“Ҳидоят” журналининг 2011 йил 12-сонида Алоуддин Косонийнинг “Бадоеус саное...” асари таржимасини ўқиб, айрим масалаларни янада чуқурроқ англаб етдим.

Ушбу асар нашри Ислом динини тор доирада ўрганиб, шаръий илмларни нотўғри ўзлаштирган кимсаларга раддия сифатида ҳам ишончли манба бўлади.

Шаҳбоз НИЗОМОВ,

“Хожа Бухорий” Ислом ўрта-махсус билим юрти талабаси

 

Журналнинг 2011 йил 12-сонида “Бадоеус саное...” асаридан берилган парча менга манзур бўлди. Бу каби мақолалар биз мўмин-мусулмонларнинг фиқҳ бўйича илмимизни оширади. Журналнинг ҳар сонида асардан парчалар бериб борилишини истардим.

Элбек БАҚОЕВ,

Бухоро вилояти

 

Юзни ювиш

Таҳоратнинг фарзлари тўртта. Уларнинг бири юзни бир марта ювишдир. Аллоҳ таоло: “Юзларингизни ювинглар” деб буюрди. Бу буйруқ такрорни тақозо қилмайди. “Ювинг­лар” амридан бир марта ювиш тушунилади ва бу фарздир. Агар уч марта ювсак, суннатини ҳам адо қилган бўламиз. Шу ҳукмни бажариш учун, аввало, юзнинг чегарасини билиб олишимиз лозим. Абу Ҳанифа ва шогирдларидан бу хусусда бевосита зоҳир ривоятлар йўқ. Аммо улардан кейингилар юзнинг чегарасини бундай таърифлашган: “Пешонанинг соч чиқадиган жойидан ияк остигача ва икки қулоқ юмшоғигача бўлган оралиқ юздир”. Бу жуда тўғри таърифдир, чунки “юз” сўзининг ўзидан бевосита шу маъно англашилиб турибди. Яъни, юз – “юзланиш” дегани.

Мазҳабимиз уламолари: “Таҳоратда соқол­ни ювиш билан юзни ювиш фарзи адо бўлади” десалар, баъзилари: “Йўқ, соқолнинг тагини – жағни ҳам ювиш керак”, дейишади. Имом Шофиъий эса: “Агар соқол сийрак бўлса, остидаги жағни ювиш керак, агар қалин бўлса, соқолни ювиш кифоя”, дедилар.

Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад наздида, узор билан қулоқнинг ўртасидаги оқликни ювиш фарздир. “Узор” деб қулоқ билан ёноқ ўртасидаги сочга айтилади. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад, ўша терини ҳам ювиш фарз, дейдилар. Гарчи у тери ўсиб кетган соч ёки соқол остида баъзан кўринмай қолса‑да, барибир юз ҳисобида бўлади ва уни албатта ювиш фарзлигича қолади.

Имом Абу Ҳанифа билан Имом Муҳам­маднинг ювиш керак, деган гапларига далиллари шуки, узор билан қулоқ ўртасидаги оқлик юз ҳудудида, демак, у ҳам  юздир. Юз қулоққа уланиб кетган экан,  қулоққа бориб етган жойдаги тери юз ҳисобланади. Ўша ерга тук чиқмаган, худди юз каби кўриниб турган экан, демак, бу жойни ювиш фарз.

Кўзларнинг ичига сув етказиш фарз эмас, чунки кўзнинг ичи юз ҳисобланмайди. Кўз юзнинг ичига жойлашган алоҳида бир аъзодир.

 

Қўлларни ювиш

Таҳоратдаги иккинчи фарз иккала қўлни бир мартадан ювишдир. Аллоҳ таолонинг “Эй мўминлар, қачон намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни  тирсакларгача ювингиз...” (Моида, 6) оятидаги мутлақ буйруқ такрорни тақозо қилмайди. Яъни, “ювингиз” деган сўздан “бир неча марта ювинглар” деган маъно келиб чиқмайди.

Учала имомимиз – Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад наздида, қўл тирсак билан қўшиб ювилади. Учала имомимиз наздида ҳам, қўли тирсагидан кесилган киши кесилган жойини ювиб қўйиши фарз.

Учала имом ҳам қўлларни ювиш ҳақидаги оятни бундай тафсир қилишади: “Буйруқ қўлни ювишга бўляпти. Панжанинг учидан қўлтиққача ҳаммаси қўл ҳисобланади. Энди агар “тирсаккача” деб, тирсак зикр қилинмаганида, қўлтиққача ювиш фарз бўлар эди. Демак, тирсакни зикр қилиш тирсаккача етказиб қўйинглар, дейиш учун эмас, балки тирсакдан юқорини соқит қилиш учундир. Тирсакдан юқорини ювмаса ҳам бўлаверади, қўлтиққача ювиш шарт эмас, дейиш учун тирсак айтилди. Яъни, мақсад – ювишни ўша ергача чўзиш эмас, аксинча, қисқартиришдир. Бас, Аллоҳ таоло енгиллик қилиб, тирсаккача ювсангиз бўлди, ундан тепасини ювиш шарт эмаслигини билдирди”.

Демак, юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, чегара тушунчаси икки қисмга бўлинади: ўзи чегаралаган ҳудудга кирадиган чегара; ўзи чегаралаган ҳудудга кирмайдиган чегара. Тирсак “чегара” маъносидаги лафзда келган бўлса ҳам, ўзи чегаралаган жой ичига киради, чунки аслида у чегара эмас, балки қўлнинг ўртасидир.

Арабча “мужмал” сўзи ўзбек тилида бошқача маънода ишлатилади. Ноаниқ, тушунарсиз айтилган сўзни “мужмал гап” деймиз. Лекин истилоҳда бир нарсани жуда қисқа қилиб айтиб қўйиш “мужмал” дейилади. Бу ҳолда айтилган гапни тафсилотсиз тушуниб бўлмайди. Шунга кўра, “Тирсакларкача ювингиз” деган буйруқни тафсилотсиз тушуниш қийин – мужмал. Демак, шу ўринда тафсилотга эҳ­тиёж туғилди. Бунинг баёни эса ҳадиси шарифда келади, яъни Пайғамбар  ўз­ларининг бир феъл­лари билан Аллоҳ таоло­нинг оятидаги биз учун мужмал, ноаниқ қолган жиҳатни муфассал – аниқ қилиб тушунтириб бердилар.

Улуғ саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳорат қилаётиб, тирсакка етган пайтларида сувни тирсакнинг устида бир айлантириб қўяр эдилар”. Яъни, кўзадаги сувни тирсакларидан қуйиб, тирсакнинг айланаси ювилиши кераклигини амалда кўрсатиб қўярдилар. Демак, Пайғамбаримизнинг бу феъл­лари Қуръондаги мужмал – қисқа амр­нинг баёни бўлди ва шу туфайли тирсакнинг айланаси ювилиши фарз эканини билиб олдик.

Оятнинг ўзида мавжуд бўлган “тирсакларингизни ҳам қўшиб ювинглар” деган маънони ҳадис изоҳлаб – тафсир қилиб келяпти. Бундан таҳоратдаги иккинчи фарз – қўлни тирсак билан қўшиб ювиш экани маълум бўлди.

Биз, мусулмон фарзандлари, таҳорат қилишни оталаримиздан кўриб ўрганганмиз. Улар тирсакнинг айланасидан икки энлик юқорисини қўшиб ювиб қўяр эдилар. Тирсакни ювинглар, дейилар экан, тирсакдаги бурчак бўлиб турган жойни ювиш фарз эди, лекин амалнинг мукаммал бажарилганига  аниқ ишонч бўлиши учун ундан икки энлик ўтказиб ювилади. Фарз амал бўлгани боис бунга жиддий аҳамият беришимиз керак. Енгимизни ҳам тирсаккача эмас, сал юқорироққача шимаришимиз керак, шунда икки энлик тепадан ювишга имкон бўлади.

Шайх Алоуддин МАНСУР таржимаси