Фитр садақаси молиявий ибодат бўлиб, унинг вожиб бўлиш вақти Рамазон ҳайити кунининг тонгидан бошланиб, ҳайит намози ўқилгунча адо этилиши керак. Аммо Рамазон ойи ичида қайси пайт хоҳласа берса бўлади. Фитр садақаси аслий эҳтиёжидан ортиқ кумушнинг закот бериш учун белгиланган қийматидаги (200 дирҳам кумуш) бойлиги бор озод мўмин эркакка ҳам, аёлга ҳам (балоғатга етмаган бўлсалар ҳам) вожиб бўлади. Аслий эҳтиёжга битта турар-жой, рўзғор учун зарурий асбоблар, уйга керакли жиҳозлар, касб қуроллари, қиш-ёзда кийиладиган кийимлар ҳисоб қилинади. Бериши вожиб бўлган мусулмон ўз номидан ва бойлиги йўқ балоғатга етмаган фарзандлари номидан фитр садақаси бериши керак. Хотини, балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақаси бериши вожиб бўлмаса-да, улар номидан ҳам берса, зиммасидан соқит бўлади.

Фитр садақаси ҳам закот олишга ҳақли кишиларга берилади. Шунингдек, уни зиммийларга ҳам берса бўлади. Бироқ ота-онага, бобо-бувига, фарзандларга, набираларга, хотин ё эрга бериш мумкин эмас.

Фитр садақаси мазкур вақтгача туғилмаган ҳомила учун ва мазкур вақтдан олдин оламдан ўтган киши учун ҳам берилмайди. Ушбу садақа муҳтож одамларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган молиявий ибодат бўлгани боис, уни масжидлар қурилиши ё таъмирланишига ишлатиш мумкин эмас.

Фитр садақаси ҳар бир жон учун ун, майиз ва буғдойдан икки кило, хурмо ва арпадан тўрт кило ёки буларнинг айни кундаги бозор нархи қийматида берилади.

Фитр садақаси рўза тутган кишидан содир бўлган баъзи хато ва камчиликлар учун каффарот бўлади. Фитр садақасини рамазон ойи ичида беришга улгурмаган мусулмон уни кейин бўлса ҳам, албатта бериши лозим. Зеро, у Рамазон ойи ўтиши билан зиммадан тушиб қолмайди.

 

Муҳаммад Сиддиқ МУКАРРАМОВ тайёрлади.