Ҳадис китоблари ҳадисларнинг ровийлари, мавзулари, тартибланиши, йўналиши каби жиҳатларга кўра турли услубларда таълиф этилган ва шу услубларга мос номлар билан туркумларга ажратилган. Ана шу туркумларни қисқача изоҳлаб чиқамиз.

Жомелар. Муҳаддислар истилоҳида жоме ҳадиснинг барча турларини жамлаган китобдир. Яъни, унда ақоид ҳадислари ҳам, ҳукм ҳадислари, одоб, тафсир, тарих, сийрат, фитналар каби барча мавзулардаги ҳадислар жамланган бўлади. Ҳадис олимлари бу мавзуларнинг ҳар бирида алоҳида асарлар ҳам битишган. Жомеда эса мана шу мавзуларнинг ҳаммасидан намуна бўлади. Бу туркумга Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарлари киради.

Сунанлар. Таҳорат, намоз, рўза каби фиқҳий бобларга кўра тартибланган ҳадис китобларидир. Буларга тўрт машҳур китоб: Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можанинг сунанлари киради.

Муснадлар. Бу турдаги китобларда ҳар бир саҳобийнинг ривоят қилган ҳадислари бир жойда тўпланади. Масалан, “Абу Ҳурайранинг (розияллоҳу анҳу) ривоятлари” сарлавҳаси остида мазкур саҳобийнинг Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган ривоятлари келтирилади. Бунда саҳобалар китоб ичида алифбо тартибида, Исломни қабул этишлари тартибида ёки бошқа жиҳатларга кўра тартибланишлари мумкин. Имом Аҳмаднинг “Муснад”и, Абд ибн Ҳумайднинг “Муснад”и, Абу Яълонинг “Муснад”и, Ибн Аби Шайбанинг “Муснад”и шу туркумга киради.

Муъжамлар. Бундай китобларда ҳадислар китоб муаллифининг устозлари (шайхлари)га кўра тартибланади. Бунда шайхлар вафот этган йиллари, алифбо ҳарфлари, илм ва тақводаги даражаларига қараб тартибланиши мумкин. Лекин кўпинча алифбо тартибига риоя этилади. Бу туркумга мисол қилиб Табаронийнинг учта муъжамини (“Ал-муъжамус сағир”, “Ал-муъжамул авсат” ва “Ал-муъжамул кабир”) келтириш мумкин.

Жузлар. Бир ровийнинг ривоятлари алоҳида бир китоб қилинади. Бу ровий саҳобалар табақасидан ҳам ёки бошқа табақалардан ҳам бўлиши мумкин. Абу Бакр ҳадиси жузи, Молик ҳадиси жузи шу турга мансуб. Шунингдек, баъзан бир мавзуни алоҳида жузда таълиф этиш ҳам учраб туради. Мисол учун, Ибн Аби Дунё “Ният ва дунёнинг ёмонлиги”, Ажуррий “Аллоҳни кўриш” мавзуларида жузлар тасниф этишган.

Мустахражлар. Бундай китобларда муаллиф бошқа бир китобдаги ҳадисларни ўз санадлари билан ривоят қилади. Шунда муаллиф санади ўша бошқа китоб муаллифининг шайхи ёки улардан юқоридаги ровийлар билан туташади. Икки саҳиҳга ва бошқа китобларга кўп мустахражлар битилган. Исмоилийнинг “Саҳиҳул Бухорий”га мустахражи, Абу Авонанинг “Саҳиҳу Муслим”га мустахражи ана шундай китоблардан.

Мустадраклар. Муҳаддис бошқа бир китоб муаллифи шартларига тўғри келади, деб ҳисоблаган. Лекин ўша китобда келтирилмаган ҳадисларни жамлаб, тасниф этган китоб мус­тадрак деб аталади. Ҳокимнинг “Ал-мустадрак алас саҳиҳайн” (Икки саҳиҳга мустадрак) китоби бунга мисол бўлади.

Илал китоблари. Иллатли ҳадислар жам­ланиб, уларнинг иллатлари ҳам баён этила­диган китоблар илал китобларидир. Имом Муслим ибн Ҳажжож ва Имом Термизий шу туркумга оид китоблар таълиф этган.

Бундан ташқари, табақотлар, арбаъин (қирқ ҳадис жамланган) китоблар, ғарибул ҳадис (ҳадисдаги тушунарсиз сўзлар луғати) китоблари, омолийлар (имло китоблари), завоид (баъзи китобларга кирмай қолган ҳадислар) китоблари каби туркумлар ҳам бор.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.