдига бориб турди.

Ҳазрат Имоми Аъзам дарс айтиб турганларида бир киши келиб ҳар хил ёмон сўзлар билан у зотни сўкди. Имоми Аъзам бутун диққатларини дарсга қаратиб, унга эътибор бермади. У одам сўкишдан тўхтамас эди. Улуғ имом ҳатто шогирдларини ҳам унга гапиришдан қайтариб, шу зайлда дарсни тугатди. Сўнг уйларига жўнадилар. У киши ҳам ортидан эргашди. Уйига етганида у кишига қараб бундай деди: “Мана бу менинг уйим, агар дилингда яна ҳақорат ва сўкиш қолган бўлса, айтиб кет, яна ичингда кетмасин”. У киши ҳайрон қолди ва уялди.

Имоми Аъзам бундай деган: “Устозим Ҳаммодни  ҳар намоздан сўнгра ота-онам билан бирга дуо қиламан ва Аллоҳ таолодан мағфират тилайман. Бошқа устозларимни ҳам дуо қиламан. Ҳеч қачон устозим Ҳаммоднинг уйлари томонга оёғимни узатмадим. Ҳолбуки, устозимнинг уйлари менинг уйимдан етти кўча нарида эди”.

Имом Абу Юсуфнинг Ҳорун Рашидга айтган ушбу сўзлари машҳурдир: “Эй мўминлар амири! Менинг билганим шуки, устозим ҳазратлари (Имоми Аъзам) Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан қаттиқ сақланар, ўта парҳезкор эдилар. Ислом шариати ҳукмлари ҳақида ҳаргиз билмасдан гапирмасдилар. Молпарастлардан қочар эдилар. Узоқ сукут сақлар ва камгап эдилар. Агар бирор масала ҳақида сўралса, у масалани билсалар, атрофлича сўзлаб, фикр­ларининг тўғрилигини исбот қилардилар. Нафслари билан динларини яхши сақлар эдилар. Одамларга илм ва молларидан илинардилар. Ўзлари бой бўлиб, ҳеч бир бадавлат кишига хушомад қилмас, тамадан узоқ эдилар. Бировни ғийбат қилмасдилар. Агар бирор киши ҳақида гапирсалар, яхши жиҳатларини гапирар, беҳуда сўзлардан ўзларини қатъий тиярдилар”.

Ҳорун Рашид айтди: “Бу сифатлар солиҳ одамларнинг яхши хулқларидир”.

Имом Муъафо Мувсимий бундай деган: “Имоми Аъзамда ўнта ёқимли хислат жам бўлган эди:

1) парҳезкорлик;

2) содиқлик;

3) иффат ва поклик;

4) одамлар билан муроса қилиш;

5) самимий дўстлик;

6) фойдали нарсага хайрихоҳлик;

7) узоқ сукут сақлаш;

8) тўғрисўзлик;

9) ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилиш;

10) тамадан узоқлик.

Агар кимда Имоми Аъзамнинг бу ўн хислатлари жам бўлса, у юртининг улуғи ва даврининг сардори бўлади.

 

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг “Имоми Аъзамнинг ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан тайёрланди.