Ҳазрат Имоми Аъзам бундай деганлар: “Уламолар Аллоҳ таолонинг валий (дўст)лари бўлмаса, яна ким Аллоҳнинг дўсти бўларди, олимлардан ўзга валиюллоҳ бўлмайди”; “Ҳар ким иззатталаб бўлса, умри хору зорликда ўтади. Суҳбати оғир киши фиқҳни билмайди, бу илмнинг қадрига етмайди ва фиқҳ аҳлини ҳурмат қилмайди”; “Кимнинг илми ҳаром ишлардан қайтармаса, албатта, у расво бўлади”.

Имоми Аъзам эрта тонгдан бошлаб фатво ва масалаларга жавоб берардилар. Бир киши: “Бу каби вақтларда яхши гаплардан бошқасини гапириш макруҳ эмасми?” деб сўради. Имоми Аъзам: “Ҳалол ва ҳаромдан гапириш яхши сўзларнинг энг яхшисидир. Биз ҳалол-ҳаромдан сўзлаб, халқни гуноҳлардан қўрқитиб, қайтарамиз, бундан ҳам яхшироқ сўз бўларканми?!” деб жавоб бердилар.

Имоми Аъзамга бир улуғ кишидан восита хати олиб келишди. Унда Имоми Аъзамдан хатни олиб келган кишига илм ўргатишлари илтимос қилинган эди. Имоми Аъзам айтдилар: “Илм талаби учун бирор улуғ зотнинг восита хати керак эмас. Зеро, Аллоҳ таоло берган илмни бошқаларга ўргатиш олимларнинг вазифалари бўлиб, илмни яширмасдан ўргатишлари керак. Олимнинг илм ўргатмаслигига ва ўқи­т­у­в­­чининг дарс ўтмаслигига шарт-шароит (йўқлиги) ҳаргиз баҳона бўлолмайди. Шаръий ва исломий илмларни Худо учун ўргатиш ҳар бир олим ва ўқитувчига вожибдир. Зеро, илм ўргатиш ва ўрганиш ибодат бўлиб, ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун бажариш вожибдир”.

Имоми Аъзам баъзи кишиларга бундай дердилар: “Бир киши билан гаплашиб турганимда, юриб кетаётганимда, ухлаганимда ва суяниб дам олаётганимда мендан дин ишларини сўраманг. Чунки бундай вақтларда хаёл бир жойда бўлмай, ақл паришон бўлади”.

Ҳазрат Имоми Аъзам айтадилар: “Ким дунё учун илм ўрганса, илмнинг баракотидан маҳрум қолади, кўнглида илм қарор топмаган одамдан кўпинча ҳеч ким баҳра ололмайди.

Ким дин учун илм ўрганса, илмидан барака топади, илм дилига жо бўлади ва илмидан ҳамма шогирдлари баҳра олади”.

Имоми Аъзам Иброҳим ибн Адҳамга айтганлар: “Эй Иброҳим, сенинг ибодатдан ризқ-насибанг улуғ. Энди сен илмни дилингга жо қилишинг керак. Зеро, илм ибодатнинг бошидир, илм ишларнинг устуни ва низомидир”.

У зот яна айтганлар: “Киши ҳадис ўрганиб, фиқҳ ўрганмаса, даволарни йиғиб, табиб келмагунча фойдасини билмаган кимсага ўхшайди. Муҳаддис ҳам фақиҳ бўлмаса, ҳадиснинг керакли ўрнини билолмайди”.

Имоми Аъзам айтадилар: “Ўзинг учун гуноҳ йиғма ва меросхўринг учун мол тўплама”.

Бир кун ўғиллари Ҳаммод кўп кишиларга имом бўлиб, намоз ўқиб бермоқчи бўлди. Ҳазрат Имоми Аъзам уни қаттиқ ушлаб олиб, бошқа кишига имомликка ўтишни буюрдилар. У одам имом бўлиб, намоз ўқилди. Сўнгра Ҳаммод айтди: “Отажон, мени уялтирдингиз”. Ҳазрат Имоми Аъзам айтдилар: “Ўғлим, аксинча, сени уялишдан сақладим. Чунки бирор киши “Ҳаммоднинг ортида ўқилган намозни қайта ўқинглар”, деб қолса, бу гапи китобларга ёзилиб, қиёматгача унутилмас эди”.