Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Қуёш (тинмай)ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билгучи Зот)нинг ўлчовидир.

Биз Ойни ҳам, токи эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз. На қуёш ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар" (Ёсин, 38-40) .

Ҳар бир сайёра Қуёш атрофидаги ҳаракати давомида аниқ бир орбитага - Қуёш атрофидаги чўзинчоқ айлана (эллипс) шаклидаги йўлига эга. Улар мана шу йўлидан оғмай ҳаракатланади. Худди шу йўсинда ой ҳам Ер атрофида ҳаракатланади. Ўз навбатида қуёш ва юлдузлар галактикамиз сомон йўли маркази атрофида даврий айланади ва 225-250 млн йилда тўлиқ бир маротаба айланиб чиқади. Биз яшаб турган Ер ҳам Қуёш атрофини 365 кунда бир марта айланади. Яъни, оятда баён қилинганидек, уларнинг барчаси "сузиб юради".

Ер атрофидаги ҳаракатига ва қуёшнинг қайси томонида эканига қараб, ойнинг сирти турлича ёришади. Яъни, у йигирма саккизта манзилдан чиқади ҳамда шакл жиҳатидан йигирма саккиз хил кўринишда бўлади. Янги чиққан ҳилол нозик, гўзал кўринишда бўлиб, кейин тўлишади ва охирида ўроқ шаклида, яъни қуриган хурмо бутоғидек бўлиб қолади.

Қадимда одамлар Ботлимус назариясига суяниб, Ер барқарор, Қуёш эса унинг атрофида айланади, деб ўйлаган. Ғарбда XVI асргача шу фикр мавжуд эди. Аслида, Қуёш марказда бўлиб, унинг атрофида саккизта йирик сайёра ва минглаб кичик (митти юлдуз) сайёралар ҳаракатланади. Улар бир пайтнинг ўзида ўз ўқлари атрофида ҳам айланади. Ер ҳам шундай. Шу айланиш натижасида кун ва тун алмашади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, қуёш Ердан 150 млн км узоқликда жойлашган. Агар оралиқ масофа бундан озгина яқинроқ бўлса, ҳаракат тезлиги камлиги туфайли, Ер бора-бора яқинлашиб бориб, Қуёш сиртига қулаган бўлар эди. Аксинча, сал узоқда бўлса, Ер қуёшдан узоқлашиб, ҳарорати совиши натижасида, музлаб қолган бўлар эди. Қуёш ҳароратининг икки миллиондан бир қисми бизга етиб келади. Шунингдек, Ой ҳозиргисидан сал каттароқ бўлса, унинг тортишиш кучи кўпайиб, ҳамма жойда сув тошқини юзага келар эди.

Бундай аниқ низомни оламларнинг Яратувчиси жорий қилган. Кеча ва кундузнинг бир-бирига мувофиқ ҳолда алмашиб туришида Аллоҳ таолонинг чексиз раҳмати бор. Зеро, инсоният кечаси дам олиб, кундузи тирикчилик билан машғул бўлади, инсонлар билан мулоқот қилади.

Осмон жисмлари, хусусан, Қуёш ва Ойнинг ҳаракатланиши сонияларгача ўта аниқ қилиб қўйилган.Улар бир-бирига етиб ҳам, ортда қолиб ҳам кетмайди. Қуёш ва бошқа сайёралар, Аллоҳ таоло белгилаган низомдан заррача оғмайди.

Бутун борлиқни яратган Аллоҳ таоло ҳоким ва қодирдир.

 

Тошкент Ислом институти "Таҳфизул Қуръон" кафедраси талабаси Жаҳонгир РЎЗИЕВ тайёрлади.