Зулҳижжа ойининг 11–12–13– кунлари “Ташриқ кунлари” дейилади ва ҳаж амаллари бажариладиган кунлар бўлгани учун алоҳида эҳтиром қилинади.

Қурбон ҳайитида асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда тилла ёки кумуш нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга вожибдир. Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик сўйиш вақти бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.

Қурбонлик сўйиш вожибдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар, 1).

Қурбонликка мол, туя, қўй ва эчки сўйилиши мумкин. Битта мол ёки туяни етти киши номидан сўйиш, шерикларнинг ҳаммаси қурбонликни ният қилиши шарти билан жоиз. Қурбонликка аталган ҳайвон жиддий нуқсонли бўлмаслиги керак. Қанчалик соғлом ва кўркам бўлса, савоби шунча улуғдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Қурбон ҳайити намозига келдим. У зот (алайҳиссалом) хутбаларини тугатиб, минбардан тушдилар. Бир қўчқорни келтириб, қўллари билан сўйдилар ва: “Аллоҳнинг номи билан ва Аллоҳ учун. Аллоҳ, бу мен ва қурбонлик қилмаган умматим номидан”, дедилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий).

Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолога бандалик нишонаси, фидокорлик рамзи, фазилатли ва савобли амал ҳисобланади. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотимага (розияллоҳу анҳо): “Қурбонлигингга гувоҳ бўл. Унинг биринчи томган қони билан сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бу биз – аҳли байтга хосми ёки биз ва мусулмонларга умумийми?” деб сўради Фотима (розияллоҳу анҳо). У зот (алайҳиссалом): “Йўқ, барча мусулмонларга умумийдир”, дедилар”.

Қурбонлик қилинган ҳайвон гўшти, ёғи, териси ва бошқа нарсалар сотилмайди. Аммо киши уларни ихтиёрий равишда бошқа бировга бериши ёки оиласи учун ишлатиши мумкин.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз! Сўнгра (ҳожилар) кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар ва “Қўҳна уй” (Каъба)ни тавоф қилсинлар!” (Ҳаж, 28–29).

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири