Имоми Аъзам қироатни етти қироат қориларнинг бири Имом Осимдан таълим олганлар. Энг тўғри сўз шу, бундан бошқа душманлар тўқиган сўзларга қулоқ солмоқ хатодир. Хулоса, Имоми Аъзам ҳазратларининг қироатлари мутавотир (ишончли)дир.

Улуғ Имом ҳадис илмини тўрт мингта тобеин устозларидан ўрганганлар.

Исроил ибн Юнус бундай деган: “Абу Ҳанифа жуда яхши кишидир, зеро, ҳадисни ҳам фиқҳи билан яхши ёдлаган. Ҳадисдаги фиқҳни бошқалардан яхшироқ билур”.

Имом Абу Юсуф эса бундай деган: “Ҳеч ким тафсир, ҳадисга ва ҳадислардан фиқҳ сирлари ва фиқҳнинг нозик томонларини топиб чиқаришга устозим ҳазрат Имоми Аъзамдан олимроқ эмас. Бу бобда у кишидан донороқ кимсани кўрмаганман”.

Яна Имом Абу Юсуф айтади: “Кўп масалаларда (устозим Улуғ Имомдан) бошқача фикр билдирдим, сўнгра яхшилаб ўйлаб қарасам, ҳазрат Имоми Аъзам йўли охират учун нажотлироқ бўлиб кўринди”.

Имом Абу Юсуф яна бундай деган: “Кўпинча (устозим билан) ҳадис мавзуида баҳс ва мунозара қилар эдик. Аммо ҳар гал Имоми Аъзам ҳазратларининг саҳиҳ ҳадислар борасида ўзимдан билимдонроқ эканига иқрор бўлардим. Бирор масалада Имоми Аъзам фикр билдирсалар, шу заҳоти бу гап Куфа уламолари орасида тарқаларди. Мен ҳам бошқа олимлар қатори Имом Аъзамнинг шу сўзларига бирор ҳадис ёки бирор асар далил бўлиб, қувватлармикан, деб ахтарар эдим. Кўпинча устознинг бир қавлларига далил сифатида иккита, ҳатто учта ҳадис топар эдим”.

Бир куни Имоми Аъзам Аъмаш ҳазратлари олдида эдилар. Имом Аъзамдан одамлар бир неча масалани сўрашди. Имом Аъмаш Имоми Аъзамга қараб: “Нима дейсиз?” деди. Имоми Аъзам тўғри жавоб бердилар. Имом Аъмаш: “Ё Абу Ҳанифа, бу жавобларни қаердан топдингиз?” деб сўради. Имоми Аъзам: “Ўзингиз ривоят қилган ҳадислардан топдим”, деб жавоб бердилар. Сўнгра ўша ҳадисларни Имом Аъмаш йўллари билан баён қилдилар. Сўнгра Аъмаш айтдилар: “Баракаллоҳ! Мен қирқ кунда ривоят қилган ҳадисларни сиз бир соатда баён қилдингиз. Ҳадисларга шундай амал қиласиз деб ўйламаган эдим”.

Сўнгра фақиҳларга юзланиб деди: “Сизлар табиб эрурсизлар, бизлар сайд қилувчи муҳаддислармиз. Аммо Абу Ҳанифа ҳам табиб, ҳам сайёддур”.

 

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг “Имоми Аъзамнинг ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан тайёрланди.