Имом Муҳаммад Ироқдаги Восит қишлоғида 749 (123 ҳ.) йили туғилиб, Куфа ва Бағдод шаҳарларида вояга етган. Ўн саккиз ёшгача устози Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларида таълим олган. Олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдир.

Абдулкарим Зайдон Шайбоний: "Абу Ҳанифа фиқҳ йўналишида асар битмади, унинг сўзлари бизгача Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасанлар (раҳимаҳумаллоҳ) орқали етиб келди", деб ёзади. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) мактабининг услуби ижтиҳод руҳини тарбиялайдиган, ўқувчиларда эркин фикрни шакллантирадиган ҳалқа бўлган.

Шунингдек, бўлғуси олим Мисвор ибн Кидом, Молик ибн Миғвол, Умар ибн Зар Ҳамадоний, Суфён Саврий, Абдураҳмон Авзоийдан (раҳматуллоҳи алайҳим) таълим олган. Мадинада Имом Моликдан (раҳимаҳуллоҳ) уч йил таҳсил олиб, сўнгра Бағдодга қайтиб, фаолиятини давом эттирган. Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) билан кўп масалаларда мунозара қилишган. У зот Имом Муҳаммадни (раҳматуллоҳи алайҳ) устоз деб билган.

Дасуқийнинг айтишича, у фиқҳни илмий услубда китоб шаклига келтирган биринчи олим эди. Олимлар Имом Муҳаммад асарларини икки гуруҳга бўлишади: биринчи гуруҳга "Мабсут", "Зиёдот", "Жомеъул кабир", "Жомеъус сағир", "Сиярул кабир", "Сиярус сағир" китоблари киритилиб, уларнинг ҳаммаси "Зоҳирур ривоя" деб номланган. Келтирилган далилларни ишончли кишилар ривоят қилгани туфайли китоблар шундай аталган. Иккинчи турга "Кайниёт", "Ҳоруниёт", "Журжониёт", "Руқиёт" ва "Китоби зиёдот"лар киради. Улар “Ғайри Зоҳир ривоя” китоблари деб номланган.

Мазкур асарлар йиллар давомида мазҳаб фақиҳлари учун ишончли манба бўлиб хизмат қилган. Имом Абу Фазл ибн Муҳаммад Марвазий "Зоҳирур ривоя" китобларига "Куфий" деб ном берган.

Олимлардан Абу Сулаймон Жузжоний, Абу Ҳафс Бухорий, Мусо ибн Носир Розий, Муҳаммад ибн Симоъ, Муалло ибн Мансур, Иброҳим ибн Рустам, Ҳишом ибн Убайдуллоҳ, Исо ибн Ибон, Муҳаммад ибн Муқотил, Шаддод ибн Ҳукайм ва бошқалар Имом Муҳаммаднинг (раҳматуллоҳи алайҳ) шогирдларидир. У зот илмга рағбати кучли бўлганидан баъзан уй аҳлига ҳам: "Мендан кундалик эҳтиёжингизни сўраб, фикримни чалғитманглар, ҳожатингиз бўлса, вакилим орқали ҳал қилинглар", дер экан. Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Ихтилофли масалаларда Муҳаммад ибн Ҳасандан бошқа қониқтириб жавоб берадиганини учратмадим, ҳалол ва ҳаром, носих ва мансух масалаларида ундан билимдонроғини кўрмадим", деб ёзади.

Имом Муҳаммад нафақат фиқҳ, балки тафсир, ҳадис илмларида ҳам етук бўлган. Куфа фиқҳ мактабига Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган бўлса, унинг тараққий этишида шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳиссаси катта.

Аллома Ҳорун Рашид билан сафарга чиққанида, 805 (189 ҳижрийда) йили Рай шаҳрида вафот этган.

 

Аъзамхон ТОШБОЕВ,

Тошкент Ислом институти талабаси