Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Имоми Аъзамдек ақлли, улуғ кишини кўрмадим”.

Ҳорун ар-Рашид бундай деган экан: “Кишилар кўз билан кўролмайдиган нарсаларни Абу Ҳанифа ақл кўзи билан кўради”.

Али ибн Осим: “Имоми Аъзамнинг ақлини дунёнинг ярим аҳолиси ақли билан қиёсланса, Имоми Аъзам ақллари устун келади”.

Имом Абу Юсуф айтади: “Устозим Имоми Аъзамдек ақлли ва мурувватли инсонни кўрмадим”.

Имоми Аъзамнинг ўғли Ҳаммод айтади: “Отам Имоми Аъзам кийимларига ўраниб масжид ичида ўтирардилар. Катта бир илон масжиднинг шифтидан кўкракларига тушди. Улуғ Имом жойларидан ҳатто қимирламадилар ва сесканмадилар. Сўнг илонни ушлаб, масжид ташига отдилар ва: “Ҳар нарса Аллоҳ таолодандир. У тақдир қилмаган ҳеч нарса бўлмайди. Шунинг учун, қўрқиб паришон бўлиш дуруст эмас, балки сабр ва ризо лозимдир”, дедилар.

Имом Шофиъий дер эканлар: “Ҳеч бир аёл Имоми Аъзамдек ақли етук ўғлон туғмаган”.

Имоми Аъзам башорат қилган нарсалар бўларди. Жумладан, Имом Зуфар билан Довуд Тоийга: “Сизлар ибодат билан қаттиқ машғул бўласиз”; Имом Абу Юсуфга эса: “Сен дунёга мойил бўласан”, деган эканлар. Ҳақиқатда ҳам шундай бўлди.

Халифа Мансур Бағдод қозилигига тайинлаш учун машҳур уламолардан тўрткишини ҳузурига чақирди. Улар: Суфён Саврий, Мисъар, Абу Ҳанифа, Шарик ҳазратлари эдилар. Йўлда келатуриб Имоми Аъзам айтдилар: “Тўртовимиз ҳақда бир фикрим бор”. Улар: “Айтсангиз яхши бўларди”, дейишди. Улуғ имом айтдилар: “Фикримча, ўзим қозиликдан бир йўлини қилиб қутулсам керак, Суфён йўлда қочиб кетади, Мисъар бўлса, ўзини телбаликка солади. Сўнгра ночор Шарик қози бўлади”.

Дарҳақиқат, Суфён Саврий йўлда бир кема ичига кириб, беркиниб олди. Кемачиларга айтди: “Мени яширинглар, йўқса бошимни кесишади”. Кемачилар уни беркитиб ўтиб кетишди. Суфён қочиб қутулди. “Бошимни кесишади”, дейишига сабаб, “Ҳар ким қози этиб тайинланса, гўё боши пичоқсиз кесилган бўлади”, деган мазмундаги ҳадиси шариф эди.

Сўнг қолган уч олим Мансур олдига бордилар. У билан ораларида бундай савол-жавоб бўлиб ўтди:

– Қози бўлинг.

– Қозиликка лаёқатим йўқ, муносиб эмасман.

– Йўқ, муносибсиз.

– Муносиблигимни ўзим биламан. Агар муносиб бўлиб туриб, яна лаёқатим йўқ десам, ёлғончи бўламан. Ёлғончини мусулмонларга қози қилмоқ дуруст эмас. Сиз бир ёлғончини қози қилиб, мусулмонлар қонини тўкишни истамайсиз.

Бу сўз билан Имоми Аъзам ҳам қутулдилар.

Сўнгра Мисъарга навбат етди. Мисъар эса сакраб туриб, Мансур билан кўришди. Қўлини қаттиқ сиқиб: “Қалайсан, болаларинг соғми, хотининг саломатми? От, эшакларинг яхшими?” деб шанғиллай кетди. Атрофдагилар Мисъарни телбага чиқаришди. Энг охири Шарик қолди. Мансур айтди: “Энди сиз қози бўласиз”. Шарик айтди: “Мен савдойи кишиман”. Мансур айтди: “Даволанинг, ақлингиз тузалади”. Ночор Шарик қози бўлди. Имоми Аъзам айтганлари тўғри чиқди.

 

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг “Имоми Аъзам ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан тайёрланди.