Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларида бирлашади. Бу йирик мазҳаблардан олдин ҳам турли мазҳаблар бўлган, аммо улар бирор шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа номи билан аталган. Масалан, "мадиналиклар мазҳаби", "маккаликлар мазҳаби" ва ҳоказо. Ушбу шаҳар ёки минтақа аҳолиси ўша ердаги уламоларнинг фатволарига амал қилишар эди. Мадина аҳли асосан саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар, тобеинлардан Саид ибн Мусаййаб ва Урва ибн Зубайр (розийаллоҳу анҳум) фатволарига амал қилишган.

Макка аҳолиси Абдуллоҳ ибн Аббосга ва у кишининг шогирд­лари Мужоҳид ибн Жубайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус ибн Кайсонга, Куфа аҳолиси Абдуллоҳ ибн Масъуд ва у кишининг шогирдлари Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид ва Масруққа, Басра аҳолиси Абу Мусо Аш­ъарий, Анас ибн Молик, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сиринга, Шом диёри аҳолиси Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Абу Дардо ва уларнинг шогирд­лари Абу Идрис Хавалоний, Макҳул Дамашқий, Умар ибн Абдулазизга, Миср аҳолиси эса Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осга эргашишар эди.

Табиий, бир шаҳар аҳолиси мазҳаби билан бошқа шаҳар аҳолиси мазҳаби ўртасида жузъий фарқлар бор эди. Бунинг сабаби, фатво берувчи саҳобийларнинг ҳаммаси ҳам Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ворид бўлган ҳадислардан бирдек хабардор эмасдилар. Уларнинг илмий салоҳиятлари ҳам, ижтиҳодий йўналишлари ҳам бир хил эмас эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам: "Умматимнинг ихтилофи раҳматдир" деб мар­ҳамат қилганлар...

Кейинчалик, забардаст уламолар саҳобий ва тобеинларнинг фатволарини жамлаши ва таҳлил қилиши натижасида янги мазҳаблар вужудга келди. Бу мазҳаблар эгасининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Кўфада ҳанафий, Мадинада моликий, Мисрда шофиъий ва Бағдодда ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди. Бу тўрт мазҳаб бир-бири билан боғлиқ, чунки асосчилари бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган.

Буюк имом Абу Ҳанифанинг (раҳимаҳуллоҳ) ўзига хос ижтиҳод йўли бўлиб, у буни қуйидагича таърифлайди: "Мен ҳукм­ларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам, Расулуллоҳнинг (соллалоҳу алайҳи васаллам) суннатларидан излайман. Агар ундан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо тобеинлар, масалан, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирин, Саид ибн Мусаййабларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор". Абу Ҳанифа ҳадисни ишончли кишилар орасида машҳур бўлишини, ровий ўзи ривоят қилган ҳадисига хилоф қилмаган бўлишини шарт деб билади.

Абу Ҳанифа фақиҳ ровийларни бошқаларидан, улар ривоят қилган ҳадисларни бошқа ҳадислардан устун қўярди. Яъни, бир масала хусусида икки хил ҳадис бор бўлса, фиқҳда билимдонроқ ровийнинг ҳадисини оларди.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ва умуман ҳанафий мужтаҳидлар, бошқа мазҳаблардан фарқ­ли ўлароқ, қиёс ва истеҳсонни кенг қўллайдилар. Хусусан, "истеҳсон" тушунчаси остида урфга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйди. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтган. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ): "Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир", деган.

Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ масалалари учга бўлинади: 1) аслий масалалар, 2) нодир масалалар, 3) фатволар. Аслий масалалар "зоҳирур ривоя" деб номланади. Булар Имом Муҳаммад ибн Ҳасаннинг олтита машҳур китобидан жой олган. Нодир масалалар эса, Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинган, аммо "зоҳирур ривоя"да келтирилмаган масалалардир. Фатволар - кейинги ҳанафий мужтаҳидларнинг Абу Ҳанифа ва шогирдларидан ривоят қилинмаган масалаларда мазҳаб усуллари орқали баён қилинган масалалардан иборат. Абу Лайс Самарқандийнинг "Ан-Навозил" асари бу йўналишда ёзилган биринчи китоб ҳисобланади.

 

Ҳомид ИШМАТБЕКОВ,

"Кўкалдош" ўрта махсус Ислом билим юрти мудири