Ҳазрат Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ва шогирдлари “асҳоби раъй” бўлмаганлар. Яъни, улар шахсий фикрларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари ва саҳобалар қавлидан устун қўйишмаган. Уларни ўз хоҳишларича иш қилувчи дейиш ёлғон ва душманларнинг бўҳтонидир. У мўътабар имомлар бу нисбатдан пок ва софдирлар. Чунки Имоми Аъзамнинг ҳар бир масала ҳукмини Қуръони мажид оятларидан олишлари жуда кўп йўллар билан тасдиқланган.

Агар масаланинг ҳукми Қуръондан топилмаса, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларидан, яъни, суннатдан олардилар. Агар ҳадислардан ҳам топилмаса, саҳобаи киром сўзларидан, яъни, асардан олар эдилар. Агар саҳобаларнинг фикрларида ҳар хиллик бўлса, қай бир саҳобанинг фикри Қуръонга ё суннатга яқинроқ бўлса, ўшани олар эдилар.

Агар масаланинг ечими саҳобаларнинг асарларидан ҳам топилмаса, ўзлари ижтиҳод қилардилар. Ҳеч бир тобеин сўзига қарамасдилар.

Фузайл ибн Иёз ҳазратлари айтадилар: “Имоми Аъзам, бир масаланинг жавоби саҳиҳ ҳадисда бор бўлса, ўшани оларди. Саҳоба ва тобеиндан асар ва қавл бўлса, унга ҳам эргашарди. Агар саҳоба ва тобеиндан ҳам қавл топилмаса, ўзи қиёс қилар эди. Жуда яхши қиёс қилар эди”.

Ибн Муборак Имоми Аъзамдан ривоят қилади: “Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадис бўлса, бошимиз устига, жону дил билан қабул қиламиз. Агар саҳобайи киромдан қавл бўлса, унинг яхшисини илғаб, ўша қавлдан масала (жавобини) оламиз. Аммо тобеинларнинг сўзига эса рақобат қиламиз. Ажабо, нима сабабдан баъзи одамлар бизни ўз раъйича фатво беради, дейдилар? Ҳолбуки, биз фақат оят, ҳадис ёки саҳобий сўзи билан фатво берурмиз”.

Яна айтган эканлар: “Аллоҳ таолонинг китоби ё Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннати ёки саҳобанинг ижмоъи бўлатуриб, ўз раъйича ҳукм қилиш ҳеч кимга жоиз эмас. Аммо саҳобанинг қавлларида ихтилоф бўлса, улардан Аллоҳ таолонинг китобига ё Расулуллоҳнинг суннатига мувофиқроғини танлаш мумкин. Улардан ечим топилмаса, илмларни тўлиқ эгаллаган кишигина ижтиҳод ва қиёс қилиши мумкин”.

Демак, ҳар қандай одам ҳам ижтиҳод ва қиёс қилиш ҳуқуқига эга эмас. Афсус, замонамизда озроқ арабча билганлар ҳам ўзларича қиёс ва ижтиҳод қилишмоқда.

Имом Шофиъий: “Ҳамма уламолар қиёс хусусида Абу Ҳанифанинг издошларидир”, дер эдилар.

Имоми Аъзам мазҳабларида қиёс амалиётининг қийинлиги ва унга жиддий қаралиши доимо Имом Музнийнинг эътиборини тортиб келарди. Ниҳоят, у жияни Имом Таҳовийга Имом Шофиъий мазҳабидан Имом Абу Ҳанифа мазҳабига ўтишни буюрди. Шунинг учун у киши ҳанафий бўлганлар. Имом Таҳовий китобида бу ҳақда айтиб ўтган.

Бир аҳли ҳадис (масалалар ечимида фақат Қуръон ва ҳадис билан кифояланиш тарафдори) Куфага келди. Баъзи одамлар унга: “Бу ерда Абу Ҳанифа деган бир киши бор, қиёс билан фатво беради”, деб шикоят қилишди.

Муҳаддис ҳовлиқиб: “Эй одамлар, қиёс ва андозани тарк қилинглар! Зеро, биринчи қиёс қилган лаънати Иблис эди”, деб бақира кетди. Имоми Аъзам унинг олдига келиб, айтди: “Тақсир, гапни ўз ўрнида қўлламадингиз. Зеро, лаънати Иблис ўз қиёси билан Аллоҳ таолонинг буйруғидан бўйин товлади. Шунинг учун кофир бўлди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар берилган.

Аммо бизнинг қиёсимиз Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсуниш, фармонига амал қилишдир. Биз қиёсимизни Аллоҳ таолонинг китобига, Аллоҳ Расулининг суннатига, саҳоба ва тобеин қавл (сўз)ларига тўғрилаганмиз ва итоатдан айрилмаганмиз”.

Шунда муҳаддис олим: “Мен хато қилибман, тавба қилдим. Бу сўзингиз билан кўнглимни ёритдингиз, Аллоҳ таоло сизнинг ҳам кўнглингизни ёритсин”, деб дуо қилди.

Имоми Аъзам бирор масалани қиёс қилиб чиқарганидан кейин бундай дер эдилар: “Менинг раъйим шу, уни қабул қилиш вожиб, деб ҳеч кимни мажбурламайман. Ким биздан яхшироқ қиёс қилиб, масала келтирса, уни қабул қиламиз”.

Имоми Аъзамнинг шогирдлари ҳам қиёс ва ижтиҳод қилардилар. Ибн Ҳазм айтади: “Абу Ҳанифанинг ҳамма шогирдлари эътироф этишича, устозлари заиф ҳадисни ҳам қиёсдан устун кўрганлар”.

 

Васлий САМАРҚАНДИЙнинг

“Имоми Аъзамнинг ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан тайёрланди.