Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183).

Рўза араб тилидаги “совм” сўзидан олинган бўлиб, “нафсни маълум нарсадан тийиш, уни тарк қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда: балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида мусулмоннинг имон-ихлос билан Аллоҳ ризолигини топиш ниятида субҳдан то қуёш ботгунга қадар ўзини еб-ичишдан тийишидир.

Бу гўзал ибодат қатор руҳий ҳамда жисмоний фойдаларни ўзида мужассам этади. Масалан: Аллоҳ таолодан яширин ва ошкора қўрқиб нафсни тийиш ҳиссини шакллантиради, иродани мустаҳкамлайди, сабрга ўргатади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза сабрнинг ярмидир”, деганлар (Имом Муслим). Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Рўза қўрғондир” (яъни, гуноҳлардан сақлайдиган қўрғон), дедилар (Имом Насоий ривояти).

Рўзадор йўқсилларни эслайди ва қалбида уларга нисбатан раҳм-шафқат уйғонади. Тафсирларда келишича, Юсуф (алайҳиссалом) Миср подшоси бўлса ҳам, доим оч юрардилар. Бунинг сабабини сўрашганда эса: “Тўқ бўлсам, очларни унутиб қўймайин, деб оч юраман”, дер эканлар. Шунингдек, рўза инсонлар ўртасида ўзаро ёрдам, хайр-саҳоват, ҳамдардлик каби ҳислатларни шакллантиради. Бойлар ва камбағаллар орасида тенглик ҳосил қилади.

Рўза тутишдан мақсад Аллоҳнинг розилигини топиш. Бу ният амалга ошиши учун рўзадор ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тилини тияди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Рўза тутган киши ҳақорат сўзларини тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин” (Имом Бухорий ривояти).

Ислом беш асос устига қурилган. Улардан бири рўза тутиш ибодатидир. Ана шу амални мукаммал адо этиш ҳар бир мусулмон бурчи саналади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) охират ҳақида сўзлаб, рўзадорларга бундай хушхабар берадилар: “Жаннатда Раййон номли бир эшик бўлиб, ундан рўзани канда қилмай тутганларгина киради” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ёқуб БУХОРБОЕВ,

Тошкент вилояти Бекобод тумани «Чаноқ» жоме масжиди имом-хатиби