Қуръони карим тиловатидан сўнг Соффот сурасининг охирги уч ояти: “Субҳана Роббика Роббил ъиззати ъамма йасифун. Ва саламун ъалал мурсалийн. Вал ҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн” ўқилиб, дуо қилинади. Оятларнинг маъноси: “Қудрат эгаси бўлмиш Раббингиз улар қилаётган сифатлардан (айбу нуқсондан)покдир. Пайғамбарларга салом! Ҳамд эса, (барча)оламларнинг Раббига (хосдир). Қуръони карим тиловатидан сўнг мазкур оятнинг ўқилиши сабаби бундай: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимни амали тўлиқ ўлчов ила ўлчаниши хурсанд қилса, мажлис охирида, туришдан олдин: “Субҳана Роббика Роббил ъиззати ъамма йасифун. Ва саламун ъалал мурсалийн. Вал ҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн”ни ўқисин» деганлар (Ибн Абу Хотим ривояти). Ҳадиси шарифдаги “мажлис” сўзи “ўтирадиган жой”, “ўтириш” маъноларини англатади. Қуръони каримни тиловат қилгач, ушбу оятлар билан якунлаш мазкур ҳадисга мувофиқдир. Ушбу ояти карималарнинг тафсирида муфассир Ибн Ажиба бундай деган: «Соффот сурасининг охиридаги ушбу оятлар билан мўминларга ваъз-насиҳат мажлисларини қандай тугатиш таълим берилмоқда. Чунки одамлар тўпланган мажлисда баъзи хато ва камчиликлар содир этилиши, Аллоҳга хуш келадиган ва хуш келмайдиган гаплар гапирилиши, қилинган ваъз-насиҳатда билиб-билмай хатога йўл қўйилиши мумкин. Буларнинг барчасига каффорат бўлиши учун ушбу оятларни ўқиш ва берган неъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиш вожибдир».

Ҳар қандай яхши ишни Аллоҳга ҳамд ва тасбеҳ, пайғамбарларга салавот ва салом айтиб якунлаш унинг қабул бўлиши калитидир.

 

Баҳодиржон АЪЗАМОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси