“Таваккул” арабча сўз бўлиб, бир ишда ўзидан бошқага ишониш, суяниш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда дунё ва охират ишларида манфаатни кўзлаш, зарарни даф қилишда қалбнинг Аллоҳга ишончини мустаҳкамлашдир. Зеро, бериш, бермаслик, фойда ёки зарар етказишга фақат Аллоҳ таоло Қодир эканига ишониш ҳақиқий имондир. Журжоний (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳдан келадиган нарсага ишониш, бандалар қўлидаги нарсадан умидни узиш таваккулдир”.

Сабабларга эътиборсиз бўлиш, ҳаракат қилишдан тўхташ таваккулдан ҳисобланмайди. Чунки сабабларни ўринлатиш таваккул шартларидандир. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муъоз, Аллоҳнинг бандалардаги ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақини биласанми?”, дедилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг бандаларидаги ҳақи уларнинг Унга ибодат қилишлари ва бирор нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақи эса Ўзига бирор нарсани шерик қилмаган кишини азобламасликдир”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, одамларга бунинг хушхабарини берайинми?!” деб сўрадим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йўқ, агар хушхабар берсанг, одамлар шунга суяниб қолишади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадисдан амални тарк қилиш, сабабларни таъминламаслик, беғам, лоқайд ва ғайратсиз бўлиш таваккулдан эмаслиги маълум бўлмоқда.

Пайғамбаримиз (алайҳисалом) ва ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) Мадинага кўчишларини солиштириб кўрган кишининг хаёлига: “Нима учун ҳазрат Умар очиқ-ойдин, мушрикларга таҳдид қилиб сарафга чиқдилар-у, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яширинча, ўзларини эҳтиётлаб ҳаракат қилдилар?” деган савол келади. Жавоб шуки, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) фақат ўзига, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) эса бутун умматга масъул эдилар. У зотнинг вазифалари умматга уларнинг ақли етадиган барча усул ва воситаларни қўллашга тавсия беришдан иборат эди. Ётоқларига ҳазрат Алини (розияллоҳу анҳу) қолдириш, душманни чалғитиш учун Савр ғорида уч кун туриш, озиқ-овқат ва хабар келтиришга бошқа кишини тайинлаш каби ишлари сабаб ва воситаларни ўринлатиб, таваккул қилишга энг ёрқин мисолдир.

Мақсадга етиш йўлида Парвардигорнинг ҳикматга кўра жорий бўлган усул ва воситаларни мукаммал адо этиш Аллоҳ таолога ишончни инкор этмайди. Аксинча, воситаларни бажариш, сабабларни ушлаш, жонларга хатар етишидан сақланиш шаръий мажбуриятдир. Қуръони каримда таваккулга ундалган оятлар кўп бўлиб, кундалик ҳаётимиздаги барча ишларда уларга амал қилишимиз лозим. Ишларимизга ёрдам ва ташвишларимизга енгиллик истаганимизда Аллоҳ таолонинг бу сўзини ёдда тутамиз: “Агар Аллоҳ сизга нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди? Мўминлар фақатгина Аллоҳга таваккул қилсинлар” (Оли Имрон, 160). Ёмон кишиларга рўбаро келсак: “Улардан юз ўгириб, Аллоҳга таваккул қилинг”, (Нисо, 81), оятига амал қиламиз. Инсонларни яраштиришни хоҳласак, Аллоҳ таолонинг: “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва албатта, Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитувчи ва билгувчи зотдир” (Анфол, 61) оятини бошқаларга ҳам эслатамиз. Аллоҳ таолодан бизга ҳидоят келса, ишларимизда тўғри йўлга муваффақ қилса, буни шукр ва таваккул билан қабул қиламиз. Чунки ояти каримада бундай дейилган: “Нима учун биз Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар, дедилар” (Иброҳим, 12). Ватанимиз, динимиз душманлари ёмонлигидан ва шайтон хизматчиларининг фитнасидан омонда бўлишимиз учун Аллоҳга таваккул бош мақсадимиз бўлсин. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, имон келтирган ва фақат Парвардигорига таваккул қиладиганлар устидан у (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир” (Наҳл, 99), ваъда берган. Фирдавс жаннати соҳибларидан бўлишни ҳоҳласак, Аллоҳга таваккул қилайлик. Чунки “Улар сабр қилган ва Раббиларига таваккул қилганлардир” (Наҳл, 42). Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишни истасак ҳам Раббимизга таваккул қилайлик. Чунки Раббимиз: “Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севади” (Оли Имрон,159), деб марҳамат қилган.

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши уйидан чиқаётганда, “Аллоҳнинг номи билан чиқдим ва Аллоҳга таваккул қилдим, куч-қувват фақат Аллоҳ биландир”, деса, унга (фаришталар нидо қилиб): “Ҳимояландинг ва тўғри йўлга йўлландинг”, дейишади ва шайтон ундан узоқлашади”, дедилар (Имом Термизий).

Динимиз амрларини мукаммал адо этиш, маън этганларидан узоқлашиш таваккулдир. Таваккулчи бошқалар билан талашиб-тортишмайди. Чунки, у тақдирига ишонади. Имони комил бўлади, дини гўзаллашади. Аллоҳнинг муҳаббати, нусрати ва қўллаб-қувватлашига эришади. Ўзи хоҳлаган ишларни амалга оширишдан ожизлиги ва бунга фақат Парвардигор Қодир эканига ишонгани учун Аллоҳнинг ёрдами давомли бўлади. Шайтон ва маломатчи инсонлар ёмонлигидан омонда, хотиржамликда барқарор яшайди. Аллоҳга ва Расулига итоати рўёбга чиқади. Парвардигорнинг тақдирига рози бўлишга ўрганади. Машаққатларда енгиллик ҳис этади. Гуноҳларга каффорат олади. Ризқи кенгаяди.

 

Адҳамжон ЮСУПОВ,

ТИИ талабаси