Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Муҳаммадзафар Аҳмаджонов манбалар асосида “Қуръон билан даволанинг” номли рисола ёзди. Рисолада: “Мўминларга шифо ва раҳмат”, “Қуръоннинг шифо бўлиш шартлари”, “Шифо оятлари”, “Сура ва оятларнинг фазилатлари”, “Даволаш усуллари” каби мавзулар атрофлича ёритилган.

Журналимизнинг ушбу сонидан бошлаб “Қуръон билан даволанинг” рисоласидан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Қуръони карим мусулмон ҳаётининг дастури бўлиши билан бирга, шубҳасиз, жисмоний ва руҳий касалликларнинг барчасига кифоя қилувчи шифо ҳамдир. Касал одам мустаҳкам эътиқод ва қатъий ишонч билан Қуръон кўрсатмаларига амал қилса, ҳар қандай дарддан халос бўлади.

Қуръон оятлари шифо бўлишини Аллоҳ таоло бундай баён қилади: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз” (Исро, 82).

Қуръон билан даволаниш далиллар асосида собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “(Парвардигорим), Мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)” (Анбиё, 83). Ушбу ояти каримада мўмин киши дуо қилишга буюрилмоқда. Кейинги оятда эса Аллоҳ таоло дуони ижобат этишини ваъда қилмоқда: “Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик” (Анбиё, 84). Мўмин шифо топиши учун ишонч билан дуо қилиши лозим.

Қуръони карим мўминларга шифо ва раҳматдир. Шу боис мўмин ундан шифо топиш билан бир қаторда Аллоҳ таолонинг раҳматига ҳам эришади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Даволарнинг энг яхшиси Қуръондир” (Ибн Можа) деб марҳамат қилганлар. Касаллик ва балолардан сақланиш учун уйқуга ётишдан олдин Ихлос, Фалақ, Нос сураларини уч мартадан ўқиб, икки кафтларига дам урганлар ва баданларига сурганлар».

Кўп касалликлар шайтоннинг бандага етказадиган зарари оқибатида юзага келади. Чунки шайтон ёмонлик ўчоғидир. Тутқаноқ, сеҳрланиш, фалаж, баданга оқ тушиши, яра тошиши каби касалликлар гарчи тиббиёт тилида бактерия, микроб ёки вируслар таъсиридан келиб чиқади дейилса ҳам, уларни инсон жисмига шайтон олиб киради. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад) бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади”, деган пайтини эсланг» (Сод, 41). Оятдаги “нусбин” сўзи касаллик, “азабин” лафзлари оғриқ берадиган хасталик маъноларини беради. Бу касаллик ва оғриқ шайтоннинг қаттиқ ушлашидан келиб чиқади. Шайтон гўё вабо каби инсонга ёпишади ва вирус, микробларни тарқатади. Шунинг учун касалликдан сақланмоқчи бўлган мўмин олдин жасадидан, кейин руҳидан шайтонни узоқлаштириши керак. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ухламоқчи бўлсанг, Оятал Курсини ўқи, шунда Аллоҳ бир сақловчи фаришта йўллаб, тонг отгунча сенга шайтонни яқин келтирмайди” дедилар» (Имом Бухорий).

Касалликдан сақланишнинг яна бир йўли Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтиришдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингиз, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур” (Раъд, 28). Қалб хотиржам бўлганида, нафс ором олади ва жасаднинг қуввати ортади. Парвардигори олам унга бир сақлагувчи юборади.

Қуръон билан даволаш услубини саҳобаларнинг ҳаётида ҳам кузатиш мумкин. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда бир аъробий келиб, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жин теккан акаси учун ёрдам сўрайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) беморни икки қўллари орасига олиб, Қуръон оятларидан ўқийдилар. Шунда у худди ҳеч нарсадан шикояти йўқ кишидай ўрнидан туради.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда айтилишича, саҳобалардан бир гуруҳи сафарга чиқишади. Араб маҳаллаларидан бирига тушганларида унинг аҳли саҳобаларга зиёфат беришдан бош тортади. Бир вақт ўша маҳалланинг улуғ кишисини чаён чақиб олади. Унга ҳар нарса қилиб кўришади, лекин фойда қилмайди. Сўнг саҳобалардан ёрдам сўрашади. Улардан бири Қуръон ўқиб, ҳалиги одамга дам солади ва бемор худди боғлови ечилгандек ўрнидан туриб кетади (Муттафақун алайҳ).

Касаллик бандага Аллоҳнинг қазои қадари билан имтиҳон, хатоларига каффорат ёки қилган гуноҳи эвазига жазо тариқасида келади. Агар Аллоҳ беморга шифо беришни ирода қилса, давосини ҳам етказади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳеч бир касаллик йўқки, Аллоҳ таоло унинг шифосини яратмаган бўлса” дедилар» (Имом Бухорий). Мўмин банда оғир кунида ҳам асло Раббидан умид узмаслиги керак. Чунки Одам Ато ва Момо Ҳавво жаннатдан туширилганида умид узишмади ва Аллоҳга тавба қилишди. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул этди. Шайтон эса, аксинча, умидсизланди, натижада тошбўрон қилинди. Шунинг учун “Ноумид шайтондир” дейилади. Касалликка чалинган одам асло тушкунликка тушмасдан: “Биз Аллоҳникимиз, албатта, Унга қайтамиз”, деб гўзал сабр билан Қуръон ёрдамида шифо изласа, тузалиб кетади.

Муҳаммадзафар АҲМАДЖОНОВ,

Тошкентдаги “Юнусобод-Оқтепа” жомеи имом-хатиби