Аллоҳ таоло Шуайбни (алайҳиссалом) Мадян аҳлига пайғамбар қилиб юборди.

Мадян аҳли Яман, Шом, Ироқ билан Миср оралиғида, шунингдек, Қизил денгиз соҳилларигача бўлган ерларда яшар, тижорат билан шуғулланар эди. Улар Аллоҳ таолога ширк келтирар, тарозидан уриб қолар, карвонларни талар, бузғунчилик қиларди.

«(Шуайб) деди: “Эй қавмим! Аллоҳга сиғининг! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ўлчов ва вазндан уриб қолманг» (Ҳуд, 84).

Шуайб (алайҳиссалом) қавмидаги молпарастлик иллатини йўқотиш учун узоқ насиҳат қилдилар. “Одамларнинг молини зулм ва хиёнат билан тортиб олишдан кўра, тарозида тўғри ўлчаб топган фойдангиз яхшироқ. Агар сиз алдов йўли билан бойлик тўплаган кишининг оқибатига қарасангиз, аянчли тугаганига гувоҳ бўласиз. Фойдаси тегадиган оз мулк, нафи тегмайдиган кўп бойликдан яхшироқ”. “...Аллоҳнинг (ҳалол касбдан)қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга қўриқчи эмасман”(Ҳуд, 86), дедилар.

Яна айтдилар: “Ер юзида бузғунчилик қилманг. Одамларни қўрқитиш учун кўчада ўтирманг. Озчилик эканингизда Аллоҳ сизни кўпайтирганини унутманг. Бузғунчиларнинг оқибатидан ибрат олинг”.

Бироқ бу насиҳат ҳам қавмга кор қилмади. Улар кибр ва мақтанчоқлик билан: “Эй Шуайб! Ота-боболаримиз сиғиниб келаётган нарса (маъбуда)ларни тарк этишимизга ёки мол-мулкларимизни қандай хоҳласак, шундай бошқаришимизга қарши сенга намозинг буйруқ беряптими? Ахир сен ҳалим ва тўғри йўлдаги одам эдинг-ку?!” (Ҳуд, 87), дедилар.

Улар ёмон хулқлари, нотўғри тушунчаларида, Шуайб (алайҳиссалом) эса уларга юмшоқ муомала қилишда давом этдилар. Аллоҳ таоло Шуайбни (алайҳиссалом) бойлик ва ҳалол ризқ билан сийлаган эди. У зот (алайҳиссалом) хушфеъл, Аллоҳ таолога қалби ва тили билан шукр қилувчи эдилар. Одамларнинг осойишта, бахтли ҳаёт кечиришларини, уларни етиши мумкин бўлган азобдан қутқаришни хоҳлардилар. У зот (алайҳиссалом): «Эй қавмим! (Ўйлаб) кўрдингизми, ахир (мен) Раббим томонидан ҳужжатга эга бўлсам ва (У) мени яхши ризқ билан таъминлаган бўлса (қандай қилиб сизларни ёмон ишлардан қайтармайин?). Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман. Имконим борича, ислоҳдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман” (Ҳуд, 88), дедилар.

Қавм Шуайбнинг (алайҳиссалом) ожизлигини рўкач қилиб: “Агар қариндошларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилиб юборган бўлардик”, дейишди. Шуайб (алайҳиссалом): “Қариндошларим Аллоҳдан азизроқ бўлибдими?! Албатта, Аллоҳ таоло қилмишингизни кузатиб турибди”, деб айтдилар.

Одамларнинг эътирозлари тугагач, барча мутакаббир умматлар сингари пайғамбар ва у зотга эргашганларга охирги сўзларини айтишди: “Сени ва сен билан имон келтирганларни шаҳримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки ота-бобомиз динига қайтасиз!” Шуайб (алайҳиссалом): “Агар ундай қилсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз. Ботил динга асло қайтмаймиз”, дедилар. Қавмга бу гап ҳам фойда бермади. Улар олдинги қавмларга ўхшаб: “Эй Шуайб, сен пайғамбар эмас, худди бизга ўхшаган одамсан, балки сеҳрланган кишисан. Сен ёлғончисан. “Агар ростгўй бўлсанг, устимизга осмоннинг бир бўлагини ташлаб юбор”, дейишди.

Шуайбнинг (алайҳиссалом) вазифаси барча пайғамбарлар сингари Аллоҳнинг фармонларини бандаларга етказиш омонатини адо этиш эди. «(Шуайб)улардан безди ва деди: “Эй қавмим! Сизларга (мен)Раббимнинг топшириқларини етказдим ва сизларга насиҳат қилдим. Бас, энди кофирлар қавмига қандай қилиб ҳамдард бўлайин?!» (Аъроф, 93).

Пайғамбарини ёлғончига чиқарган ва Аллоҳнинг неъматини инкор қилганлар мудҳиш зилзила оқибатида жойларида ўтирганларича ер билан яксон бўлди. Улардан ном-нишон қолмади.

 

Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” китоби асосида Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.