Қуръони каримнинг кўп қироатларда нозил бўлиши Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига Аллоҳ таолодан раҳмат ва енгилликдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил бўлган, бас, ўзларингизни қийнамай, осон бўлганини ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Баъзи уламолар ҳадисдаги “етти ҳарф” қироатнинг ҳар хиллигига далолат қилади, деб айтишган. Шу боис қироатлар ва уларнинг қорилари ҳақида қисқача маълумот беришни лозим топдик.

Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий. Отасининг исми Абдуллоҳ. Онасининг исми Баҳдала бўлгани учун уни Осим ибн Баҳдала деб ҳам аташади. Куняси: Абу Нажуд ва Абу Бакр. Унинг “Асадий”, “Куфий” деган тахаллуслари бор. Етти қироат имомларидан бири. Шунингдек, буюк тобеин ҳам бўлиб, саҳобалардан Абу Рамса Рифоа Таймий ва Ҳорис ибн Ҳассон Бакрийдан (розияллоҳу анҳумо) ҳадис ривоят қилган.

Имом Осим (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Абдураҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш, Абу Амрдан (раҳимаҳумуллоҳ) Қуръонни таълим олган. Ушбу уч киши Қуръонни Абдуллоҳ ибн Масъудга (розияллоҳу анҳу) оятма-оят ўқиб ўрганишган. Шунингдек, Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдураҳмон Суламий (раҳимаҳумуллоҳ) ҳазрат Усмон ибн Аффон ва ҳазрат Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳум) ҳам қироатларини ўқиб беришган. Абу Абдураҳмон Суламий (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собитга (розияллоҳу анҳум) ўқиб берган. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳум) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оятма-оят эшитиб ўрганишган.

Куфадаги Иқрод шайхларининг санади Абу Абдураҳмон Суламийдан сўнг Имом Осимдан (раҳматуллоҳи алайҳ) бошланади. Бу ерга турли жойлардан қироат ўрганиш учун одамлар келди. Имом Осим фасоҳат ва тажвид, пухталик ва қироатларни таҳрир қилиш орасини жамлаган биринчи қироат имомидир. У Қуръон ўқишда одамларнинг энг овози ёқимлиси эди. Абу Бакр ибн Иёш, яъни, Шўъба (раҳматуллоҳи алайҳ): «Абу Исҳоқ Сабиъийдан (раҳматуллоҳи алайҳ) эшитганим ҳеч эсимдан чиқмайди. У: “Осим ибн Абу Нажуддан (раҳматуллоҳи алайҳ) кўра Қуръонни яхшироқ ўқувчи бирон кишини кўрмадим. У зот суннатни яхши билувчи, тилшунос ва фақиҳ олим эди”, деган».

Имом Осим (раҳматуллоҳи алайҳ) қироатини ривоят қилган кишиларнинг энг машҳурлари Ҳафс ибн Сулаймон, Абу Бакр Шўъба ибн Иёшдир (раҳимаҳумуллоҳ). Шунингдек, Абон ибн Тағлаб, Ҳаммод ибн Салама, Сулаймон ибн Меҳрон Аъмаш, Абу Мунзир Салом ибн Сулаймон, Саҳл ибн Шуайб, Шайбон ибн Муовия (раҳматуллоҳи алайҳ) ва бошқа кўп кишилар ривоят қилишган. Абу Амр ибн Аъло, Холил ибн Аҳмад ва Ҳамза Заййот эса тўлиқ бўлмаган ҳолда ривоят қилган.

Абу Хотим (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Имом Осим (раҳматуллоҳи алайҳ) ростгўйдир. У ривоят қилган ҳадислар олтита китобда келтирилган”.

Шўъба (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Осимнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурига кирдим. У жон бераётган экан. Мен унинг: “Сўнгра (улар) ҳақиқий эгалари – Аллоҳ (ҳузури)га қайтарилурлар” (Анъом, 62) оятини такрорлаётганини эшитдим. Оятни худди намоздагидек аниқ ўқирди. Чунки қироат тажвиди унинг сифатига айланиб улгурган эди”.

Имом Осим (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳижрий 127 йил охирида Куфада вафот этди.

 

Нуринисо САМУҚ қизи тайёрлади.